Бетига урсанг бети котади

Таълим-тарбия — инсон зийнати. Шундай экан, фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-онанинг бурчи ҳисобланади. Бола то вояга етгунча, менлигини таниб, ўзини англагунча, ўрни келганда, чиройли хулқини мақтаб, ака-укасига, опа-синглисига меҳрибонлигини, ота-онаси хизматида бўлишга шайлигини кўриб, албатта, уни рағбатлантириб турилиши фойдадан холи бўлмайди. Аммо…

Аммо рағбатлантириш, мақтов ҳам меъёрида бўлгани яхши. “Шакарнинг ози ширин”, деганларидек ҳаддан ортиқ эркалаш ҳам бола хулқида салбий ҳолатларни юзага келтириши мумкин. Афсуски, бунга ҳамма ота-оналар ҳам бирдек амал қилавермайди. Баъзилар: “Болани калтак­лаб туриш тарбияда қўл келади”, деса, баъзи бирлари: “Болани бетига урсанг бети қотади”, деганларидек, ҳадеб калтаклаш болани қаҳрли қилиб қўяди”, дейди.

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган устоз Зуҳра Толибова ва ўқувчи Акмал Қодировлар ўртасидаги муносабат тасвирланган лавҳани кўриб қолдим. Ўқувчининг ўзбошимчалиги, дарсни тинг­ламасдан, синф­хонанинг уёғидан-буёғига бориб келиши, синфдошлари­га халақит бериши, табиийки, устозга ёқмаган. Аммо баджаҳл устоз вазиятни юмшатиш ўрнига куч ишлатибди. Яъни, болани калтаклабди.

— Мен ўқитувчилик фаолиятим давомида бундай ҳолатларга кўп бор дуч келганман, — дейди Наргиза Собирова. — Менимча, болани тартибга чақиришда, унга дарс давомида билим беришда “уриш” методикаси хато, деб ўйлайман. Сабаби, биргина ҳаракат сабаб ўқувчини фандан узоқлаштириб қўйиши мумкин. Бунинг ўрнига қизиқарли усуллардан фойдаланиш жоиз. Бундан ташқари, синфхонани фанга доир расмлар билан жиҳозлаб безаб қўйсак, дарсни замонавий методик асосда олиб борсак бу яхши самара беради.

Дунё тажрибасидан маълумки, айрим хорижий таълим ўчоқларида дарслар асосан табиат қўйнида ўтилади. Ўқувчига дарс жараёнида маълум эркинликлар берилади. Уларнинг фикрича, дарсни мунтазам равишда синфхонада ўтиш ўқувчини бездириб қўяди. Ўқувчиларнинг дарсга қизиқишини сўндиради.

Мактабларда ёши улуғ мураббийларнинг устозлик қилиши самарали, аммо ёшларга ҳам ишониш керак. Уларни кенг қамровда мактабга жалб этиш ундан-да яхши самара беришига шубҳа йўқ. Сабаби, инсон ёши улғайиб боргач насиҳатгўй бўлиб қолади. Ҳамма замонларда ҳам “ақл”ли гаплар ёшларга ёқмаган. Бу билан устоз-педагогларнинг тажрибасини, илмий салоҳиятини камситмоқчи эмасмиз, уларнинг сабоғини олиш ёш ўқитувчиларга ҳам асқотади. Шу билан бирга, ёш мутахассислар ҳаракатдаги, жонли, дарс соатларини жўшқин ва болаларбоп қизиқарли қилиб ўта олади, демоқчимиз. Энг муҳими, ёш кадрларда кутилмаган янгиликлар, ғоялар тез-тез юзага қалқиб чиқади. Чунки ҳаётдан ортда қолиб кетмасликлари учун ҳам улар доимо фикрлаш, мулоҳаза қилиш билан банд бўлишади.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 6 =