Васвасагин! Ёхуд айрим омади юришган бойваччалар ҳақида

Аслида ҳамма давр ва замонларда ҳам мушоҳадага ундовчи, дунёқарашингизни тиниқлаштириб, нигоҳингизни теранлаштирадиган санъат асарлари юқори баҳоланган. Ҳалоллик, бағрикенг­лик, саховатпешалик каби умуминсоний фазилатлар улуғланиб, бойликка ружу қўйиш, хасислик, ўзбилармонлик каби чиркин иллатлар доим қораланган. Аммо минг афсуски, бугун инсон пулни эмас, балки пул инсонни бошқариб, унинг кўзини шамғалат қилаётгани ачинарлидир.

Маълум бўлишича, австриялик рассом Густав Климтнинг 1907 йилда чизилган “Олтин Адел” ёки “Австрия Мона Лизаси” деб аталувчи картинаси дунё аукционларида 135 миллион долларга сотилган. Испан рассоми Пабло Пикассонинг “Трубка кўтарган бола” картинаси эса 104 миллион 100 минг долларга баҳоланган экан.

Ҳа, дунё кимошди савдоларини кузатсангиз, ноёб буюмлар, инжа санъат асарларидан тортиб, “антик­вар” ашқол-дашқолларнинг ақлга сиғмас нархларини кўриб ёқа ушлайсиз. Оддийгина мисол, баҳоси 22 миллион доллар бўлган америкалик дунёга машҳур қўшиқчи Майкл Жексонга тегиш­ли ранчо, 50 минг долларлик Сталиннинг блокноти, 31,8 миллион долларга баҳоланган АҚШдаги динозавр склети…

Албатта, юқоридаги ҳолатларни тушунса бўлади. Масалан, битта картинани оламжаҳон пулга сотиб олган бойваччани “Санъатнинг чинакам шайдоси экан-да, қандини урсин!” — дейиш мумкин. Ҳатто ўзимизда ҳам кўплаб юртдошларимиз “кимошди” савдоларида иштирок этиб, “пулнинг юзига қарамай” сотиб олишмоқда. Лекин…

Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил 4 июндаги “Жисмоний ва юридик шахсларга автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича беришда “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖ ахборот тизимида аукцион ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилиниши билан савдо тизимида авторақамлар онлайн сотувларининг кес­кин ўсиши кузатилди.

Интернет саҳифаларига кўз югуртирсангиз, “Онлайн аукционда 3 миллиард сўмлик “чиройли” авторақамлар сотилди”, “Онлайн аукционда 4,5 миллиард сўмлик “чиройли” авторақамлар сотилди”, “Ўтган ҳафтада 2,4 миллиард сўмлик автомобиль рақамлари сотилди”, “Аукционда “чиройли рақам” 50 миллионга сотилдими?” каби хабарларни ўқиб, ҳайрону лол бўласиз.

4 дона “777” чиройли авторақамлар қарийб 350 миллион сўмга сотилганини эшитгандик. Бир неча ҳафтадирки, ижтимоий тармоқларда муҳокамалар марказида турган қарийб 600 миллион сўмлик “30 Z 777 ZZ” авторақами ҳақида, уни сотиб олган одам ҳақида не дейишга очиғи, тил ожиз…

Мазкур авторақам ўтган йил 14 декабрь куни савдога қўйилиб, бош­ланғич нархи 111 миллион 500 минг сўм (бошланғич баҳонинг “сув текинлиги”ни айтинг. А.А) этиб белгиланибди.

Жорий йилнинг 4 январида эса у 596 525 000 сўм (қарийб 60 минг АҚШ доллари)га баҳоланган. Ғолиб ҳали бунга қўшимча равишда 29 993 500 сўм воситачилик йиғимини ҳам тўлайди.

Ушбу олди-сотди юртдошларимиз томонидан қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

— Афсус! Шунча пул топиб, ақл топмаган каслар билан замондош бўлиб, бир ҳаводан нафас олаётганинга ачиниб кетасан. Ахир, бу пулларга қанча етим-есирнинг кўнглини кўтариш, оилавий шароити оғир оилаларга ёрдам бериш, чекка туманларда ўқувчилар совуқда зор қақшаб таълим олаётган мактабларнинг нечтасини таъмирлаш, ҳеч бўлмаганда, бир-иккита қишлоқни ичимлик суви билан таъминлаш мумкин эди. Ахир, эшакнинг тўқимини алмаштирсанг, у гижинглаган тулпор бўлиб қолмайди-ку! Йўқ, бу гаплар бефойда — қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор? — дейилади ижтимоий тармоқлардаги муносабатларнинг бирида.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2021 йил 1 январь сонида эълон қилинган устоз журналист Аҳмаджон Мелибоевнинг “Синовли кунларда улғайган халқмиз” сарлавҳали мақоласида эса “…Пандемия пайтида дунё бойларининг шахсий маблағи 2 триллион долларга кўпайгани айтилади, турли мамлакатларда эллик нафар янги миллиардерлар пайдо бўлган. Кимнинг ва ниманинг ҳисобига? Коронавирус туфайли жаҳон иқтисодиёти ҳар куни 400 миллиард доллар зиён кўраётган бир пайтда, шунча бойлик қаердан келди? Бойлиги тинимсиз ортаётганларни билдик, аммо иш жойидан, тирикчилик манбаидан жудо бўлганларнинг ҳисоби борми? Эндиликда уларнинг аҳволи қандай кечади?” Шубҳасиз, бу фикрлар ҳар бир имонли кишини инсонийлик ҳақида ўйлашга мажбур қилиши табиий.

