Майда пулларни излаб…

Бугунги вақтда бозорга тушишга юрагим безиллаб қолди. Сабаби бетартиб дўконлар ёки уриб-туртиб ўтадиган одамлар эмас, балки тўлов қилишда вақтни оладиган узоқ муддат хунобимни оширади. Барча жойда нақд пулга ҳам, пластик картага ҳам савдо қилиш муаммо бўлмай қолган бўлса, қийинчилик нимада деб ўйлаётгандирсиз? Ҳақсиз бу борада асло қийинчилик йўқ. Аммо қайтим қайтаришда сотувчилар майда пул топа олмай ўзини ҳам мижозни ҳам куттириб қўяётгани фақат менда эмас, барчада учраётган ҳолат.

Тангаларни ҳисобга олмасак, бозорларда муомаладаги энг кам қийматли пул бирлиги 1000 сўм. Бироқ мана шу 1000 сўмликни топиш сўнгги вақтда муаммога айланган. Айрим ҳолларда майли, керак эмас деб кечиб юборамиз, бироқ бу қайтарилавергач ҳаммани ҳам ўйлантириши табиий. Фақат бозорларда эмас дўконларда ҳам бу каби ноқулайлик­лар вужудга келган. Бир куни 1,5 литрли “Сoсa-kola” олиб сотувчига 50 минг сўмлик пул узатдим. У 38 минг сўм эмас 30 минг сўм берди-ю, шу майда пул излаб бир кетганича ҳадеб қайтавермади. Кузатаман у дўкондан бунисига майда пул сўраб киравериб ўзи ҳам тоза овора бўлди. Мени кутганимку-я майли, лекин дўконидаги савдо тўхтаб қолгани ўзига анча зиён бўлди. Унга-бунга сарғаяверган сотувчи қайтиб келди-да битта 5 минг сўмлик, битта янги чиққан 2 минг сўмлик бериб, ака, кейинги сафар суришармиз дея ялинганнамо боқарди. Бундай вазиятга бир неча маротаба тушдим. 3-4 марта, қайтим учун зўрға топиб берилган, жуда ҳам эскириб, сарғайиб кетган 1000 сўмликлар чўнтагимнинг ўзида йиртилиб адойи-тамом бўлди. Бир-икки танишимга буларни айтсам 500 сўмлик сингари 1000 сўмлик пуллар ҳам аста-секин муомаладан чиқса керак дейишди. Ўзимча асосли манба қидириб интернетни титкилай бошладим. Хabar.uz сайтидан Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти масъулларидан бирининг бу тўғрисидаги   саволларга март ойларида олган қуйидаги жавобини топдим: Ўзбекистонда яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотлар муомаладан чиқарилмайди. 1000 сўм номинал қийматдаги банкнот 2001 йилда муомалага чиқарилган ва уларнинг аксарият қисми узоқ вақт давомида муомалада бўлгани сабабли уриниб қолган.

“Бунинг асосий сабабини ушбу пулларнинг бошқа йирикроқ номиналдаги банкнотларга нисбатан кўпроқ муомала жараёнига кириши, яъни қўлдан-қўлга ўтиши фаол бўлгани сабабли тез эскириши ҳамда шу ҳолатда, банкларга келиб тушмасдан аҳоли қўлида узоқ муддат қолиб кетиши билан изоҳлаш мумкин.

Бу қийматдаги банкнотлар ҳозирда ҳам босиб чиқарилмоқда ва талабдан келиб чиққан ҳолда муомалага киритиб борилмоқда.”

“Банкоматларга 1000 сўмлик ҳам жойлаштирилса бўлмайдими?, деган савол туғилиши табиий бўлади. Лекин банкоматлар сиғими чеклангани сабабли уларни бир марталик тўлдириш орқали имкон қадар кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши, яъни жойлаштирилган пул тез тугаб қолмаслиги учун кўпроқ йирик қийматдаги банкнотлардан фойдаланилади. Нақд пулларни бевосита банк кассаларидан олганда, зарур ҳолларда бир қисмини 1000 сўмлик банкнотлар сифатида олиниши мақсадга мувофиқ”.

Буларни ўқиб мавзудаги муаммо йил бошидан буён муҳокамада эканини билиш мумкин. Вилоятларда бу муаммо пойтахтдагидан кўра кучлироқ. Негаки Тошкент шаҳарда тангалар орқали буни маълум миқдорда бартараф этиш мумкин. Аммо юртимизнинг ҳамма вилоят-туманларига тангалар етиб борган дея олмаймиз. Бундай вазиятларда қишлоқ аҳолисига сотувчилар томонидан қайтим ўрнига сақич, гугурт, конфет сингари маҳсулотлар қайтарил­япти. Такси ва жамоат транспортларида эса майда пуллардан воз кечишга мажбур бўлишмоқда. Вазиятни юмшатиш мақсадида 2 минг сўмлик пуллар чиқарилди. Аммо негадир бу пуллар ҳам жуда оммалашганича йўқ. Мавзуни жуда кўпиртириб юбординг, дейишга ошиқаётгандирсиз. Аммо ёзганларим шахсан ўзим гувоҳи бўлган воқейликларимдан. Йўл четида сигарет, семичка сотиб ўтирадиган, яъни деярли майда пулларга савдо қиладиганлар ҳам майда пул беринг қайтимим йўқ дейдиган бўлиб олишган. Қитмирлигим тутиб бир-иккисидан ҳамма топа олмаса ҳам сизларда бўлади. Қаердан топаяпсизлар деб сўраб кўрдим ва улардан биридан қуйидагича жавоб олдим: шу бозорда юрадиган тиланчи лўлилар билан келишиб олганмиз. Ҳар куни келиб биздан майда пулларини йириклаштириб кетишади. Буларни эшитиб ўзимча хаёлга толдим. Демак, майда пулларнинг барчаси банкоматларнинг тагидаю, лўли қизларнинг киссасида экан-да! Энди буёғига юқоридагидек майда пул излаб қолмаслик учун банк ходими айтганидек банкоматдан майда пул ечишга уринаман. Балки яп-янги минг сўм­ликларни кўриш яна насиб қилар…

К.РЎЗИМАТОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 20 =