Матбуотдан безор миллат эмасмиз!

Болаликнинг кўзлари катта бўлади дейишади. Ичидаги хотиралар эса ундан ҳам каттадир. Болалигимни ўйласам, қишлоғимизда жимгина, кўчама-кўча газета ва хат ташиб юрган Абдушариф почтачини кўп эслайман, кўзларим ёниб эслайман. Чунки ҳар куни унинг йўлини мендай зориқиб кутадиган одам йўқ эди. У ҳам   мени ташналик билан газета ўқишимни билар, газета ва журналларни шунчаки эшик тутқичига эмас, албатта қўлимга тутқазарди. Қолаверса, устозим Матназар Абдулҳакимдан келадиган хатлар почтачининг йўлига нигоронлигимни янада оширарди. Хуллас, почтачи мен учун ёруғликнинг, баландликнинг, тоза ҳавонинг одам шаклидаги кўриниши бўлган. Ҳатто Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжонга “Сизда китобга қизиқиш қандай пайдо бўлган” деб савол берганимда “Отам почтачи эди. Уйимизга ҳар куни газета-журналлар келарди ва мен шуларни ўқиб катта бўлганман” деб жавоб берганди.

Қор-ёмғир демай кўчамизга кириб келадиган поч­тачининг катта хуржунини яхши кўрардим. Чунки у газета ва журналларга, хатларга лиқ тўла бўларди. Яширмайман ва мақтанмайман ҳам: қиш­лоқдаги энг кўп газета-журнал бизнинг хонадонга келарди: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Саодат”, “Фан ва турмуш”, “Муштум” ва бундан ташқари бир нечта маҳаллий газеталар. Отам шофёр, онам уй бекаси бўлган. Лекин битта оддий ўзбек хонадонига 10 тача газета – журнал бемалол, оғринмай кириб келарди. Отам, ё онам обуна бўлмаслик ҳақида ўйлашмасди, ҳатто. Бу биз учун одатий ҳаёт тарзи эди. Баъзан ўйлаб қоламан, онам ҳеч қачон моданинг ортидан қувмаган, атиги битта кўйлаги бўларди. Лекин газета ва журналларга ҳар йили муттасил   обуна қиларди бизни.

Энг муҳими, улар оиламизда қўлма-қўл ўқиларди, номаъқул жо­йини топиб кетмасди. Бугунги кунда оиладаги ҳаммамизнинг олий маълумотли бўлиб, эл корига яраётганимизнинг бош сабабини ўша газета ва журналларнинг кучида деб биламан. Матбуот сабаб ўқишга, мутолаага иштиёқ пайдо бўлган ва қалбимиз уйғонгани аниқ.

Хўш, ҳозир-чи, деган савол бош кўтаради. Менинг ота-онам-ку оддий одамлар бўлишган, ўқиган, зиёли одамларнинг уйига шу газета-журналларнинг учдан бир қисми бўлса ҳам кириб бораяптими? Баъзан оғир ўйлар чарчатади: биз ўқимайдиган, матбуотдан безор миллат бўлишга қачон улгура қолдик? Газ йўқ, свет йўқ, интернет йўқ бўлган Робинзоннинг кимсасиз оролида яшаётган одамларимизни “мажбурий обуна” деган бемаза сиёсат билан қаерга бошлаб боряпмиз ўзи? Ахир бу мутолаасизликнинг, маърифатдан узоқликнинг узоққа бормайлик яна беш йиллардан сўнгги натижаси нима бўлади? Матбуотдан узилиш, маърифатдан узилиш-ку, ахир. Бу юрагимнинг оғриқ нуқталари, бироқ асосий гапим буларгина эмас, мен почтачилар ҳақида ҳам гапирмоқчиман.

Бугунги авлодларнинг қанчаси бугун почтачи деган касб борлигини билади? Бора – бора болаларимизда уруш ҳақидаги кинолар орқали(уни ҳам томоша қилишса, албатта) почтачи дегани урушдан келган оқ ва қора хатларни тарқатувчи   касб эгаси деган тушунча пайдо бўлмайдими? Ахир қишлоқнинг ўйдим-чуқур, итли-итсиз – ҳамма кўчаларига кириб, уйма-уй юриб одамларга зиё улашган, энг қайноқ ҳисларимиз тўкилган мактубларни элтган, жўнатма(посилка)лар билан ҳаммани хушнуд этган бошли-кўзли бир касб таг томири билан йўқ бўлиб кетяпти-ку. Биз эса жиммиз. Жимлигимиз қўрқинчли бўлса ҳам жасурдай тутамиз ўзимизни.

