Уюшма кутубхонаси ташкил этилди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошида кутубхона ва ўқув бурчагини ўз ичига олган маънавият хонаси фойдаланишга топширилди.

Ушбу маънавият хонасида журналистика соҳасига оид қўлланмалардан ташқари, олти юз донадан зиёд турли адабиётлар ўрин олган. Шунингдек, ўттиздан кўпроқ марказий газета ва журналларнинг ҳар бир сони билан танишишингиз мумкин, уларнинг электрон базаси ҳам шакллантирилмоқда.

— Яқинда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Агар кимдир, маънавият масаласи — бу фақат Маънавият маркази ёки те­гишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади”, дея таъкидладилар, — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов. — Биз муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ана шу йиғилишда билдирган фикр-мулоҳазалари, берган топшириқларидан келиб чиққан ҳолда ишни ташкил этишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Кези келганда шуни айтишим керак, айни пайтда ҳар куни уюшмамизга турли масала бўйича камида тўрт-беш нафар соҳамиз вакиллари ташриф буюради. Юртбошимизнинг тегишли қарори ижроси доирасида уюшмамиз ишининг жонланиши, ташкилотимизга аъзоликнинг тикланиши, уюшмамиз қошидаги кенгашлар фаолиятининг ривожланиши, қолаверса, мазкур маънавият хонасининг очилиши бу ерга келиб-кетувчилар сони янада кўпайишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Х. Салимовнинг сўзларига кўра, жорий йил мобайнида мазкур зиё маскани кенгайтирилади — битта катта хонада минглаб китоб фондига эга уюшма кутубхонаси ташкил этилса, яна бир шундай хонага марказий газета ва журналларнинг ҳар бир сони тахлами жойлаштирилади. Уларнинг ўртасидаги хона эса ўқув зали бўлади. Бир сўз билан айтганда, барча журналистларимиз учун эшиклари кенг очиқ уюшмамизда вақтни самарали ва фойдали ўтказиш, маънавий озуқа олиш учун яратилаётган қулайликлар кенгайиб бораверади.

Уюшманинг фаолият бошлаган кутубхонаси жавонидан ўрин олган китоблар билан танишар эканман, бу ерда ҳар бир ижодкор-журналист учун керакли бўлган китобларга кўзим тушди. Улар орасида ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан нашрга тайёрланиб, чоп этилган журналистика соҳасига оид ўн жилдли китоб, Сайди Умиров, Саъдулла Ҳакимов, Иброҳим Норматов, Қурбон Эшматов каби марҳум журналистлар, шунингдек, Фарида Усмонова, Жаббор Раззоқов, Абдусамад Исоқов, Шерзод Ғуломов, Муҳаммаджон Обидов сингари соҳа фахрий ва фаолларининг асарларини кўриш мумкин. Ҳарбий, интернет, спорт, ҳуқуқий журналистика каби соҳа йўналишларига доир қўлланма ва маънавиятни юксалтиришга хизмат қиладиган бир-биридан қизиқ бадиий адабиётларнинг жамлангани эътиборга молик.

— Уюшма ўз кутубхонасини ташкил этаяпти, деган гапни эшитиб, тўғриси жуда хурсанд бўлдим, — дейди фахрий журналист Жаббор Раззоқов. — Бу – хайрли иш. Кутубхонага ўзимнинг “Ватан қадри”, “Умр бир қўшиқ” номли китобларимни туҳфа қилдим. Тадбирда қатнашган Зулфия Мўминова, Искандар Раҳмон, Ислом Усмонов каби ижодкорлар ҳам ўз китобларидан уюшмага туҳфа қилганидан суюндим.

Айтишларича, шу кунгача маънавият хонасига бир дона ҳам китоб тақдим қилинмаган. Ташаббус билан чиқилганидан сўнг зиёлилар, тегишли ташкилотлар раҳбарлари уюшмага ўнлаб адабиётларни совға қилган. Шу тариқа, олти юздан ортиқ китоблар йиғилган.

Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажидовлар иштирок этишди ва китоблар совға қилишди.

Зиёда РАСУЛОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × five =