Хўш, авторақамлар аукционидаги миллиардлаб пуллар қаердан келяпти, ахир, дунёнинг кўпгина гегемон давлатлари инқироз ёқасига келиб қолган, айрим халқлар бир бурда нонга зор бўлиб кун кўраётган пандемия даврида яшаётган бўлсак. Бу пайтда баъзи бир одамларнинг миниб юрган автомобилининг нархидан ҳам қимматга авторақам сотиб олиши, ортиқча дабдабаю асъасага муккасидан кетиши са-ал ғалатироқ эмасми?..

Эътибор қилинг, Рес­пуб­лика товар-хомашё биржаси маълумотига кўра, ўтган   йилда энг қиммат авторақам қиймати 206 миллион 700 минг сўмни ташкил этган. Шунинг­дек, синовли ва йўқотишларга бой бўлган 2020 йилда онлайн-аукционлар орқали 262 миллиард 600 миллион сўмлик 106 мингдан зиёд авторақам сотилган. Пандемияга қарамай, авторақамлар сотуви сон жиҳатдан аввалги йилдагига нисбатан 2,6 баробарга, ҳаж­ми бўйича эса 71,2 фоизга ўсган…

Нима ҳам дердик, қойил!

Самарқанд вилояти Ички ишлар бош­қармаси Ахборот хизмати ходими: “Z 777 ZZ авторақамини сотиб олган фуқаро самарқандлик. Аммо биз унга авторақам сотиб олиши учун пулни ким берганини билмаймиз. Ушбу фуқаронинг исм-фамилияси ўзининг рухсатисиз ошкор қилинмайди. Лекин у Аҳад Қаюм эмас”, дея маълумот берган.

Албатта, қарийб ярим миллиард сўмдан зиёдроқ маблағ сарфлаб, автоуловига “номер” сотиб олган шов­возга бир нарса деёлмайсиз. Пул топибдими, нима учун харж этиши унинг иши. Лекин… барибир, кўнгилдан турли ўй-у мушоҳадалар ўтади-да.

Бундай ўзибўларчилик, кибр ва мақтанчоқлик ортида нима бор? Юз миллионлаб маблағни ҳеч иккиланмай ўз орзу-ҳаваси учун совураётган бу кимсалар бошқа бировга яхшилик қиладими, қила оладими? Қачонки, юқорида айтганимиздек, бирор санъат асарини асраб қолиш ёки савоб иш учун катта маблағдан воз кечилса, эҳтимол янада яхшироқ бўлмасмиди, дейсиз.

Бир нечта рақам туширилган “бир парча темир”ни ақл шошадиган маб­лағларга харид қилаётган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам йўқ эмас, албатта: “Нима бўпти, пули бўлса, қандини урсин, ахир бюджетга пул тушяпти-ку!”.

Тўғри, бу пуллар давлат ғазнасига тушади. Лекин шу одам, яъни 600 миллион сўмга давлат авторақами сотиб олаётган мард, ушбу маблағини янада тўғри йўналтирса, айтайлик, бир кичикроқ корхона очса, унда 5-10 кишини ишли қилса, кўпроқ савобли, самаралироқ бўлмайдими?! Шунда ҳам давлат ғазнасига пул тушади-ку! Қолаверса, биз улуғ маънавият илдизларига эга халқмиз. Ҳатто бир умр муборак Ҳаж сафари учун пул йиғиб, аммо Ҳажга бормасдан, ана шу топган-тутган пулини камбағал, бечора бир қўшнисининг уйини тиклаш ёки бемор бирор инсоннинг шифо топишига сарф этган кишиларнинг авлоди эмасмизми?! Қолаверса, шундай саховатли кишилар ҳозир ҳам йўқ эмас-ку!

Албатта, ўзига тўқ, бой одамларимиз кўпаяётгани яхши. Бироқ юқоридаги гап: улар ҳашамат орқасидан қувиб, ўзини кўз-кўз қилишдан бош­қасига ярамаса, бу бизнинг фожиа­м­из эмасми? Халқимиз тўғри айтган экан. Инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин!

Абдулазиз АҲМЕДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 4 =