Банкларда кредИТ ФОИЗЛАРи нега юқори?

Бир ҳафтадан буён қачон УЙланаман дея бошимни чангаллаб ўтиравериб, иш столим усти сочга тўлибди. Бошга ўй тушса, соч оқаради, деган гапни эшитгандим. Ака, ўйлайверсангиз, нафақат соч оқаради, балки тўкилиб ҳам кетаркан. Шунча одам банклардан ипотека кредитларини олиб, тўлаб юрибдику, мен ҳам амаллайман дедим-да, кредит ҳақида маълумот излай бошладим…

Президентимиз томонидан кейинги йилларда аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилаган муҳими, банклар тизимини анча “инсоф”га чақирадиган, халққа қайишиб фаолият кўрсатишга йўналтирилган қатор қарорлари қабул қилинди.

Шунга қарамай, янги қурилган бирламчи уйлардан харид қилмоқчи бўлсангиз, бош­ланғич тўловнинг 20 фоизини тўлаганингизда, 15 йилдан 20 йилгача ҳар йили камида Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бў­йича, яъни имтиёзли кредит олишнинг ўзи бўлмайди. Бу жуда қийин. Осон эмас. Осони йиллик камида 23 фоиздан оласиз, ош бўлсин! Уйлар муборак бўлсин!

Иккиламчи бозордан, яъни эски уйлардан сотиб олмоқчи бўлсангиз, агар бошланғич бадалнинг 25 фоизи тўланса, қолган қисми 15-20 йилга 23-26 фоиздан тўланар экан.

Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, банклар кам ойлик оладиган истеъмолчига ипотека кредитини бермас экан. Уларга йирик миқдорда пул олмоқчи бўлиб, йиллик даромад тўғрисидаги маълумотномангизни олиб борсангиз,   “Ҳурматли мижоз! Ойига камида 3-4 миллион сўм маош олишингиз керак, акс ҳолда Сиз билан ишлай олмаймиз”, деган жавобни эшитасиз. Яна бир гап, бизда кредитни вақтида тўламасангиз, олган уйингизни банк қайтариб олиб, сизни лаш-лушингиз билан кўчага ҳайдаши ҳам ҳеч гап эмас. Чунки шартномада шундай: уй гаровга қўйилади.

Хорижий давлатларда бошланғич тўлов ўртача 5 фоиздан 10 фоизгачани ташкил этади. Масалан, айни кунда Россия Федерацияси ёш болали оилалар учун бошланғич тўлови 5 фоиз, 30 йилга 20 фоиздан кредит ажратиб, аҳолини уй-жой билан таъминламоқда. Россия банклари фақат иш жойингиздан маълумотнома ва шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан бизнинг пулда 700 миллион сўмгача 4-8 фоизлик кредит беради. Нақд пулда! Ҳеч қандай нотариус қоғози, кафил, ҳатто кредит олишдан мақсадингизниям сўрамасдан… Бизда қайси мезонлар асосида ипотека кредитларининг фоиз ставкалари белгиланяпти?

Билмайман. Лекин шу ўринда битта латифа. Бир куни тошбақа йўлда кетаётса, тепада тескарисига учиб бораётган қарғага кўзи тушибди. Шунда тошбақа қарғага қараб: “Ҳой қарға, жинни бўлганмисан? Нега тескарисига учяпсан?” деб сўрабди. Қарға: “Сенинг мен билан нима ишинг бор? Бизда демократия! Хоҳлаганимдай учаман!” дея ўшқирибди. Тошбақа, демократия бўлса демократия-да, дебди-да, ўзиям шартта тес­карисига юра бошлабди. Орқасида жар бор экан, тошбақа қурмағур кўрмай қолиб, пастга тушиб кетиб, нобуд бўлибди. Шунда қарға унинг ёнига учиб келиб: “Эҳ, аҳмоқ тош­бақа, демократия фақат тепада бўлади, пастда эмас!” деган экан…

Бирлашган Араб Амирликларида кредит картага пул олиб, 1 ёки 2 ойда қайтариб берсангиз, сиздан умуман фоиз олинмас экан. Кўпгина Европа давлатларида ҳам кредит карталар бўлиб, Араб давлатларидаги тизим йўлга қўйилган. Агар олган кредитингизни белгиланган муддатда тўламасангизгина фоиз олинади. Бу худди вақтинчалик қарз олиб, муддати тугагунча тўлаб қўйишга ўхшайди.

Бир неча ой олдин Дубайда яшайдиган танишим билан гаплашдим: Бизда банкларнинг ўзи “кредит олинг” деб қўнғироқ қилишади. Масалан, бу ерда “Noor Bank” исломий банки бор. Ундан кредит олмоқчи бўлгандим. Агар 21.000 дирҳам (5 минг 700 АҚШ доллари) пул олиб, уни 6 ой ичида тўласам, мендан 600 дирҳам (163 АҚШ доллари) фоиз олишар экан. Банк мендан атиги 3 фоиз фойда кўряпти, холос. Шартномага имзо қўйгандим, сўраган маблағимни бир неча соат ичида ҳисоб-рақамимга ташлаб беришди…

Финляндия билан ҳам қизиқиб кўрдим. У ерда кредит олмоқчи бўлсангиз, атиги 15 дақиқада сўраган пулингизни ҳисоб-рақамингизга ўтказиб беришаркан. Хўш, ўзимизда-чи? Бизда ҳам банклар сизга қўнғироқ қилишади, албатта. Фақат улар аксарият ҳолларда “қарзингизни тўлаб қў­йинг, бўлмаса … ” деб! Натижада кредит олган одам қарзини узгунича юрагини ҳовучлаб яшашга тўғри келади. Ажаб, нега кредит фоизлари миқдори 20-25, ҳатто 27-28 фоизгача чиқиб кетган. Ахир бу уй олгунингизча, банкка ҳам янги хонадоннинг пулини шундоқ бериб кетиш дегани эмасми?!

Унисини-ку, қўя туринг. Кредит оламан деб, нечта эшикка сарғаясиз, қанча қоғозбозлик бўлади, камига, кафилингиз бўлмаса, ҳар қандай банк ҳам сизга рад жавобини беради. Ўйлаб қоламан, наҳотки банклар фуқароларимизга шунчалик даражада ишонмайди?

Албатта, сўнгги йилларда банклар тизими юртимизда ҳам бирмунча тартибга солинди. Аҳоли учун бу борада қатор енгилликлар яратилди. Лекин барибир ажратилаётган кредитлар устамаси жуда баланд.

Менимча, бизда фоизи ўта юқори бўлган кредит олган тадбиркорнинг бизнеси инқирозга учраш эҳтимоли юқори. Оддий аҳолига кредит бериш эса чўкаётган одамнинг қўлига оғир харсангтош тутқазиб қўйиш билан баробардир. Айниқса, банкларимиз томонидан ажратилаётган ипотека кредитлари одамларни эмас, банкларни камбағалликдан чиқар­яптими деб ўйлаб қоласан киши.

Ҳа, иш билганга бир танга, гап билганга минг танга, деган гап ҳам бор. Ҳисоб-китобларим бўйича, кредит олиш (агар насиб қилган бўлса) — бу оддий инсон учун катта муаммоларга дуч келиб, тинчлиги йўқолиб, ҳаловати бузилишига олиб келади. Пули бор, ишнинг кўзини биладиган одамлар учун эса у фойданинг макони! Оддий одамлар учун эса кредит инсонларни камбағалликдан қутқарадиган, лекин… қашшоқликни келтириб чиқарадиган омил бўлмаслиги керак.

Абдулазиз АҲМЕДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =