Маҳаллий амалдорларга бир савол: қачон халққа яқин бўласиз?

Тан олайлик, бундан тўрт йил олдин ҳаёт қанақа эди, одамлар қандай яшар эди? Эркинлик, очиқлик бормиди? Гап ўтганни ёмонлашда эмас, аксинча, борини айтишда. Сабоқ чиқаришда.

Президентимизнинг шахсий иродаси туфайлигина жуда кўп масалалар, халқимизни қийнаб келган юзлаб муаммолар барҳам топди. Юртдошларимиз эмин-эркин яшаш, ишлаш бахтига мушарраф бўлди. Биргина узоқ вилоятдан пой­тахтга келгунча, масалан, айтайлик, Сурхондарёдан Тошкентга машинада келгунингизча, лоф бўлса ҳам, 15-20 та жойда текширувдан ўтиларди. Ҳатто вилоятнинг ўзида, бир тумандан иккинчи туманга боргунингизча, икки-уч жойда “пост”лар ташкил қилинган эди.

Улар кимни ушлар эди, нимадан бунча хавфсирар эди? Ишонасизми, туманлар тугул секин-аста маҳалла-посёлкаларга ҳам йўлтўсар-шлагбаумлар ўрнатила бошлаганди. Ҳаммаси Юртбошимизнинг битта топшириғи билан барҳам топди. Энди бемалол, йўл қоидасини бузмасангиз, ҳеч ким билан бировнинг иши йўқ.

Ҳа, минг шукрки, очиқлик замони келди.

Оддий ойлик-маошни нақд пулда олиш масаласини айтинг, пластик картадан пул ечтириш масаласи-чи, кимларгадир 20-30 фоизини беришга мажбур бўлинарди.

Буларнинг бари кечаги кунимиз. Тўрт йил олдинги ҳаёт манзаралари. Президентимиз шу боис ҳамиша одамларни рози қилиш, халқ ичида бўлиш кераклигини таъкидлайдилар.

Аммо кўпгина маҳаллий амалдорлар ҳамон халқдан ўзини олиб қочаётганини ҳам айтишимиз керак. Бунинг устига ўша “йиллардан” қолган русум, маҳаллий ҳокимликлар, яъни туман, шаҳар ҳокимликлари, суд, прокуратура идоралари ўз ишхоналарини баланд қора панжаралар билан ўраб олишаётгани, ғалати эмасми?

Чунки, давлат аҳамиятига молик стратегик объектлар бўлса, тушунарли. Давлат қўриқхоналари бўлса, бошқа гап. Аммо одамлар ўз ташвиш-муаммолари билан бош уриб борадиган жойлар халққа яқин бўлиши керак эмасми? Айрим туман ҳокимликларига оддий одамлар тугул, ОАВ вакилларининг кириб-чиқиши ҳам осон эмас. Шу боис, ҳар гал   хизмат юзасидан   баланд   қора панжаралар билан ўралган   давлат идора ва муассасаларига борганимда панжара ортидаги   амалдорнинг қабулига   киролмай овво­ра-ю сарсон бўлаётган турнақатор   фуқароларни кўриб муҳтарам, Президентимиз   Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ   давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган бугунги ички ва ташқи сиёсатимиз мазмун-моҳиятини ўзида тўла   мужассам этган даъватлари эсимга келади.

Раҳматлик падари бузрукворим оддий чўпон — чорвадор эдилар. Бор-йўғи 7-синфни   битирганди. Кимдир ҳаётдан,   давлатдан нолиса, бир гапни   кўп такрорларди: “Давлат ва халқ — данакнинг пўс­ти ва мағзи, болам.   Битта-иккита одам   давлат ҳам, халқ ҳам бўлолмайди”.   Дарҳақиқат, давлатсиз халқни,   халқсиз   давлатни тасаввур этиб бўлмайди.

Ўтган йил октябрь, ноябрь ойларида Сурхон воҳасидаги бир қанча туман ва шаҳар ҳокимликларида бўлишга тўғри келди.

