Олижаноб одамлар орасида

Дунёдаги энг олижаноб инсонлар Ватан учун уриб турган, фидоликка шай бўлган юракларнинг эгалари бўлишса керак. Юртни севиш ва уни ҳимоя қилиш барча халқларнинг қон-қонига сингиб кетган хислатдир.

Мамлакат муҳофазасида, энг аввало, ҳарбий хизматчиларнинг, мудофаа тизими ходимларининг ҳиссаси жуда катта. Бу соҳаларда энг етук кадрларнинг фаолият кўрсатиши муҳимдир. Бугунги дунёнинг сиёсий вазияти, Тоғли Қорабоғдаги қонли урушлар, турли бузғунчи кучлар томонидан уюштириладиган қалтис вазиятлар, қолаверса, илгарироқ барчамизни ташвишга солган Фарғона вилояти Сўх туманидаги кўнгилсизликлар мудофаа ва хавфсизлик борасида сергак бўлиш кераклигини кўрсатиб турибди.

Шунингдек, замонавий асрда хавфсизлик борасида гап кетганда, ахборот билан ишлаш, уни ҳимоя қилиш, энг сўнгги технологияларни ўзлаштириб, ахборотдан фойдаланиш масалалари жуда муҳимдир. 2018 йилда Президент қарори билан Ахборот коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг ташкил этилиши ҳам бежиз бўлмаган.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ҳамкорлигида ташкил этилган ижодий сафар (пресс-тур) давомида юқорида айт­ганимиз ҳарбий институт ва Тошкент вилояти Зангиота шаҳридаги ҳарбий қисм фаолияти билан танишдик.

Ҳарбий қисм телекоммуникация, радиоалоқа, криптография ва моддий таъминот каби бир нечта марказларга бўлинган бўлиб, бу ерда хизмат қилаётган аскарларга маънавият ва маърифат, хорижий тил, жанговар тайёргарлик, саф тайёргарлиги каби дарс машғулотлари ўтилар экан.

Институтга курсантлар Ўзбекистон Миллий университетининг соҳага алоқадор факультетлари, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат техника университети, Турин ва Инха каби университетларнинг 2-босқични тугатган талабаларидан суҳбат асосида танлаб олинади.

Ижодий сафарда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ҳарбий журналистика факультети талабалари ҳам қатнашди. Улар ўз соҳалари бўйича кенгроқ тасаввурга эга бўлишлари, ҳарбий соҳа билан яқиндан танишишлари мумкин бўлди. Албатта, бу жуда муҳимдир. Чунки ҳарбий журналист ҳам камида бир аскарчалик билим ва малакаларга эга бўлиши, ҳарбий ускуналардан фойдалана билиши, жанговар ҳолатларда ўзини тутиш кўникмаларига эга бўлиши лозим. Фақат олий таълим муассасасидаги назарий билимлар билан бундай натижаларга эришиш мушкул.

Аслида ҳам ҳарбий соҳа билан журналистика ўртасида нозик бир муштараклик бор. Аскар Ватанни ҳимоя қилгани, унинг учун курашгани каби, чинакам журналист ҳам ўз юртим, халқим деб яшайди, шунинг учун курашади. Ва бунинг ортида, албатта, халқнинг манфаати, орзу-истаклари, тинчлик ва фаровонлигини таъминлашдек улуғ мақсадлар туради.

Ватан ҳимоячиси албатта, жисмонан чиниққан, ҳам зеҳни пеш, билимли, уддабурон ҳамда кўнглида она юртга садоқати мустаҳкам, муҳаббати чексиз инсон бўлиши керак. Ватанга шундай фарзандларни тарбиялаб бериш эса жуда катта масъулият талаб этади. Айниқса, ахборот ва алоқа соҳасидаги ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш яна ҳам залворли вазифа. Ана шундай масъулиятли, қизиқарли ҳарбий таълим тизимидан олган таассуротларни келгусида кенгроқ қоғозга туширамиз, албатта.

Ўз мухбиримиз

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 4 =