Ҳуштак қачон чалинади?

Қўшиқчилик санъатида рўй бераётган енгил-елпи, саёз, бачкана хиргойилар (чунки уларни қўшиқ, деб бўлмайди) ҳақида гапиравериб, ёзавериб қаламлар чарчади. Агар қаламга тил битганда эди, у: “Бўлди-да, нима қиласиз, шу бачканаликни ёзавериб. Минғир-минғирлар жонга тегди-ку! Улар одамга ўхшаб хулоса чиқарсалар бошқа гап. Тошга танбур чертишдан нима фойда?” — деган бўларди алам билан.

Қалам ҳақ. Ҳозир тингловчи бундай ҳашаки хиргойиларга кўникди. Тақлид йўли билан ижро этилаётган минғир-минғирларни танқид қилиш ортиқча. Чунки улар танқиддан анча паст. Пул бўлса хиргойининг нархи баланд…

Ҳозир томошабинни айрим қўшиқларга ишланаётган беҳаё клип­лар кўпроқ ташвишга солаётир. Уларнинг уятсиз, бачкана қилиқларини кўриб, наҳотки шулар ўзбек қизлари бўлса, деб ёқа ушлайсиз ёки кўзларингизни четга буриб яширасиз. У қиз бола бўлиб уялмайди, сиз клипни томоша қилиб уяласиз, баъзан клипдаги беҳаё қилиқларни, шаҳвоний кўз сузишларни кўриб, юз-кўзингизни совунлаб ювгингиз келади. Баъзан ҳой қизлар, эс-ҳушингизни йиғинг, уч-тўрт дақиқалик клип учун ўзингизни бозорга солманг деб ҳайқиргинг келади. Ахир уларнинг ҳам ота-оналари, бобо-бувилари бордир? Улар гапириб, танбеҳ берар, деб таскин топасиз. Агар уларнинг ўзлари рухсат берган бўлсалар-чи? Унда иш расво! Тавба қилишдан бошқа илож йўқ!..

Лекин бу ўткинчи кунларни деб, ҳамма нарсани пул ҳал қилади, деб ўзингизни хор қилманг, тубан кетманг, деб сизни огоҳлантирмоқчимиз. Хиргойи ва беҳаё клип билан ҳеч бир қўшиқчи узоққа боролмайди. Бундай ўткинчи нарсаларни эфирга бераётган телеканаллар ходимлари жиғилдони аллақачон “пул завод”га айланган бўлса керак. “Пул ўлсин-о, пул ўлсин” қўшиғини улар учун қайта-қайта куйлашларини қўшиқчилардан қайта-қайта сўраб қолардик…

Ҳуштак чалиш кўпроқ болалар, ўсмирларга хос бўлган қизиқарли машғулот. Лекин ҳуштак чалиш қанчалар мароқли бўлмасин, уни қаерда, қачон чалишни билиш керак. Бўлар-бўлмасга, жамоат жойларида, катталар даврасида, тўй-маъракаларда, маърифий-маданий учрашувларда, ҳуштак чалиш асло одобдан эмас.

Баъзи болалар ўртоқларининг номларини айтиш ўрнига ҳуштак чалиб чақирадилар. Бу яхши эмас. Айримлар эса танаффусларда қулоқни қоматга келтириб, гуруҳ бўлиб ҳуштак чаладилар. Аслида бу шовқин нимага ва кимга керак? Бош­­қа бир ҳуштакбозлар мактабда бирор-бир сана муносабати билан залда ёки синф хонасида йиғилганларнинг асабларига тегадилар. Улар гўё мусобақа ўйнаётгандек, бир-бирларидан ўтказиб, баланд овозларда ҳуштакка эрк берадилар. Зал ҳуштакбозликка тўлиб-тошади. Ҳеч нарсани эшитиб бўлмайди. Бу ҳолни яхши одат деб ҳисоблайдиганлар катта хато қиладилар.

Ҳуштак, асосан, мактаблар ўртасида бўладиган спорт ўйинларида, масалан: теннис, бокс, футбол, волейбол сингари спорт турлари бўйи­­ча ўтказиладиган мусобақалар жараёнида ўз жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳуштак чалиш мумкиндир. Бунда чидаса бўлади. Шунда ҳам баланд овозда эмас, балки меъёрида чалинган ҳуштак мусобақа қатнашчиларини ғалабага руҳлантиради.

Шунингдек, дарслардан таш­қари пайтларда, далаларда мол-қўйларини боқаётган, боғлар ва томорқа юмушларида ўз хоҳишлари билан ота-оналарига ёрдам бераётган ёш дўстларимиз зерикмаслик­лари учун бемалол ҳуштак чалиб ёки ҳуштакка бирор куйни хиргойи қилиб ишласалар, бундан кайфиятлари кўтарилади…

Энди баъзан қизларнинг ҳуштак чалаётганига нима дейсиз? Бир ўқитувчи синфларда ўғил болалардан кўра, ҳуштак чаладиган қизларнинг кўпайиб бораётганини ташвишланиб гапирди. Агар мақолани ўқиган қиз болалардан бири: “нега унда хонандалар Зиёда Қобулова билан Гулсанам Мамазоитова ҳуштак чалиб қўшиқ айтадилар” деб савол берса, бу савол ўринли бўларди. Негаки, ҳуштак чалиб юриш умуман миллатимиз менталитетига асло тўғри келмайди. Ўзини ўзбекман, деб ҳисоблаган одамга мутлақо ярашмайдиган салбий одат. Жамоат жойларида, кўпчилик ўртасида ҳуштак чалиш ҳам гуноҳ ҳисоб­ланади. Биз таниқли хонандаларимизга ана шу фикрларни яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз, холос.

Яна бир муаммо: баъзан бош­қа уйлар, мавзеларда турадиган болалар қўшни ҳовлилар, мавзелар атрофига ўрнатилган ўриндиқларга ўтириб, ярим тунгача бақир-чақир қилганлари етмагандек, одамларнинг ҳуштак чалиб уйқуларини бузиш­ларига нима дейсиз? Буниси энди ортиқча эмасми?

Болалигимизда “Ҳуштак чалма, уйга ўғри тушади”, деб ўргатишар эди. Биз ўғридан қўрққанимиз учун ҳам зинҳор ҳуштак чалмасдик. Аслида бу иборанинг замирида ҳам одоб-ахлоқ ётганлигини кейин тушунганмиз. Ҳақиқатан уйда, катталар, ота-оналар даврасида чуриллатиб ҳуштак чалиб юрганлар одоб кўчасидан ўтмаган ва тарбия кўрмаган ҳисобланади.

Шундай экан, ашаддий ҳуш­такбозлар ва айрим ҳуштак чалиб қўшиқ куйлаётган хонанда сингилларимиздан ҳар жойда “чур-чур”лаб юрмасликларини, атрофдагиларнинг асабларини бузмасликларини ва энг муҳими ҳуштак чалиш одобини ўрганиб олишларини истардик.

Билиб қўйинг, қачон, қаерда ва меъёрида ҳуштак чала билиш ҳам тарбия ҳисобланади. Иложи бўлса, асаббузар ва беъмани қўшиқ ва унда чалинадиган ҳуштакдан йироқ бўлинг.

Ашурали ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + twelve =