Очарчилик йилларининг одамлари
Ҳаёт — ойна. У бизга нималарни кўрсатади? Албатта, қизиқишларимиз доирасидаги воқеликлар… Юксалаётган муваффақиятларнинг негизи эса ИНСОН… ИНСОН ва унинг интилишлари… Бу ҳолат мен учун доимо сирли бир воқеликни ўз ичига олгандай туюлаверади. Шу воқеликни англагим, унинг сир-асрорини ўргангим келади.
Биринчи мисол: Қаҳрамоним ҳали ҳам ёшлик тетиклигини йўқотмаган 80 яшар нуроний — Эргаш Қурбонбоев. У Тўрткўл туманининг “Тозабоғёп” овулида 1941 йилда туғилган. У шу тумандаги мактабларда 56 йил давомида ёшларга таълим-тарбия бериб келди. Ўтган кунлари ҳақида шундай ҳикоя қилади:
— Онам мени бешикка белаб, тонг саҳардан беда ўриб, эски Тўрткўл (турар-жойимиздан 18 км. узоқликда)га жойга пиёда борганча бедани сотиб, пулига тариқ, сули ёки жўхори каби озуқабоп экинларни олиб, кечқурунга етиб келгунча “Эргаш бешикда ўлиб қолгандир”, деган ўй билан келар экан. Онам ҳар сафар шундай ўй билан келганида ё ухлаб ётган бўламан ёки йиғлаб қора терга ботиб ётган бўлар эканман. Лекин мен омон қолганман. Очарчилик то 1955 – 1960 йилларгача давом этган. 1945-1950- йиллардамиди онам менга олма дарахтининг пўстлоғидан қириб олиб кел деб, буюрарди. Олиб келган пўстлоқларни ювиб, сувга солиб, бир қайнаб чиққунча ўчоққа ўт қўярди. Шу олма дарахти пўстлоғи чойининг мазасини ҳалигача унутганим йўқ.
1959 йили мактабни битказиш арафасида Ойбек домла билан учрашув ўтказдик. Отам урушда ҳалок бўлгани учун, кимдир менга “ўғлим” деб сўзлашини жуда ҳам истардим. Ўқишга топширдим. Ректоримиз Абдуллаев Шопўлат Шоакбарович “Ўғлим” деб, менга мурожаат қилганида, томоғимга бир нима тиқилиб қолгандай, йиғлагим келган. Химия биология факультетининг талабалар касаба уюшмаси раиси Эркин Абдуллаев эса маошига олган жетонларини менга бериб, фалон жойда “Пельменная” деб ёзилган ошхона бор. Шунга бориб овқатлан, деб кунда жетон берар эди.
1965 йил институтни битказиб, 256 – сонли буйруқ билан шаҳардаги 1-сон умумтаълим ўрта мактабида иш бошладим. Рус тилида ушбу фанни ўқитадиган ўқитувчи бўлмаганлиги боис, менга рус синфларини ҳам беришди. Рус тилини ўқитишда унчалик зўр эмас эдим.
Алишер Навоийни кўп ўқийман. Айниқса “Хамса”ни… Инсонни қийинчилик тарбиялайди. Мени тарбиялаган нарса уруш пайтидаги қийинчиликлардир. ҚИЗИҚИШ, ИЛМ, ИШ, ТАЖРИБА, ҲАЛОЛЛИК ВА АҚЛ УЙҒУНЛИГИ инсоннинг ўзини англашига ёрдам беради. Тўқлик нани дедирмиди, очлик нени едирмиди, дейилади халқ оғзаки ижоди намуналарининг бирида.
Нафақага чиққандан кейин бир маҳал ёнимиздаги мактабнинг битта хонасининг томи ўпирилиб тушди. Нега ўпирилади?! Суриштириб-суриштириб қарасам шифт деб, ишланган бетон ишланмаларига арматур ўрнига 6 мм.ли сим қўйилган экан. У ёқ – бу ёққа изланиб мактабни қайта таъмир қилдирдим. Ёнидан болалар боғчаси ҳам қурдик. Натижада ҚОНУНКАШ, БЕТГАЧОПАР ВА ЁЗУВЧИ номларига эга бўлдим….
Бугун 6 нафар фарзандим, 20 нафар неварам, 5 нафар чеварам бор. Шукур алҳамдулиллаҳ! Лекин ҳозирга қадар Навоийни қўлдан қўймайман. Қанийди мактабларимизда Навоий дарслари чуқурроқ ва кенгроқ ўтилса…
Ҳа, биз очарчилик йилларини кўрдик. Бу эса ҳаётни, унинг неъматларини бизга қадрлашни ўргатди. Бугунги авлодлар ҳам ҳаётни, инсонни, неъматни улуғлашни ўрганса, дейман…
Ҳаёт — сабоқ. У бизга инсон ҳақиқатлари йиллар давомида шаклланганлигини кўрсатади… Ҳа айтганча, Эргаш ака нафақага чиққандан кейин тўртликлар ёза бошлаган. Тўртликлар ҳам маълум миқдорга етиб борибди. Бундан ташқари, у деҳқончиликда ҳам тажриба тўплаган. Айниқса, органик пахта деб ўзи ном қўйиб, ўз томорқасида етиштирган пахта ўсимлигини бир кўрсангиз эди…
Мунаввара Юсуф.
Тўрткўл тумани