Лойиҳанинг амалдаги кўриниши. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов нима учун матбуот вакилларига таянишини билдирди

2020 йил бутун дунё учун катта имтиҳон бўлди. Бу йилда давлатларнинг, жамиятнинг, инсонларнинг ожиз томонлари яққол кўзга ташланди. Бу эса барча учун яхшигина сабоқ ва тажриба вазифасини ўтади. Дард келса, қўшалоқлашиб келади, деганларидек, мамлакатимиз 2020 йилда бутун дунёга хавф солиб турган пандемиядан бошқа бир нечта муаммоларга ҳам дуч келди. Булардан энг ташвишлиси — Сирдарёдаги Сардоба сув омборининг фалокати билан боғлиқ ҳодисадир.

Шунингдек, бу ҳодиса пировардида ўзбек халқининг бардошли-матонатли, ўзаро меҳрибон, аҳил ва саховатпеша халқ экани ҳам яққол намоён бўлди. Йил якунига етиб бораётганига қарамасдан, масъуллар ҳам, аҳоли ҳам тикланиш, янгиланиш йўлида дадил қадам ташлаб бормоқда. 20 декабрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларига пресс-тур ташкил этилди. Бу ижодий сафаримиз давомида гувоҳи бўлдикки, аҳоли олдинга илгариламоқ, тараққий қилмоқ пайида.

23 октябрь санасида вазирлик ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICА) ўртасида “Сирдарё вилоятидаги аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш дастури”ни амалга ошириш бўйича меморандум имзоланган эди. Юқорида айтганимиз, учта туман миқёсида амалга оширилган пресс-тур ҳам шу дастур доирасида кечди.

Аҳолининг Сардоба сув тошқини натижасида азият чеккан, ишсиз қолган қисмини, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Аммо табиийки, уларни ўзлари билмаган, тушунмаган ишларга жойлаштириб қўйиш билан масала ҳал бўлиб қолмайди. Уларни касб-ҳунарга ўқитиш зарурати пайдо бўлган эди. Шу сабабли, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги КОICА билан ҳамкорликда Оқолтин туманининг “Шодлик”, Сардоба туманининг “Бирлик” ва Мирзаобод туманининг “Деҳқонобод” маҳаллаларидаги Маданият маркази биноларида “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш” масканлари ташкил этилди.

Ижодий сафаримиз давомида мазкур ўқув масканларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Биринчи манзилимиз Оқолтин туманининг “Шодлик” маҳалласи бўлди. Маҳаллада байрам кайфияти ҳукмрон эди. Бу ердаги касб-ҳунарга ўқитиш масканини маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Пак Сунжин хоним очиб бердилар. Кириш эшигидаги лента кесилганидан сўнг, журналистлар, маҳалла фахрийлари ва вазирлик ходимлари ўқув маркази биносига кирдилар. Ўзаро суҳбатда вазир Раҳмат Маматов қуйидагиларни таъкидлади:

—       Нима учун журналистлар келишини хоҳлайман, биласизми? Масалан, мен ўз аксимни ойнада кўришим мумкин. Лекин тизимимнинг, амалга ошираётган ишларимнинг аксини матбуот вакиллари сабабли кўра оламан.

Айниқса, ижтимоий тармоқларда чиқадиган хабарларни ҳар доим кузатиб бораман. Ўзимнинг соҳамга оид масалалар бўлса, тезда ҳал қилишга уринаман ва ижобий натижа кутаман. Журналист ва блогерларимиз бўлмаса, шунақа масалалардан бехабар қоламан-да. Чунки менга ҳамма гапни етказаверишмайди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бевосита фуқаролар билан ишлайдиган тизимдир.

Таъкидлаш керакки, касб-ҳунарга ўқитиш курсларининг ташкил қилиниши оиладаги муаммонинг вақтида барҳам топишига таъсир қилади. Сирдарё вилоятида кўплаб иш ўринлари яратиш бўйича дастур қабул қилинган. “Ким ишлайди?” — деган савол туғилади. Агар ёшларни, хотин-қизларни касбга ўргатадиган бўлсак, тўғридан-тўғри, муаммосиз ишга қабул қилинаверади. Аввал ёрдамчи бўлиб, кам маош билан эмас, тайёр мутахассис сифатида иш бош­лайдилар.

Марказда, асосан, учта: тикувчилик, пазандачилик ва компьютер саводхонлиги йўналишлари бўйича икки ой мобайнида ўқитилар экан. Тикув хонаси, ошхона ва компьютер хоналарига кириб кўрдик. Барчаси замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Бир қишлоқ маҳалласида марказий шаҳарлардаги каби шароитга эга бўлган ўқув масканининг қад ростлагани қувонарли, албатта. Компьютер хоналарида интернет ҳам муаммосиз ишлаб турибди. Дарвоқе, бу ерда ўтиладиган сабоқлар мутлақо бепул. Маҳалла хотин-қизлари, ёшларининг яратилган бу имкониятлардан оқилона фойдаланиши, авваламбор, ўзлари учун катта фойдадир. Қолаверса, уларнинг яхши кадр бўлиб ишлаши ватан манфаатлари учун муҳимдир.

Ўқув масканининг шароитлари билан танишиб чиққанимиздан сўнг, бинонинг залида мўъжазгина тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда вазир Раҳмат Маматов ҳамда Пак Сунжин хоним сўзга чиқдилар. Шундан кейин маҳалла ёшлари ўзлари тайёрлаган корейс ва ўзбек миллий рақслари билан чиқиш қилдилар. Пак Сунжин хонимга маҳалла чеварлари томонидан тайёрланган ўзбек миллий либоси совға қилинди. Тадбир сўнгида мутасаддилар журналистларнинг саволларига жавоб бердилар.

Ўқув масканидан чиққач, унча узоқ бўлмаган тикув фабрикасига ҳам кириб кўрдик. Бу ерда ишлаётган хотин-қизлар 850 мингдан 2 миллион сўмгача маош олишар экан. Фабрикада болалар либослари ва катталар учун учун иссиқ курткалар тайёрлаяпти. Уларнинг сифатини, бежиримлигини кўриб, очиғи қойил қолдик. Чунки жуда сифатли ва асло хорижникидан қолишмасди.

Кейинги манзилимиз Сардоба туманининг “Бирлик” маҳалласи бўлди. Бу ерда ҳам юқорида айтганимиз учта йўналиш бўйича дарслар берадиган ўқув маскани барпо этилган эди. Фақат бу масканнинг бошқаларидан фарқи шуки, унинг таркибида кутубхона ва аёллар учун маслаҳат маркази ҳам ташкил этилган экан. Журналистлар ўқув масканининг шароитлари билан танишиб чиқдилар. Вақт ўтиб бораётгани ва ҳавонинг совиб кетаётгани сабабли сафаримизни тезлатишга зарурат туғилди. Шунинг учун дарровгина Мирзаобод туманининг “Деҳқонобод” маҳалласи сари йўл олдик.

“Деҳқонобод” маҳалласида ҳам “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани” олдида бизни карнай-сурнай оҳанглари остида кутиб олишди. Бу ердаги байрамона шукуҳ ҳаммасидан ҳам бошқача эди. Марказнинг фоеси рассомчилик намуналари билан безатилган. Атрофда, одамларнинг юз ифодасида ажиб бир шодлик, мамнунлик кайфияти бор эди. Бу муҳитда барчамизнинг ҳам димоғимиз чоғ бўлди.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳар учала ўқув масканлари ҳам икки ой муддатда фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилган.

Айтаётганимиз ўқув масканларида ўқитиш текин бўлиб, КОICА ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг имтиёзлари асосида ажратилган маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Зикр этилган уч тумандаги ўқув масканларида бир вақтнинг ўзида 200 нафарга яқин аёллар ва ёшлар таълим олиш имкониятига эга. Шуни ҳам айтиш керакки, ўқув марказларини тугатган аёллар қаерда фаолият олиб бораётганининг мониторинги олиб борилади. Бу эса улар икки ой ўқиб чиққанидан сўнг, яна уйда ўтириб қолишларининг олдини олади.

“Сирдарё вилоятидаги аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш дастури” доирасида шу йилнинг сўнгига қадар мазкур ҳудудларда яшовчи 10 мингта эҳтиёжманд оилага зарур ижтимоий аҳамиятга эга воситалар, шунингдек, 45 та ҳасса ва қўлтиқтаёқ, 92 та катталар, 7 та болалар ногиронлик аравачалари, 45 та эшитиш мосламалари тарқатиш кўзда тутилган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг биргаликдаги эзгу ишлари хайрли бўлишига тилакдошмиз.

Шаҳзод ШОДМОНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =