Эркин сўз айтиш фикрати уйғонди

Президентимизнинг ўтган йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини халқимиз зўр иштиёқ билан эшитди, бутун дунё жамоатчилиги эътибор билан кузатди.

Мана, 2020 йил ҳам ортда қолди. Мамлакатимиз раҳбарининг кенг қамровли нутқидан ҳаё­тимиздаги бирор-бир соҳа, тармоқ четда қолгани йўқ. Ушбу катта анжуманда иштирок этиб давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасини диққат билан эшитар эканман, қатнашчиларнинг нечоғли оғир кечган 2020 йилда юртимизда амалга оширилган улкан ишлар сарҳисобидан, янги 2021 йил давомида амалга оширилиши режалаштирилаётган эзгу вазифалардан диллари ёришиб кетганининг гувоҳи бўлдим.

Дарҳақиқат, нечоғли синовли кечган бўлса-да, 2020 йилда ҳам мамлакатимизда ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида узлуксиз фаолият давом этди. Янги саноат корхоналари барпо этилди. Янги иш ўринлари яратилди. Республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар жаҳон бозорида юқори баҳоланмоқда. Шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорлик тизимини такомиллаштириш, қувватини ошириш ҳисобига ички бозорни кундалик эҳтиёж маҳсулотлари билан тўлдириш ишлари тўхтаб қолмади.

Президентимиз Мурожаатномасида: “Пандемия жаҳон иқтисодиёти учун – шунга эътибор беринг – ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтирмоқда. Бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллионта иш ўрни йўқотилган”, деди. Бундай оғир ва қалтис вазият дунё халқларининг хотиржамлигини, тинчлигини бузгани ҳақиқат. Давлатимизда эса олиб борилган ишончли чора-тадбирлар туфайли синовли дамлар нисбатан енгил ўтмоқда. Одамларда эртанги ёруғ кунга ишонч руҳи сақланиб қолаяпти.

Албатта, бундай оғир шароитда аҳолининг банд­лигини таъминлаш, эзгу юмушларга йўналтириб туриш, бажараётган вазифасидан рози қилиш аҳоли орасида руҳан тетикликни ва мустаҳкам иродани тарбиялайди.

Бундан ташқари, ҳудудларда бозор иқтисо­диётининг замонавий тизимига ўтиш ишлари ҳам ривожланиб борди. Гарчи аввалида айрим одамлар орасида янги тизим — кластер баъзи тушунмовчиликларни келтириб чиқарган бўлса-да, бора-бора ўз маҳсулотини дунё бозорига олиб чиқишнинг энг қулай ва осон усули эканлигини тушуниб етишди. Ўтган йил наинки, саноат ишлаб чиқаришида, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини четга экспорт қилиш ҳажми бир неча баробарга ортди. Мурожаатномада таъкидланганидек, пандемия шароити таъсирига қарамасдан, 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилинган.

Кўрилаётган чора-тадбирларнинг асл моҳиятида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, бозорларимизни керакли кундалик эҳтиёж моллари билан тўлдириб бориш сингари масъулиятли вазифалар бор.

Албатта, бугунги глобал тараққиёт даврида ҳар қандай ютуққа илмий ёндашувсиз эришиб бўлмайди. Бу борада мамлакатимизда ўсиб келаётган ўқувчи-ёшларнинг таълим-тарбиясига, ўқиш, ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кейинги йилларда ўқитувчиларнинг обрўсини янада кўтариш, жамиятда устоз деган номга, муносиб мавқега эга бўлишлари йўлида бир қанча ишлар амалга оширилди. Ўқитувчиларнинг иш ҳақлари оширилиб, уларни уй-жой билан таъминлаш ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланишлари учун қулайликлар яратилди. Мурожаатномада: “Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши керак”, дейилди.

Шунингдек, Президентимиз: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, деди.

Мамлакатимиздаги мактабларда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ишлари бош­лаб юборилган. Энг биринчи навбатда, ўқитувчиларнинг иш соҳасига ёндашишларида олаётган иш ҳақи етарли бўлмай, бошқа юмушлар билан чалғиб қолмасликлари учун уларнинг ойликлари икки баробарга оширилганди. Эндиликда Мурожаатномада бир вилоятдан иккинчи вилоятга бориб ишлаётган ўқитувчилар иш ҳақи 100 фоиз ёки ўзи яшаётган тумандан бошқа тумандаги таълим даргоҳига бориб ўқувчиларга дарс бераётган ўқитувчилар маошига 50 фоиз устама белгиланиши айтилди.