Сафаримизни Шерободдан бошладик. Темир панжара ёнидаги кириш жойига борганимизда ИИБ қоровуллик хизмати ходимлари: “Ҳужжатингиз? Ҳм-и, кимга кирасиз? Ҳа, бу масалалар бўйича   ўринбосарлари қабул қилади”, дейишди. Агар иложи бўлса, ҳокимга учрашимиз   зарурлигини айтдик. Аввалига: “Ҳокимнинг қабул кунига келинг”, дейишди. Сўнгра: “Ҳоким ҳеч кимни қабул қилмайди,   агар   сизни киритиб   юборсам, мени   ишдан ҳайдаб   юборишади”, деб ростини айтиб қўя қолишди. Ҳокимнинг телефонига қайта- қайта   қўнғироқ   қилдик, қани гўшакни   кўтарса?..

Нима ҳам дердик,   ниятимиз амалга ошмай, темир панжарадан   ўтолмасдан, Бойсун қараб   йўл олдик. Хуллас, қайси туман   ёки шаҳарга борманг, шу ҳол, шу манзара. Хўш, жойлардаги ҳокимликларда, давлат идора ва муассасаларида “тўртинчи ҳокимият” вакилларига   муносабат шундай экан, оддий фуқаролар қандай қилиб бу идораларга бош суқади? Маҳаллий раҳбарларга дардини қандай тушунтиради? Нега   улар ўзига бунчалик бино   қўйган, кибр ва манман,   фақат ўз гапини жуфтлайдиган?..

Шунда бир нарсанинг мо­ҳиятига етгандай бўлдим. Тўғриси, аҳоли томонидан интернетдаги ижтимоий тармоқларга ёзилаётган бўлар-бўлмас мурожаатларни шунчаки бекорчиликдан ёзишади, деб ўйлардим. Имоним комил бўлдики, даҳмазалардан безган одамлар оддийгина маҳаллада ҳал бўладиган муаммолари учун ҳам ижтимоий тармоқларга, Президент порталига ёзишга мажбур бўлишаркан.

Ҳазрат Муқимий айтганидек:   “Қилманг ёмон андишалар,   яхшилари ҳам бор экан”.   Музработ, Бандихон,   Сариосиё   туманлари ҳокимлари   қабулида бўлдик. Энг муҳими, улар бизнинг ташриф ва режамиздан хурсанд   бўлишди. Ҳатто, муҳим маслаҳатлар ҳам беришди.

Аслида гап   қайсидир   туман ёки шаҳар ҳокимининг   қабулига киришда эмас. Гап кундан-кунга қатъий урф бўлиб   бораётган рутубатли   қора панжаралар хусусида! Афсуски, қайси давлат идора ва муассасаси   жорий ёки   тўла таъмирга тушадиган бўлса,   албатта, 3-4 метрлик қора панжара билан ўраладиган бўлди. Янгитдан қуриладигани-ку, бўлса бўлмаса! Ахир, бу қора панжараларга республикамиз бў­йича сарфланаётган ноёб материаллар ва миллиард-миллиард сўм маб­лағлар амалдорнинг чўнтагидан эмас, давлат бюджетидан   кетаяпти-ку? Давлат хазинаси бу халқ мулки ва халқ ризқи. Агар буни   мамлакат бўйича ақчага   чақадиган бўлсак, тоғ бўлиб кетади-ку?

Анча йиллар аввал Сурхондарёнинг собиқ раҳбарларидан бири вилоят марказидаги “Болажон” боғи атрофидаги     ҳашамдор темир панжараларни олдириб ташлатганди. Бунга   ҳамма тасаннолар айтганди. Чунки “Болажон” боғига бобо ва момолар набираларини, ота-оналар   болаларини олиб кириши учун салкам 500   метр масофадан айланиб келишига тўғри келарди. Бундан ташқари, бу боғда биттагина кириш жойи бўлиб, кўпинча бекитилиб қўйиларди. Болалар боғи бўлса-да, қайсидир “тадбиркор” учун даромад   манбаи   эди. Сал   ўтмай     вилоят ҳокимлиги атрофидаги   жимжимадор   панжараларни ҳам кўчиртириб ташлаганди.

Аслида бундай панжаралар маҳаллий ҳокимиятларга,   фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда   манфаатларини ҳимоя қилувчи   идораларга   эмас, юқорида айтганимиздек, давлат аҳамиятига молик стратегик объектларга, қўриқхоналарга ёки қатъий белгиланган биноларгагина ўрнатилса, кифоя, эмасми?

