Ишлаган даври нега ҳисобга олинмади?

Қизиқ, негадир юқори ташкилот аралашмаса, қуйи бўғин беўхшов ҳаракат қилаверади. Нега ўз вазифасини виждонан бажаргиси келмайди? Сиз ҳам англадингиз, албатта, фуқародан илинж кутган, нимадир ваъда қилишини иштизор бўлиб кутган. Аммо…

 

Қўқон шаҳар, Чинобод кўчаси 8-уйда яшовчи фуқаро Кадир Юлдашев ёшга доир пенсияга чиқмоқчи эканлиги, лекин ишлаган даври пенсия тайинлашда ҳисобга олинмагани учун амалий ёрдам беришни сўраб, Қўқон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилди.

Ўрганиш жараёнида, аввало, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қўқон шаҳар филиали мутасаддилари фуқаро К.Юлдашевдан зарур бўлмаган қўшимча маълумотномалар талаб қилгани аниқланди.

Қолаверса, Фарғона вилоят Архив иши ҳудудий бошқармаси Қўқон шаҳар давлат архивининг маълумотномасига кўра, К.Юлдашевнинг 2000 йилдан 2011 йилгача ишлаган даври асоссиз равишда пенсия тайинлашда ҳисобга олинмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 81-моддаси биринчи қисмида меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланиши белгиланган.

Алал-оқибат иш судгача бориб етди. Хўш, натижа-чи? Суд бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қўқон шаҳар филиалига фуқаронинг қарийб 11 йиллик ишлаган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбуриятини юклади. Бунга энди нима дейсиз?

Ё Қўқонда қуйи ташкилотларнинг бошқа қиладиган иши йўқми? Ҳар қандай ножўя иш коррупцияга олиб боришини, столига тирсагини тираб, қошини кипригига тушириб олган мутасаддилар буни қачон тушуниб етишар экан?

Ў. ИСАҚОВ,

Қўқон шаҳар адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + twenty =