Таълимга қаратилаётган бундай эътибор Янги Ўзбекистонни барпо этишда, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда ўта муҳим аҳамиятга эга. Келажакни эса илмли, етук кадрлар нурли қила олади.

Президентимиз Мурожаатномада Оммавий ахборот воситаларига ҳам катта эътибор қаратиб: “Навбатдаги муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга, жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга барча даражадаги раҳбарларни даъват этиб, ундаб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Улар том маънода “тўртинчи ҳокимиятга” айланиб бормоқда.

Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу — давр талаби, бу — Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби”, — дея қатъий таъкидлади.

Шунингдек, “Бундан буён ҳар бир давлат органи ўз кундалик фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур ва шарт”, деди мамлакат раҳбари.

Эндиги вазифа нимада? Президент талаби юртимиз ҳаётида ўз аксини топишида, албатта. Ахир, матбуотдан ўзини олиб қочадиган раҳбар нафақат қўрқоқ, балки эртаси йўқ кимсадир ҳам.

Маълумки, Президентимиз ўсмир-ёшларни етук инсонлар бўлиб вояга етишига, жамиятнинг етакчи, жонфидо аъзоси бўлишига доимо ғамхўрлик қилиб келмоқда. Бу галги Мурожаатномаларида ҳам ёшлар масаласига алоҳида тўхталдилар. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Мурожаатномада: “Буюк мутафаккир шоиримиз Мир Алишер Навоий ўз даврида ёшларга мурожаат қилиб, “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт”, деб ёзганлар. Чиндан ҳам, одамларга қуёшдек беминнат нур таратишни, яхшилик қилишни истайдиган инсон, камолотга интилиб, турли илм ва касб-ҳунарларни ўзлаштириши лозим”, деди Президентимиз.

Бунинг учун, мамлакатимизда ўсмир-ёшларнинг илм сирларини ўқиб-ўзлаштириши, ўзлари истаган касб эгаси бўлиши учун барча шароитлар яратилган ва яратилмоқда. Мурожаатномада бу йил қўшимча равишда яна 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлаши, шу­нингдек, физика бўйича Аҳмад Фарғоний номидаги халқаро фан олимпиадаси ташкил этилиши айтилди.

Ёшларга билдирилаётган юксак ишонч, албатта, келажакда ўз маҳсулини беради. Президентимиз Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида: “Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида юксак қадрлайман”, деган эди.

Зеро, халқимизда: “Ёшликда олган билим тошга ўйилган нақшдир”, деган мақол бор. Ёшларнинг шижоатини, куч-ғайратини илм олиб, касб эгаллашга сафарбар этиш келажакда улар орасидан дунё илмига муносиб ҳисса қўша оладиган улуғ олимлар етишиб чиқишига замин яратади.

Президентимиз томонидан 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилишини таклиф этди. Албатта, бунда ҳозирги пандемия шароитида, биринчи навбатда, аҳоли саломатлиги қанчалик муҳим масала бўлса, янгиланаётган юрт истиқболини яратиш ёш авлодга эътибор биланлиги кундай равшан ҳақиқатдир.

Яна шуни ҳам айтиш керак, бу йил мамлакатимиз мустақилликка эришганига 30 йил тўлади. Тарихан катта сана бўлмаса-да, ўтган йиллар Ўзбекистон учун улкан эврилишлар, юксалишлар, энг муҳими, дунё билан бўйлашишга лойиқ салоҳиятли давлат барпо этишда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтади.

Юртбошимиз 2021 йилда давлат мус­тақиллигига 30 йил тўлиши муносабати билан: “Албатта, бу тарихий санани сиз, азизлар ва бутун халқимиз билан биргаликда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қиламиз”, дея ишонч билдирди.

Бу ёруғ ишонч, улуғ саодатли кунлар меҳнаткаш ва танти элимизга эш бўлсин!

Юсуф ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − fifteen =