Дунёни пичирлаш вайрон қилади

Қизиқ, нега одамлар бир-бири билан кўришганда гапни “деди-деди”дан ёки “ана у унақа, мана бу бунақа”, дейишдан бошлайди. Наҳотки улар бир-бирининг аҳволини билиш, дардини тинглаш, камини ёки топганини савобли ишларга сарфлаётгани ҳақида гурунг қилишмаса… Бундан ташқари, маънавий масалалар, адабий суҳбатлар ҳам жон озиғи-ку…

Бир куни ишдан тўғри уйга келдим. Эшикдан кирганим, уст-бошимни ечганимни биламан:

— Вой, эшитдингизми? Пастки қаватдаги қўшнимиз бор-ку, ана ўша бизнинг ўғлимизни ёмонлабди, ўла қолсин, ўзининг боласи обод бўлса ҳам эди, — деб қолди хотиним.

Ўзи кейинги пайтлар шу муаммо — одамларнинг бир-бирини ғийбат қилиши бошимни қотираётган эди. Нима деб жавоб беришни билмадим.

Кечки таомни еб, компьютернинг ёнига чўкдим. Янги саҳифа очиб, ғийбат ва унинг ёмон оқибатлари тўғрисида билганимча ёза бошладим. Охирига етмадим, жуда чуқур мавзу экан. Уйқу “босди”…

Эрталаб ишга борсам “меҳрибон” ҳамкасбим суюнчи олди: “Ҳай, тўхтанг, эшитдингизми, ёнингиздаги хонада ўтирган ходим бошлиққа сиз ҳақингизда роса мағзава тўкибди-я! Ишга кеч келади, масъулияти йўқ, топшириқларни қўл учида бажаради деганмиш. Жим юравермай сиз ҳам “ответ” қилмасангиз, раҳбар ёмон кўриб қолади, тамом, мазангиз қочади. Сиз ҳам киринг, унинг қанча айби бор, ҳеч бўлмаса тўрт-бештасини айтинг”, деб маслаҳат берди. Яна қўшиб қўйди: “Сизни ҳурмат қилганимдан, яқин олганимдан, куюнганимдан айтаяпман, тағин бошқача тушунманг, хўпми? Бош­­қа одам бўлса сира айтмасдим”.

Аввалига оғзим очилиб, унга қараб қолдим. Қани миямга бир фикр келса. Аммо кечаги ёзмоқчи бўлганим — ғийбат ҳақидаги мақолага мавзу топилгандай бўлди…

Аслида бу кўпчиликка таниш гап, яширмайман, баъзан ўзим ҳам ҳамсуҳбатимни ранжитмай деб беихтиёр ғийбатига қўшилиб қоламан. Сизда ҳам шундай бўлса ажабмас. Унда келинг, ғийбатчилар ҳақида эмас, ғийбат ва унинг инсонларга таъсири ҳақида фикрлашсак, менимча шу манфаатли бўлади.

Муқаддас Қуръони Каримнинг “Ҳужурот” сураси 12-оятида: “Бир-бирингизни ғийбат қилманг”, дейилган.

Шундан бўлса керак Шайх Саъдий дейди: “Мен кечалари доим зикрда, ибодатда бўлар эдим. Кўп Қуръонга машғул эдим. Кечалари ибодат қилмай ухлаб ётганларни кўриб, отамга:

— Эй отажон булар ҳам ухлаб ётавермай ибодатга машғул бўлсалар яхши бўлар эди, — дедим. Шунда отам:

— Эй “отасининг жони” болам, сен ҳам буларни ғийбат қилганингдан кўра, ухлаганинг яхши эди, — дедилар”.

Ана холос, шу жумлаларни ўқидиму бирор инсоннинг бир куни ғийбатсиз ўтармикин, деб ўйлаб қолдим. Хожа самандар Термизий бобомиз эса: “Азизим, жоҳил ва ноаҳил кишилар суҳбатидан қоч, оқил ва комил кишилар суҳбатига интилгинки, фисқу-фужур аҳлининг суҳбати барчага зиён келтирувчи илон суҳбатига ўхшайди. Ақлли кишиларнинг хизматини қилишнинг фойдаси атторнинг дўкони фойдасига ўхшайдики, атторнинг дўкони ўзгалар либосини муаттар қилади!” — дейди.

