“Мен уйга қайтдим, ўғлим!”

Янги йил остонасида турибману ортда қолган йиллар кўз олдимда айланади.Озодликдан айро ўтган олти йилни уйимиз тўридаги менинг жойим ва болаларимнинг бағри бўшаб қолганини ҳис қилиб ўтказдим. Ўғлим Абдулазиз ҳар янги йилда қорбободан совға эмас, менинг келишимни сўраганини эшитиб, ўзимни қаерга қўйишни билмай қолардим, — дейди Жамолиддин Саидаҳмедов.

Маҳкумликдаги одам учун оила бағрида бўлишдан ортиқ бахт, озодликдан ширин сўз йўқ дунёда.

Давлатимиз раҳбарининг Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан, Фарғона вилоятидан 5 нафар юртдошимиз муддатидан олдин озодликка чиқди, шунингдек, шу вилоятлик яна 4 нафар маҳкумларнинг жазо муддатлари қисқартирилди.

Қўштепа тумани, “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Жамолиддин Саидаҳмедов ҳам афв этилганлар қаторида оиласи бағрига қайтди. У тақиқланган оқим ғояларини тарғиб қилгани учун 2015 йили 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Бугун унинг орзулари ушалди.

У яна оиласи бағрида. Ахир, уй атрофида чопиб юрган набиралари ҳақида тўрт девор орасида яшаган пайтларда эшитган эди. Шундан буён кўнгилдаги орзиқиш, унга тинчлик бермасди…

— Жазони ўташ давомида инсоннинг бахти оиласи бағрида хотиржам яшаш эканлигини чуқурроқ тушуниб етдим. Туну кун хаёлим оиламда бўлди. Болалар қандай ўқияпти, уларнинг қорни тўқ, усти бутми, касал бўлиб қолмадимикин, деб ўйлайвериб ҳаловатим бўлмасди. Озодликдан маҳрум бўлиш бу — чегарасиз соғинч дегани экан. У сенга дунёнинг ранги, овқатнинг таъми, уйқунинг ҳаловатини унуттиради. Ҳар сафар уйдан хат келганида фарзандларимнинг омонлигини ўқиб, ўзимни овутардим.

Бу симтўрли деворлар менга сабр сўзининг маъносини англатди. Виждонимнинг чорловини тингладим. Қизимнинг исмини айтиб уйғонган адоқсиз кечаларда шукр қилишни ўргандим. Колония раҳбари чақириб, афв этилганимни айтганида, ишонасизми, юрагим ўзимники бўлмай қолди. Ҳа, мени кечиришди, менга ишонч, имкон беришди. Ҳар доим оилам бағрига қайтсам, қолган умримни бой берилган имкониятлар ўрнини тўлдиришга сарфлайман, деб ният қилганман. Жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман ва берилган имкониятдан оқилона фойдаланиб, билдирилган ишончни ўзимнинг ҳалол меҳнатим билан оқлайман, — дейди Жамолиддин ака қувончдан намланган кўзларини яшириб.

Синовлар инсонга бардош ва қаноатдан сабоқ бериши рост. Маликахон ўтган йилларда фарзандларига суянчиқ, умр йўлдошига мададкор бўлди. Рўзғорнинг камини игналаб тўлдирди. У тиккан кўйлакларнинг донғи Қўштепага ёйилган.

— Болаларимнинг: “Дадам қачон келади?” — деган саволаридан қочиб яшадим, — дейди Малика опа рўмолининг учи билан кўз ёшларини артиб. — Кечалари дарвозани қулфладимми, деб хавотир ичида қайта-қайта ташқарига мўралардим. Шукрки, бу афв оиламизнинг қўрғони, қуёшини бағримизга қайтарди.

Жамолиддин аканинг қўлида гулдек ҳунари бор. У тиклаган уйларнинг соҳиблари устанинг ҳақига ҳамиша дуодалар. Қишлоққа қайтибоқ, икки ўғлини ёнига олган уста эшик, ром ясаш ишларини бошлаб юборди. Жамоллиддин ака келаси йилдан имтиёзли кредит олиб, мебель ишлаб чиқариш цехи очиш ва беш нафар маҳалла ёшларини иш билан таъминлашни мақсад қилган.

Хато қилган ҳар бир маҳкум борки, улар ҳам мана шу элнинг боласи. Адашганни афв этишнинг ҳикмати эса ҳаётда билиб-билмай қоқилган инсонга тўғри йўлни топиб олиши учун улкан имкониятдир. Қолаверса, унинг замирида халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик каби улуғ фазилатлар мужассам.

Қувонарлиси, Абдулазизнинг энди Қорбободан сўрайдиган совғаси бошқа. У кўнглига туккан беғубор тилакларини янги йил куни ҳаммамизга маълум қилмоқчи…

Дилшода Эргашева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + six =