Саломатлик ва маънавиятимиз кушандаси
Кунлар исигани сайин озиқ-овқат дўконларининг олдига ҳам турли рангдаги салқин ичимликлар солинган қутилар терила бошланади-ю, беихтиёр… ёзнинг кўнглимга ғашлик соладиган айрим манзаралари хотирга келаверади: таркибидаги нарсалари табиий эмаслиги нотабиий ранглариданоқ кўриниб турган турли номдаги салқин ичимликларни каттаю кичик сотиб олиши авжига чиқади. Ким қўлини қачон ювгани ҳақида ўйлаб, ким ўйлаб ҳам ўтирмай сувни кимдир андиша билан четга ўтиб ичади, кимлар йўл-йўлакай симиради. Катталарки шундай қилгач, иссиқ кунда ўзидан ёши улуғлар етагида сайрдами, бозору дўкондами юрган болалардан нима гина? Уларнинг кўпчилиги кўчага чиқди дегунча сув, асосан, рангли сувлар олдириш илинжида бўладилар.
Ёзнинг иссиғида қизиб турган баданга муздеккина сув жуда ёққандек туюлади. Аммо аждодларимиз фақат қишнинг совуқ кунларида эмас, балки саратон жазирамасида ҳам иссиққина чой ичганлари, бу удум асрлар давомида ўзгаришсиз давом этиб келгани сабаби билан қизиққанмисиз? Мутахассисларнинг айтишича, қиш кунида ўз-ўзидан одамга иссиқ ичимлик ва таомлар жуда ёқади; ёзда ҳам қизиб турган кишининг ички аъзоларига ҳарорати кескин совуқ эмас, балки илиқ-иссиқ нарсалар истеъмол қилиш фойдали экан. Бу ҳолат инсонни икки фазилат – сабрли ва тиббий маданият соҳиби бўлишга ҳам ўргатади. Ҳадиси шарифда сувни ўтириб ва уч марта бўлиб-бўлиб ичишга чақирилиши ҳикмати ҳам сабру қаноат ва саломатлик тарбиясига бевосита боғлиқ, иншааллоҳ.
Булар – ҳаммамизга таниш вазиятлар. Лекин салқин ичимликлар билан боғлиқ яна бошқа жиҳатлар борки, улар диққатни жалб қиладиган ранглару жимжимадор эълонлар панасида “пусиб” ётади. Эътибор берсангиз, елим идишлардаги ранг-баранг салқин ичимликларни иситиб ичиш тавсия этилмайди. Сабаби… уларнинг ҳарорати кўтарилгани сайин ранги бошқача бўла боради. Бу дегани – ҳарорати ошганда бу ичимликларнинг таркибида кимёвий ўзгариш бўлади, қайсидир меванинг таъмини, ҳидини берадиган кимёвий модда идишнинг тагига чўкади. Энди тасаввур қилинг: муздек ичимлик ичилганда, у киши ошқозон, ичаклари ҳарорати таъсирида исийди, ундаги кимёвий моддалар ажралиб ички аъзоларга чўкади. Бу чўкиндилар йиғилиб-бирлашиб тошга айланади – бу фикрларни илмий манбалардан ўқиганлар, куюнчак шифокорлардан эшитганлар, афсуски, жуда озчиликни ташкил этади.
Бу ҳам етмагандек, айни ёз кунларидан бошлаб бир қатор маҳаллий телеканалларда салқин ичимликлар бозорини қизитиб, уларни бўкиб ичишга чорлайдиган шоу дастурлар мусобақалари қизиб кетади. Яъни, қай бир салқин ичимликнинг қопқоғига ёзилган пул ёки қимматбаҳо совғани ютиб олганлар студияларга жамланади; республикамизнинг олису яқин ҳудудларидан келган оилалар аъзолари миллионлаб томошабинларга ютуққа эга бўлиш учун неча минг-минг сўмлик ёки неча юзлаб идишдаги сувларни сотиб олганларини завқ-шавқ билан сўзлаб берадилар.
Шу ўринда бир танишимнинг гаплари ёдимга тушди: “Хотинимга меҳмондорчиликка кийиш учун кўйлак сотиб олишга пул бердим. Орадан вақт ўтди, қарасам, хотин онасиникига яна охори кетган кўйлакда боряпти. “Кўйлак олмадингми?” десам, “Э-э, у пулларни болаларингиз қиммат-қиммат салқин ичимликлар олиб тугатишди”, дейди…
Шунақа, телеэкранларда кун-кунора сув ичиш (тўғрироғи, сув сотиб олишга пулини ва вақтини исроф этиш) бўйича намойиш этиладиган шоулар қаҳрамонига айланиш учун китоб-дафтар, мева, ақлни ривожлантирадиган қўлланмалар ўрнига салқин ичимлик харид этишга ишқибоз болалар сони йилдан-йилга кўпаймоқда, уларнинг қанчасини кап-катта ота-оналари, ҳатто бобою бувилари ҳам қўллаб-қувватлаб турибди. Шу ўринда шифокорларга ҳам жиддий эътирозимиз бор: уларнинг тўғри овқатланиш меъёрлари, тартиблари ҳақидаги унда-бунда айтган гаплари одамлар соғлигини емиришга хизмат қиладиган ҳар хил ичимлигу ширинликлар рекламалари олдида чивиннинг фил олдидаги визиллашига ўхшаб қоляпти.
