Кўнглим ўйнаяпти капалак бўлиб

Муаллиф ҳақида:

Наргиза Одинаева — 1988 йили Қумқўрғон туманида туғилган. “Йўлдаги мактублар”, “Тўрт томон” номли шеърий тўпламлари нашрдан чиққан. Шеърлари “Кенг­лик оҳанглари”, “Теран илдизлар” каби қатор рес­публика баёзларига киритилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти.

 

                        ТУН

Этакда бир ўзи турибди, ана,

Нурсиз милтираган кимнинг чироғи.

Мени ҳаяжонга солади яна

Шамолнинг қўшиғи, терак титроғи.

 

Замин жим ухлайди, тушига кирган

Оқ отли шаҳзода қайтар изига.

Кўйлаги идраган юрагим билан

Ким бўлиб кўринсам унинг кўзига.

 

Қайда ўтирибди тоғ ошган олам,

Бунда қолган фақат садо бергани:

Бойқуш-карвонидан адашган одам,

Чигиртка кечанинг чақалоқлари.

                              

Барибир, нимадир кам, бирибир, надир кам,

Тўкис бўлолмайди аввал, на охир.

Кўзларимни юмиб, уфққа тикилсам,

Бунда ҳеч нарса йўқ ҳаводан оғир.

 

Шомнинг сукутида кафтларим зада,

Жоним келаяпти кўзимга тўлиб.

Ҳаммаси ўзгарди, энди оловда

Кўнглим ўйнаяпти капалак бўлиб.

 

Қаерда тўхтайди ёлғоннинг забти,

Оғримай яшашга яна нима шарт?

Ҳозир тўлаётган ойда юрибди

Ернинг юрагидан оёқлаган дард.

 

Бугун кўчаларга қараб ўйлайман,

Қачон баҳор эди, қачон куз эди?

Дунё айбламасин, эртак билмайман,

Мурод лабингдаги битта сўз эди.

 

Борлиқ ўсаверсин бўйи-энига,

Оқ-қора кунларга, мана, кўксим ринг.

Фақат… бўйларингни соғинсам, нега

Чўкиб борар сенинг ҳар баҳор қабринг?

 

                               * * *

Тўлқинлаб ўйнайди шамоллар – бебош,

Нафаси энтикиб қўяр дарчанинг.

Бошини куйдириб ўтади қуёш

Ислари эскириб кетган арчанинг.

 

Туш кўрган тоғларнинг кўйлаги ғижим,

Замин чайқалади қўлнинг ояси.

Йўлнинг этагидан узоқлашар жим

Одамга ўхшаган дарахт сояси.

 

Бахт таъмини билар, тонг ҳавосида

Хамирдан бошоқни сўриган чумчуқ.

Ёшини беркитиб кун орқасида,

Умримнинг лабига тошади учуқ.

 

Яшашга куч қидир… йиғлашга улгур…

Майда ташвишларим ёпишди қўлга.

Бугун бекатидан кетиб қолмай тур,

Бироз кечикиброқ чиққанман йўлга.

                               * * *

Дарахтлар қоровул қишнинг йўлида,

Армонли қўшиқдай эланади қор.

Онамнинг қабарган озғин қўлида

Менинг юрагимнинг ажинлари бор.

 

Осмоннинг ортида тупроқ ҳовури,

Оқсоқол кунларни тунга чорийди.

Қаршимда туғилган йўқлик шивири

Қаҳратон ҳавога жонни қорийди.

 

Ўртанган баҳор бор умр бўйнида,

Ўлчовли саноқда айланади Ер.

Онам қаримасин қишнинг қўйнида,

Художон, ялдонинг тонгларини бер!

 

Сўнгсиз соғинчларга кўмилиб қолдим,

Январь, кунларингни зиёрат эта.

Ўзимни тортишга эриниб қолдим,

Нега бунча эрта, бунчалар эрта?

 

“Сим-сим эшиги”дек “муродим” чаман,

Пойига тўкилсам, кунлар кибриё.

Жон тўзғат… барига чидаб бераман,

Бир кўнглимга оёқ ботирма, дунё.

                               * * *

Қайтариб бўлмайди оғиздагини,

Мен ширин деб айтган сувлар шўр эди.

Бир жунун ўзини қайдан топади,

Суяк ичидаги илик қуриди.

 

Умр қаерларда беради нишон,

Кимни соғинамиз уфққа қараб биз.

Кетиб бораяпмиз бўшлиқлар томон

Ёнган гугуртчўпдай тугаб-тугаб биз.

 

Момом дуо қилди какликдек сайраб,

Қолган айтимини шамолга илди.

Тўрт фасли куз бўлган боғларга қараб,

Менинг ҳам елкамдан тутлар тўкилди.

 

Тарози ўлчайди нима билан у,

Кўринмай савдолар кўринмас бозор.

Қўллари қорайиб кетган бойлару

Яна тиши бутун тиланчилар бор.

 

Нега ҳамма таъмга қоришади туз,

Нега ўйин тусмол, рақам алдамчи?

Келолмадим битта қарорга ҳануз,

Баҳор деёлмайман баҳорнинг ичи.

 

Гарчи олисларда қолди болалик,

Гарчи кўзларимга боқмади дунё.

Гарчи кўксимдаги ғуссам минг йиллик,

Мудом мусичаман, гўдакман аммо.

 

Шу кўҳна борлиқнинг шом тарафидан

Турна келаяпти арғимчоқ торта.

Жим ўта олмасдинг ғирром устидан,

Дунёни бир ҳалол қил, Ота!

                                      * * *

Мусаввирнинг кўзида йиғлаган ранг бўлайми?!

Ҳилолнинг юзидаги ўйнаган жанг бўлайми?

Юрагини саратон ёрган харсанг бўлайми?

Дунё, соқов бағрингда битмас яранг бўлайми?

Дарё оқиб ўтмоқда товонида тош судраб,

Йўллар ҳориб келмоқда елкасида бош судраб.

Қимирлолмай турибман, шамолларда жон идраб

Дунё, сўзга сиғмаган кую ноланг бўлайми?

Олтинини кўрган қўл бозорни алдайди,

Эътиқоди яримта мозорини алдайди.

Ёнишни билмаган ул озорини алдайди,

Дунё, қошим оралаб ёзган чоранг бўлайми?

Мен қанотсиз учаман, номсиз йўлнинг отиман,

Кечаларнинг рангиман, ёмғирларнинг бодиман.

“Оч экану тўқ экан” шу эртакнинг мардиман,

Дунё, мурод бермаган етим боланг бўлайми?

                          * * *

Кўрпасиман юлдузларнинг,

Мени дунё кечаяпти.

Тун адашган йўлда ҳорғин,

Ой жонимни ичаяпти.

Кўкка боққан боғлар бўйлаб

Чизилганда кузнинг расми.

Тўлолмаган рангни ўйлаб,

Ой заминга тўкилмасин!?

Тоғ томонга кетган шамол

Айланади булутларга.

Менинг умрим ипак рўмол

Осилгани қандай дорга.

Бошимдаги ҳар кун тўйдай

Сочимгача оҳанг, ёниш.

Ўлмайсанми олов куйдан,

Уйғонмаган, эй Алпомиш.

Умр шундай телба қўшиқ,

Замин ҳар кун тораяди.

Англаганим икки эшик,

Суякларим қораяди.

               ТЎРТ ТОМОН

Мен айтиб бераман кўзингга қараб

Нималар йўқлигин кафтинг ичида.

Кунларни ёндирган соғинч оралаб,

Умримни ўлчадим бахт қаричида.

На менга, на сенга эшдур бу дунё,

Жонимни самандар ўтларга солдим.

Дунёга тўзимлар берсин Худоё,

Энг катта телбага айланиб қолдим.

Энди бир лаҳзамда тўртта фасл бор,

Энди елкамдадир еттита осмон.

Энди қўшиғимга бор оҳанглар тор,

Энди кўзларимда гулласин армон.

Борлиқнинг кулгуси етмиш хил рангда,

Дилдаги ҳаловат қушлардай дайди.

Ҳеч ким ютолмайди туйғусиз жангда

Гарчи гуноҳ пайти, гарчи ранж пайти.

Жисмдан соялар тушмаган ерман,

Тўрт томон ҳам бир хил айтилган йўлдир.

Фақат сукунатдан туғилган шеърман,

Руҳим, вужудимга ўзимни тўлдир.

Баҳор, остонангга “кузсан” деб ёздим,

Тақдир бу сўнгига етмаган фармон.

Гарчи бор жанглардан ақлдан оздим,

Ўзимга айлансин ТЎРТ ТОМОН.

 

                                                       Наргиза Одинаева

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + seven =