Шаффофликни таъминлашда журналист иштироки зарур
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси билан аҳолини таништириб боришда вилоятдаги бошқармалар ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ёшлар билан учрашувлар ўтказмоқда.
Навбатдаги тадбир Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди.
— Вилоятдаги мулкчилик шаклидан қатъи назар барча нотурар иншоотлар бўйича ялпи хатлов ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтга қадар жами 7 131 та объект ўрганилиб, 651 таси бўш турганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, вилоят ҳудудида жойлашган ижтимоий соҳа муассасаларининг бўш турган 27 та бино ва ер майдонлари, келгусида самарали фойдаланиш мақсадида, туман (шаҳар) ҳокимликлари балансига ўтказилди.
Шунингдек, 41 та бўш турган бинолар 82 та лотларга бўлинган ҳолда “E-ijro auksion” электрон савдо майдончаси орқали ижарага бериш учун савдога чиқарилди, — деди ҳудудий бошқарма бошлиғи Акмал Шарипов.
Анжуманда бўш турган нодавлат секторга тегишли объектлардан самарали фойдаланиш ва тезкор хўжалик фаолиятига жалб этиш юзасидан вилоятда 2020 йил давомида жами 835 та хусусий мулк объектларига нисбатан 9,1 миллиард сўм оширилган солиқ ставкалари қўлланилиб, 596 миллион сўм ундирилгани баён қилинди. Бунинг натижасида 341 та хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти тикланди. 796 та объект тадбиркорларга мақсадли ижарага берилиб, 2 миллиард 416 миллион сўм маблағ давлат бюджетига туширилганлиги айтилди.
— Давлат мулки бўлган биноларни ижарага беришда шаҳар ҳудудларида ишлаб чиқаришга, туманларида эса сервис хизматларини йўлга қўйишга эътибор қаратилмоқда, — деди Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерзод Жумаев. — Бу борада энг катта саъй-ҳаракатларимиздан бири, Зарафшон шаҳрида амалга оширилаётган “Зарафшон ойна” МЧЖ томонидан кварц қумидан ойна ишлаб чиқариш лойиҳаси амалиётга жорий этилгани саналади. Масъулияти чекланган жамиятда келгусида саноат ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун шиша идишлар ишлаб чиқарилади.
Қайд этиш керакки, иқтисодиётга давлат аралашуви борки, таннарх ошиб бораяпти ва ривожланиш секинлашаяпти. Шу боис, вилоятимиздаги бир қатор йирик корхоналарнинг носоҳавий объектлари хусусийлаштирилмоқда, — деди Ш.Жумаев.
Шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан жузъий узилишлар бўлганлиги боис амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлардан вилоят аҳолиси хабар топмаётгани ҳам тадбирда қайд этилди.
— Маълумки, маҳаллий газеталарнинг муассиси маҳаллий ҳокимликлар саналади, — деди вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилшод Мамаражабов. — Ўтган йилдан бошлаб матбуот идораларини хусусийлаштириш жараёни бошланганидан хабарингиз бор. Албатта, газета ва журналларни давлат тасарруфидан чиқарилиши бу жаҳон тажрибаси ва қолаверса, замон талаби. Буни тушунса бўлади.
Аммо орадан шунча вақт ўтса ҳамки давлат корхонаси бўлган нашрлар тақдири ноаниқ бўлиб турибди. Мазкур ҳолат ўз навбатида жорий йилги обуналарга ҳам таъсир қилди. Ҳатто айрим туманларда газета чоп этилмаяпти.
Натижада вилоят, туманлар миқёсида олиб борилаётган янгиланиш жараёнлари тарғиб қилинмаётир. Аҳоли муҳим ислоҳотлардан бехабар, бу ўз навбатида баъзи тушунмовчиликларни, норозиликларни келтириб чиқараяпти. Шундай экан, ушбу масала ҳам ўз ечимини кутаяпти.
Анжуман давомида иштирокчилар томонидан бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, давлат мулки бўлган иншоотларни ва корхоналарни хусусийлаштиришда у ерда меҳнат қилиб келган одамлар фикрини ўрганиш учун ҳам журналистлар иштирокини таъминлаш борасида келишиб олинди.
Озод МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Навоий вилояти бўлими мутахассиси