Тарихий манбалар, мумтоз адабиётимиз намуналари, халқ оғзаки ижодимиз мазмун-моҳияти ҳақида мушоҳада юритсак, уларнинг бирортасида меҳнат қилмасдан, жон қийнамасдан, эзгу ишларга ҳисса қўшмасдан ҳалол бойлик ёки чинакам обрўга эга бўлиш ҳақида гап-сўз, ғоя йўқ. Кўпкари, улоқ мусобақаларида йигитлар моҳир чавандозлиги эвазига; қорилар Қуръони карим тиловати маҳоратига қараб; чевар қизу аёллар тикувчилик санъати шарофатидан; пазандалар элга манзур таомлар тайёрлаб; қурувчию муҳандислар қурган иморатлари (в.ҳ.) боисидан эътибор, ҳурмат, иззат-икром топганлар. Асрлар оша маънавий мерос бўлиб келаётган илмий, бадиий адабиётларимизда инсон камолотининг илдизлари билим, ҳунар, меҳнат, интилиш, изланишдан озиқланиши, теранлашиб бориши ёрқин қаҳрамонлар, ҳаётий мисоллар ёрдамида авлодлар онгига сингдириб келинди. Энди… 3-4 минг сўм тўлаб сотиб олинган қоғозчалардаги рақамларни “очиб” бой бўлиб кетиш илинжида навбатда турганларни; ютуқли қопқоқчани топиб олиш учун салқин ичимликларнинг қопқоғини эринмай, ирганмай тўплаётганларни; ҳар хил норасмий ташкилотлар эълон қилган акциялар ғолиби бўлиш илинжида ўзинию ўзгаларнинг вақтини увол қилаётганларни учратиш оддий ҳолат бўлиб қолди. Уяласан, меҳнатсиз, жон куйдирмасдан лоторея ўйинлари, ҳар хил акциялар, шоуларда қатнашиб нимагадир эга бўлиш иштиёқи – ўз номи билан атаганда, таъмагирлик, илинж. Бундай маънавий дарддан ота-боболаримиз ҳазар қилганлар. “Бировнинг молига кўз олайтирма, хомтама бўлма, ерда тушиб ётган нарсаниям олма”, – мана шундай тарбия берганлар. Ерда ётган нарсани уйига олиб киргани учун боласининг яхшилаб таъзирини берган ота-оналар ҳақида кўп эшитганмиз. Шу руҳда тарбияланганмиз.
1981–94 йиллар давомида Тошкентнинг “Халқлар дўстлиги” майдони ёнидаги уйлардан бирида яшагандик. Ўша пайтда ҳам пойтахтнинг энг кўркам жойларидан саналган бу майдон доим хорижий сайёҳлар билан гавжум эди. У ердан тез-тез ўтишга тўғри келар, ҳар сафар бир манзарага гувоҳ бўлардим: сайёҳларнинг автобуси келиб тўхташи билан бир неча ўзимизнинг болаларимиз уларнинг ёнига чопиб боришар, ўраб олишар, сайёҳлар уларга сақичми, ширинликми беришини очиқ-ойдин кутишарди. Онда-сонда пайдо бўлган милиция ходимининг хуштагидан болалар тарқаб кетишар, кейин яна сайёҳлар машинасига чопишарди. Бир куни… оқсоқлигидан анча қийналиб юрган бир сайёҳ шерикларидан орқада қолиб кетди-ю, унга ўн ёшлардаги бола гўё “ёпишиб олди”. Сайёҳ “ҳеч нарсам йўқ” маъносида имо-ишора қилар, аммо бола ундан ҳеч “узилмасди”. Шу пайт автобусга чиқиб ўтирган сайёҳлардан бири пастга тушди, ҳалиги манзарани суратга олди ва болага нимадир тутқазди… Бола хурсанд чопқиллаб кетди, сайёҳлар юзидаги ифода номини айтгим келмайди, лекин хотирамдан ўчмайди. Билмадим, нимагадир айни кунлардаги ўтмас молларнинг харидорини кўпайтириш учун совғалар эълон қилиниб уюштирилган шоулар қалбимдан алам-аччиғи аримайдиган ўша манзараларни ёдга солаверади.
“Болаларимиз ўқишга қизиқмайди, ҳунар ўрганишга рағбати йўқ… Лекин ота-онасидан қимматбаҳо телефон, машина, чиройли кийимлар олиб беришни талаб қилишади”, – бунақа нолишлар тез-тез қулоққа чалинади. Аввало, биз катталар уйғонайлик. Жисмоний, маънавий саломатликнинг қадру қимматини англамас, болаларимизга англатмас эканмиз, токи нафсимизга орият қалқон бўлмас экан, кошоналар ичра ҳам қашшоқлигимизча қолаверамиз.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган маданият ходими