Очиғи, мушоҳада қилинса, бугун одамларнинг энг қимматли вақтини ўғирлаётган, илмдан чалғитаётган, интилишига ва хайрли ишларига тўсиқ бўлаётган ғийбат иллати нафақат одамлар ўртасига, ҳатто давлатлар ўртасига ҳам нифоқ солаётганига гувоҳ бўласиз. Сурия, Ливан, Теҳрон атрофидаги ғавғолар ёки кутилмаганда Европада кенг муҳокама бўлаётган “Шимолий поток-2” машмашаси АҚШни ҳам чўлғаб олди. Балки Томас Элиот: “Дунёни портлашлар эмас, пичирлашишлар вайрон қилади”, деганида ҳақ гапни айтгандир.

Ҳа, бу ғийбат дарахтининг томири анча ёйилиб кетган шекилли, дунёни вайрон қиладиган даражада қуввати борга ўхшайди.

Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулис­тон ёхуд ахлоқ” асарида ғийбатга шундай таъриф берилган:

“Ғийбат деб бир кишининг камчилик ва қусурини орқасидан сўйламакка айтилур. Ғийбатни сўйламак ҳаром ўлдиғи каби эшитмак ҳам ҳаромдир. Киши ўз нафсиға лаззат умиди ила бировни ғийбат қилуб, этини чайнамак гуноҳ ҳам инсоният номина ярашмаган энг ёмон ахлоқи замималардандур.

Инсон бошқа гуноҳларини нафсининг лаззати учун қиладур. Аммо ғийбат соҳиби лаззат ўрнига ўз бошига ёки бир бошқа кишининг бошига бир бало ҳозирлайдур. Чунки сўз бориб ғийбат қилинмиш кишининг қулоғига етар. Ғазаб қони ҳаракатга кирар. Ғийбатчидан ўч олмак фурсатини пойлар. Шул тариқа ғийбатдан туғилган адоват чўзилмоқға оид бўлуб, душманлик зўраюб ўз ораларидағи хусусий жанжаллар ила азиз умрларини уздируб, умумий халқ фойдаси учун ишланадурғон миллий ишлардан маҳрум бўлмаклари ила баробар аҳолининг орасидан иттифоқнинг йўқолувига сабаб бўлурлар.

Алҳосил қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса, ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: “Ғийбатдан сақланингиз, ғийбат зинодан ҳам ёмонроқдур”, демишлар.

Афсуски шундай бўлса-да, бу иллат ёқамизга шу қадар ёпишиб олганки, ундан воз кечиш учун нима қилишни билмай қолдик.

“Радиода Ўзбекистон халқ артис­ти Гавҳар Зокированинг кўзи ожиз ўқитувчи қиз билан суҳбатини тингладим”, деб ёзади, таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев “Ҳаёт сабоқлари” мақоласида. Ва ўша суҳбатдан парча келтиради: “Анчадан бери бу қадар ҳаяжонли, айни пайтда самимий, қалб қароғига етиб борадиган бундай мулоқотга гувоҳ бўлмаган эдим. Ўқитувчи қиз шундай деди: “Бордию мўъжиза содир бўлиб, ҳаётимни қайтадан бошлаш мумкин бўлса ва менда икки йўлдан бирини танлаш имкони юзага келса, биринчиси — кўзинг очилади, бу ёруғ оламни кўрасан, аммо ҳаётинг азоб-уқубат, фитна-фасод, иғвою ғийбат ичида ўтади, иккинчиси — кўзинг ожизлигича қолади, аммо бахт, омад оғушида яшайсан, садоқатли дўстларинг атрофингда бўлади, умринг хотиржамликда кечади”, десалар, ҳеч иккиланмай иккинчи йўлни танлаган бўлар эдим”.

Бу гапдан наинки тингловчилар, радио тўлқинлари ҳам титраб кетган бўлсалар ажаб эмас.

Ҳа, фитна-фасод, иғвою ғийбат соғлом фикрли кишига сира ёқмайди. Уларни ёмон кишилар тарқатади. Шунинг учун Паҳлавон Маҳмуд бобомиз:

Ёмон билан улфат бўлма, юр йироқ,

Йўлингга дон сочиб қўяди тузоқ.

Ёйни эгри кўриб, тўғрилигидан

Ўқ ундан қанчалик қочганига боқ. —

дея бежиз огоҳлантирмайди. Аммо қанча-қанча огоҳлантиришларга қарамай яна ғийбат қилаётганларга қарата уларга Тангрининг ўзи инсоф берсин, дейишдан ўзга чора қолмайди.

Шуҳрат РЎЗИЕВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 3 =