Эсимда, кунларнинг бирида Абдушариф почтачи запорожец (аслида велосипедда юрарди) машинасини учириб ҳайдаб, уйимизга кириб келди. Ҳаммамиз бу шиддатдан нимадир рўй берганлигини илғадик. Синглим ўқишга кирган экан, Тошкентдаги акам буни телеграмма орқали хабар қилибди. Бировнинг шодлигидан шодланиш, уни етказишга шошилиш, бу зиёли инсоннинг аъмолидир. Тошкентдан келадиган катта – катта бандерол қилиб жўнатилган китобларни ҳам айнан Абдушариф почтачи сабаб қўлга киритганман.   Кейинчалик Москвада Олий Адабиёт курсида таҳсил олдим, Американинг Айова штатида дунёнинг 35 мамлакатидан келган шоир-ёзувчилар олдида ўзбек адабиёти бўйича маърузалар қилдим. Бироқ ҳар қандай муваффақиятимда ўша оддийгина почтачининг ҳам ҳиссаси борлигини бир сония бўлсин, унутмадим.

Биз обуна, одамларнинг газета ва журналларни ўқимай қўйгани ҳақида кўп гапирамизу, бироқ бунга элтар йўлларни чақиртиканаклар босиб ётганлигини ҳамиша ҳам ёдда тутавермаймиз. Чунки аниқ эсимда, ўшанда бирорта газета-журнали кечикмай ёки йўқолмай обуначининг қўлига етиб борарди. Мисол учун, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳар жума куни чиқар ва ўша куннинг ўзидаёқ қўлимга келарди. Хўш, бугун-чи, бугун ҳам “Ўзбекистон почтаси” деган тизим бор. Бироқ нега бугун матбуот ўз эгасини топиб боролмаяпти, қайсидир туллакнинг жиғилдонида ҳазм бўлиб кетяпти? Нега, жойларда почтачи деган касб эгаси олдингидай, биз нафратланадиган шўро давридагидай фаолият олиб бора олмаяпти? Газета ўқимаса, журнал варақламаса, ки­тобга муккасидан кетмаса, радио эшитмаса – бу кабилар билан биз қайси ва қандай келажакни қуриш ҳақида орзуларга берилиб гапиришимиз мумкин?

Менимча, аввало,   “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ жиддий ислоҳга муҳтож. Бу ҳақда Президентимизнинг “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2020 йил 11 декабрь куни чиққан эди. Биз халқимизни зиёли, маънавий ямоқларсиз кўришни истар эканмиз, аввало, жойлардаги почта хизматларини яхшилашимиз, почтачи вазифасини ўз эгаларига қайтариб топширмоғимиз керак. Халқимизнинг севимли киноси “Суюнчи”да Анзират бувини “Қишлоғимизнинг виждони эди” деб аташади. Инчунин, бу таққос почтачиларга ҳам дахлдор десак эҳтимол хато бўлмас. Зеро, почтачилар миллат қалбини уйғотувчи касб эгалари эканлигини бугунги авлод ҳам билсин! Шунинг баробарида почтачи келтирган газета ва журнални ўқишнинг тоти айрича эканлигини ҳам ҳис қилишсин! Зеро, бўладиган миллатнинг келажаги почтачининг хуржунидадир!

Афсус, минг афсуслар бўлсинким, бугун қарийб 34 миллион халқ яшайдиган уйларнинг неча фоизига маънавият даракчилари — газета ва журналлар кириб боряпти? Буни ҳеч ким билмайди. Бутун бошли тумандаги минг-минг хонадонларнинг ақалли биттасига, биргинасига икки-учта газета боряптими?

Муҳтарам Президентимиз ўтган йили Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган байрам тадбиридаги нутқида ҳамда 29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида матбуот нашрларининг жамият ривожига, айниқса, ўқитувчилар учун нақадар керак эканлигини алоҳида таъкидлаган эди. Аммо Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари бу таъкидга ҳали-ҳануз амалий жавоб беришгани йўқ. Амалий жавоб қилишганида эди, юртимиздаги мавжуд 10 мингдан зиёд мактаб­ларга 1 нусхадан борганда ҳам, мамлакатимизнинг бугунги асосий нашрлари адади 2-3 минг нусхада чоп этилмаётган, ҳеч бўлмаганда 10-15 минг чиқаётган бўлмасмиди?!

Гўзал БЕГИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 13 =