Армиянинг нимаси яхши?
Уйда телевизор кўриб турувдик, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан эфирга узатилаётган кўрсатувларни кўриб, укам саволга тутиб қолди:
— Ака, армияга нега боргансиз?
— Бошқа эркаклар қатори юртимизни қўриқлаб, ўз бурчимни ўташ учун-да, укажоним.
— Мана, хизматдан келиб, журналистиканинг ҳам ҳарбий йўналишида ўқияпсиз. Сизга ҳарбийликнинг нимаси ёқади ўзи? Шахдам қадам билан юришларими ёки қўлга қурол олиб ўзларини қаҳрамондек тутишларими?..
Укамнинг бу саволлари мени ўйга толдирди. Укам айтганидек, ростдан ҳам хизматга борган илк вақтимда сафда шахдам қадам билан юриш ва ўзимга қурол бириктирилишига жуда ҳавасманд эдим. Қасамёд қилдик. Ҳар биримизга қурол бириктирилди. Ҳарбий полигонга кўп маротаба ўқ отиш машғулотларига ҳам бордик…
Укамга ётиғи билан тушунтира бошладим.
— Ўзимизга бириктирилган қурол билан ҳар куни постга чиқардик. Сафни-ку айтмай қўя қолай. Эрталабки кўрик, нарядлар алмашуви, постларга тарқатув, овқатланишга бориш, кечки сайр хуллас армияда ҳамма нарса саф билан. Бундан ташқари, армияга ҳамда ҳарбийларга бўлган ҳурматимни оширган бошқа бир жиҳат бор.
Хизматнинг бошида бўладиган саф тайёргарлиги, қўл жанги машғулотлари, жанговар тайёргарлик жараёнида талаб даражасида уддалай олмаган айрим қуролдошларимизни деб бир нарсани қайта такрорлайвериб, хуноб бўлиб кетардик. Айниқса, тезкор чақирув сигналлари бўйича шуғулланаётганимизда уларнинг дастидан бутун бўлинма балога қоларди. Аскарлар ётоқхонасида тартибсизлик бўлса ҳам взводдаги барча бирдек жазоланар эди.
Албатта, бу ҳеч биримизга ёқмасди. Нима учун биз бошқаларнинг хато ва камчиликлари учун жавоб беришимиз керак, деб ўз ёғимизда қовурилардик. Командирларимиз эса армияда мен деган тушунча йўқ, ҳамма нарса азалдан жамоавий бўлиб келган, бундан кейин ҳам шундай бўлади, деб уқтиришарди. Кунларнинг бирида ҳарбий қисмимиз командири подполковник Исроил Юнусов биз билан суҳбати давомида айнан шу тўғрисида гапирди:
— Аскарлар, биз сизларни нима учун жамоа бўлиб қурол тутишга ўргатяпмиз? Бир аскарнинг хатоси учун нега ҳаммани жазолаяпмиз? Чунки армия занжир, унинг ҳар ҳалқаси бир аскардир. Жангда бир жойда узилиш бўлиб, бир аскаримизни бой берсак, жуда катта йўқотишга учраган бўламиз. Душман битта нуқтадан ёриб кирса, қолган нуқталаримиз ҳам хавф остида қолади. Шу сабабли, ҳеч биримизда ҳеч қандай камчилик бўлмаслиги керак. Ана шунда биз мустаҳкам кучга айланамиз. Бирлашсак яна ҳам кучли бўламиз!
Подполковник Юнусовнинг сўзлари бизга жуда катта дарс бўлди. Ҳамма бир-бирига қандай машғулот бўлишидан қатъи назар яқиндан ёрдам берар, дўстларимиздан бирининг соғлиги ёмонлашса ёки туғилган куни бўлса, талашиб ўрнига нарядга тушадиган бўлдик. Ётоқхонадаги бирор тартибсизликни кўриб, “айбдор сафдан чиқсин”, дейилганида эса барча аскарлар бараварига олдинга чиқарди.
Ана шундай дамларда ўзимизда қандайдир енгиллик, қалбда эса илиқлик ҳис қилардик. Ёрдамга муҳтож сафдошимизга кўмаклашиш аскарий бурчимизга айланди. Агар кимдир ёрдам беришдан бош тортганини ёки била туриб билмасликка олганидан хабар топсак, қаттиқ изза қилардик. Бундай одам худди хиёнат қилган кимсадек афсус чекиб, кечирим сўрарди. Юриш-туришимизни кўрган фуқаролар тугул бошқа бўлинмалар ҳам бизга ҳавас билан қарарди. “Мана, ҳарбий биродарлик, баракалла”, деб мақташарди.
Мана, армиянинг нимаси ёқади менга! Қани энди жамиятимизнинг бошқа жабҳаларида ҳам шундай тартиб ўрнатилса. Ҳамма одам бир-бирига узвий боғлиқ эканлигини теран ҳис қилиб, ўзаро ёрдамлашиш фақат ҳарбий бурч эмас, инсонийлик бурчи эканлигини англаса. Укам бу гапларимни тинглаб жим бўлиб қолди. Ва: “Ака, мен ҳам ҳарбий соҳада ўқисаммикан-а”, деди.
Камолиддин РЎЗИМАТОВ,
ЎзЖОКУ ҳарбий журналистика йўналиши талабаси