 

Ўтган йил ёзда электр ҳақини тўлаш учун мажбурий   ижронинг   Музработ туман бўлимига бордим. Машинамдан тушмасдан   форма кийган бир йигит бақириб келди: “Бу ерда тўхташ, машина қўйиш мумкин эмас. Кўрмаяпсизми, тўхташни тақиқловчи белги қўйилган”. Нима қилиш керак, икки чақирим нарига   машинани қўйиб келсам, оёғим синган, қўлтиқтаёқда зўрға юрибман. Кўчанинг бошида ИИБ идораси, ҳақиқатан ҳам тақиқловчи белги   қўйилган. Ундан сўнг прокуратура, кейин суд, департамент, ҳаммаси баланд, совуқ панжара билан ўралган, қаерда тўхтасанг   ҳам дакки ейсан. Охири машинадан тушолмай, қайтиб кетишга мажбур бўлгандим. Мана сизга   ИНСОН   омили!

 

Ўйламанг, биргина Музработ туманида деб, деярли барча туманлар ва шаҳарлардаги амалдорларнинг   идорасида   шу аҳвол. Пой­тахтдан келган бир ҳамкасбимга ҳамроҳлик қилиб, бир-икки   маҳкамага бордик. Ортиқча   расмиятчиликдан қон бўлиб кетган бўлса   керак: “Нега бу идоралар, бу амалдорлар   бунчалик   зирхланган, худди “гестапо”дан қўрққандай!” — деб юборди. Расмиятчилик, сиёсат ўз йўлига, ҳамкасбим юрагининг туб-тубидан   чиққан бу нидода эртанги кунга ишонч   ва очиқ кўз билан қарайдиган   халқимизнинг, миллатимизнинг сасини   ҳис   қилдим. Бизни давлатимиз,   ҳукуматимиз, шонли Қуролли Кучларимиз кўз қорачиғидек ҳамма нарсадан ҳимоя қилиб турган бўлса, бунинг устига, ўз уйимиз,   ўз юртимиз, ўз элимизда бўлсак. Энди маҳаллий   амалдорларга бир ҳақли саволни беришга тўғри келади: бу эркин жамиятда биз нимани яширамиз, нимадан ва кимдан ўзимизни бунча ҳимоя қилиб қўриқлаймиз?!

Ахир маҳаллий ҳокимият, ИИБ, прокуратура, суд, мажбурий ижро, департамент, кадастр каби давлат идоралари ҳарбий завод, махфий база, танга ва қоғоз пул чиқарадиган зарбхона ёки ўта сир сақланадиган бирор лаборатория эмас-ку?!

Айниқса, маҳаллий давлат идораларини баланд қора   панжаралар билан ўраш, ортиқча ҳашамларга   кетаётган қурилиш материаллари ва маблағни энг чекка қиш­лоқлардаги мактаб ҳамда болалар боғчаларига, қабристонларга, маҳалла   йўлларига, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга сарфласак ҳам юртимиз, ҳам халқимиз учун фойдали бўларди. Агар юқоридаги маҳаллий идораларнинг маб­лағи ошиб-тошиб кетган бўлса, ходимларини ўзлари қизиққан журналга, газетага обуна қилсин ёки ўша   маҳкамада мўъжазгина кутубхона ташкил этсин. Бу Президентимиз илгари сурган ғоя­ларга, бугунги замон талабига мос ва хос бўларди.

Хулоса ўрнида яқинда муҳтарам Президентимизнинг Олий   Мажлисга   Мурожаатномасида алоҳида   таъкидланган қуйидаги сўзларни   яна бир карра эслатишни лозим   топдик: “Оммавий ахборот воситалари   мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга, жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва   жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга   барча даражадаги   раҳбарларни даъват этиб, ундаб   келаётганини алоҳида таъкидлаб   ўтмоқчиман. Улар том маънода “тўртинчи ҳокимият”га   айланиб бормоқда.

Аччиқ ва танқидий материаллар   жойлардаги кўплаб амалдорларга   ёқмаслиги, уларнинг тинчи ва ҳаловатини бузаётгани бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу — давр талаби, бу — Ўзбекистондаги   ислоҳотларнинг талаби”.

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =