Фарғоналик журналистлар – Хоразмда

Энди Фарғонадан Хоразмгача бўлган 1500 километрлик масофани 1 соату 40 дақиқада босиб ўтиш мумкин. “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси томонидан Урганч–Фарғона–Урганч авиақатновининг йўлга қўйилгани ички туризмнинг ривожланиши учун яхши янгилик бўлди. Ана шу хушхабардан севинган бир гуруҳ фарғоналик журналистлар ўтган ҳафтада “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов ташаббуси билан қадимий Хоразм воҳаси томон йўл олди.

“Урганч” халқаро аэропортидан чиққан меҳмонларнинг нигоҳи дастлаб Ал-Хоразмий кўчасининг икки томонида жойлашган Ал-Хоразмий ва Ал-Беруний меъморий мажмуаларига тушади. Уларни томоша қила кўнгилдан не-не ҳислар ўтади: “Бу диёрда икки қомусий алломадан ташқари Замахшарий, Жалолиддин Мангуберди, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий сингари буюк инсонлар яшаб ўтган-а!

Хоразмга етти иқлимдан ташриф буюрадиган сайёҳлар Урганчда қўним топиб, кейин минг гумбаз шаҳри Хивага боради. Биз ҳам ана шу анъанага содиқ қолиб саёҳатни Урганч шаҳрининг қоқ ўртасида жойлашган Хоразм вилоят телерадиокомпаниясидан бошладик.

— Телевидение биноси Президентимизнинг ташаббуси билан бир йил аввал бунёд этилиб, қурилишига давлат бюджетидан 26 млрд. сўмлик маблағ ажратилган, — дейди Хоразм вилоят телерадиокомпанияси раиси Ўткир   Матқурбонов. – Энди компанияни замонавий техник телеаппаратура ва бошқа асбоб-ускуна билан таъминлаш учун яна 40 млрд. сўм ажратиладиган бўлди.

Юксак дид билан барпо этилган квадрат шаклидаги катта бино ҳамда бу ерда теле ва радиожурналистлар учун яратилган шарт-шароитлар бизда катта таассурот қолдирди.

— Биз бундай замонавий усулда қурилган, сўнг­­ги ахборот технологиялари билан таъминланган телестудия, телекомпанияларни Хитой, Ко­реяга уюштирган медиа-туримиз чоғида кўргандик, – дейди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Фарғона вилояти мухбири Маъсуджон Сулаймонов. – Эндиликда ўзимизнинг ҳамкасбларимиз ҳам худди шундай шароитларда ижод қилаётгани бизни қувонтирди. Бундай имкониятлар нафақат пойтахтда, балки ҳар бир вилоят телевидениеларида ҳам бўлиши керак.

Эртасига эрталаб жума куни троллейбусда “ҳайё-ҳайт” деб Хива шаҳрига отландик. Хивадаги илк ташрифимиз илм маскани – Хоразм Маъмун академиясига бўлди.

“Дорул ҳикма ва маърифа”

2006 йили ЮНЕСКО шаъфелигида 1000 йиллик юбилейи нишонланган Маъмун академияси биносига “Наҳот шу маскан минг йиллик бўлса?! Ҳеч ўхшамайди, кеча қурилгандек” дея ҳайратланиб тикилиб турганимга жавоб ўлароқ бизга гид­лик қилиб турган Раҳматжон Болбеков шундай изоҳ берди: “Биз турган бино ўз даврида фаолият юритган Хоразм Маъмун академиясининг айнан биноси эмас. Шарқнинг йирик илмий маркази ҳисобланган “Дорул ҳикма ва маърифа” Абул Аббос II саройида 1004 йили Абу Райҳон Беруний ташаб­буси ва раҳнамолигида қурилган. 1924-25 йилларда миллий ҳудуд чегараланиши натижасида Хоразмнинг пойтахт шаҳри Гурганч (Кўҳна Урганч) Туркманистон ҳудудида қолган. Бироқ мерос, алломалар бизники бўлганлиги сабабли мустақилликдан кейин академия фаолиятини қайта тиклаш ва иложи борича давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Беруний, Ибн Сино, Абу Маҳмуд Хўжандий каби олимлар фаолият юритган бу муқаддас мас­канда айни пайтда 56 нафар ходим фаолият юритади, улардан 38 нафари илмий ходим. Акаде­мияда 3 та – ижтимоий-гуманитар, табиий ва аниқ фанлар бўлими, 6 та лаборатория, экспериментал база, 128 номдаги нодир китоблар сақла­наётган кутубхона, ноширлик бўлими ва музейдан иборат.

Сўнгги беш йилликда мазкур илм даргоҳида 4 та лойиҳа устида тадқиқотлар олиб борилган. Жумладан, “Бино ва иншоотлар зилзилабар­дошлилигини таъминлашнинг актив усулларини яратиш”, “Хоразм вилояти шароитида доривор ўсимликларни ўстириш ва улар асосида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқиш”, “Қадимги Хоразм маросимлари, культлари ва дин тарихи”, “М-субгармоник функциялар ва уларнинг калибрланган геометрияга татбиқлари” каби масалалар устида изланишлар қилинган, маълум хулоса ва ечимлар берилган.

Демак, бемалол айтишимиз мумкинки, Хоразм Маъмун академиясидаги олимлар Беруний, Ибн Сино, Абу Мансур ас-Саолибий, Абул Ҳайр ибн ал-Ҳаммор, Абу Маҳмуд Хўжандий, Абу Наср ибн Ироқ, Абу Саҳл Масиҳийларга муносиб ворислик қилмоқда. Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллик фаолияти ҳамон давом этмоқда.

Ичан қалъа ва Дишан қалъа

Кўҳна Хивани бойлар, хонлар яшаган қисми – Ичон қалъа (Ички қўрғон) ҳамда ҳунар­мандлар, косиблар яшаган Дишон қалъа (Ташқи қўрғон)сиз тасаввур этиб бўлмайди. “Очиқ осмон остидаги музей”ни бир кунда айланиб, тарихнинг олис пучмоқларига мўралашнинг имкони йўқ. Ахир, 26 гектарли Ичан қалъа – Шаҳристоннинг ўзида 54 та тарихий меъморий обида бор.

Сафаримиз давомида Оқ масжид, Жума масжид, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Оллоқулихоннинг Тош ҳовли саройи, Ислом Хўжа, Муҳаммад Аминхон ва Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасалари, Кўҳна Арк, Калта минор каби минг йиллик тарих ва аждодларимиз қудратидан сўзловчи қадамжоларни зиёрат қилдик. Меннонитлар музейи, биринчи ўзбек фотографи Худойберган Девоновнинг кўргазма зали, Нуриллабой саройи ҳам ҳар биримизда олам-олам таассуротлар қолдирди.

— Журналистлар учун бундай медиа-тур, саё­ҳатларнинг кўпроқ ташкил этилиши фақат манфаатли бўлади, – дейди “Халқ сўзи” газетасининг Фарғона вилояти мухбири Ботир Мадиёров. – Журналист тарихдан, халқ ҳаётидан, ҳамкасблари фаолиятидан қанча хабардор бўлса, ёзганлари ҳаётий, пишиқ-пухта, ўқишли бўлади. Хоразм диёрига саёҳатимиздан ўзим учун янги билимлар олдим, шунга яраша янги ғоя ва мавзулар топилди.

“Юрган – дарё, ўтирган – бўйра” мақолига амал қилдиг-у, Хоразм давлатчилиги, аҳоли турмуш тарзи, маданий ҳаёти билан боғлиқ кўплаб осори-атиқалар, меъморий обидалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Ҳамкасбларимиз билан кечган саёҳатимиз қисқа, аммо мароқли, қизиқарли воқеалар, таассуротларга бой бўлди.

Севара АЛИЖОНОВА,

“Hurriyat” мухбири.

Суратни Элёр ОЛИМОВ олган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − twelve =