Тўқликка шўхликми?
Кейинги йилларда аҳолининг оғирини енгил, мушкулини осон қиладиган, кенг имконият ва қулайликлар яратадиган техникалар мамлакатимизга кириб келди. Бундан барчамиз хурсандмиз. Бир пайтлар маош ва тўловлар пластик карталарга энди ўтаётган паллаларда бирмунча қийинчиликларга учраганимизни ҳам ёддан чиқарганимиз йўқ.
Ўшанда савдо марказларининг ҳаммасида ҳам терминаллар ўрнатилмаганди. Пластик карталар орқали савдо қилинганда нархлар сунъий ошириларди. Нақд пул зарур бўлиб қолганда эса фоиз эвазига пластик картадаги маблағимиздан нақд пулга ечтирганимиз ҳам ҳақиқат. Савдо дўконлари 10-15, ҳаттоки 20 фоиз пулимиздан олиб қолса ҳам, керак бўлгандан кейин, барибир шунга ҳам хурсанд бўлардик.
Айниқса, вилоятлардаги чекка туманларда яшовчи халқимизга бу ҳолат жуда катта қийинчиликлар туғдирарди. Мана, кейинги йилларда яратилган имконият ва банкоматлар ўрнатилиши шарофати билан бундай муаммолар ечимини топди. Савдо марказлари, автобус бекатларида ва бошқа одамлар гавжум жойларда пластик картадаги маблағларни нақд пул қилиб берадиган банкоматлар бор.
Лекин бизнинг бу имкониятларга муносабатимиз қандай? Бу шароитлардан қай йўсинда фойдаланяпмиз?
Афсуски, кечаги кунимиз кўпчилигимизнинг ёдимиздан кўтарилгандай… Банкомат ўрнатилган қайси жойга қараманг, оёқ остида бетартиб ёйилиб ётган чек қоғозлари табингизни хира қилади. Ҳолбуки барча банкомат олдига чекларни ташлаш учун махсус идишлар қўйилган. Энг қизиғи, кўпчилик банкоматдан нақд пул олаётганда “Чек билан” деган тугмачани босади-да, чекни олмайди, ҳатто унга қайрилиб қарамайди ҳам. Чек қоғози керак эмас экан, нима қиласан уни чиқариб, буям бир ортиқча увол иш эмасми? Тушуниш қийин, бу ҳолни одамлар билиб-билмай, тушуниб-тушунмай қилади десанг, ҳамманинг саводи ғовлаб кетмагандир?
Фақат ўзимиздаги кибрни енголмаймиз. Кеча кимларгадир ялиниб пулимизни нақдлаштираётган эдик, бугун жилла қурса, нега энди бироз эгилиб, чекни махсус идишга ташламаймиз?
Буни кўриб одам бўлмай кет-е, дегинг келади…
Камолиддин РЎЗИМАТОВ,
ЎзЖОКУ талабаси