“Мажбурий меҳнат” — зўравонлик ёрлиғи эмас!

Мусулмон мамлакатлари аҳолиси орасида “мажбурият” сўзи бот-бот   тилга олинади. Гарчи бу сўзнинг негизида “жабр” тушунчаси ётган бўлса ҳам у бизнинг менталитетдаги одамлар учун аксарият ҳолларда ижобий маъно ташувчи истилоҳга дўниб бўлган. Шу­нингдек, бу сўз “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам ноиложлик; бурч. Ғайриихтиёрий вазифа, бурч ёки бирор мажбурий иш, ҳолат, эҳтиёж” деб изоҳланган. Демак, оилада исломий тарбия топ­ган бизнинг миллат одамлари учун “мажбурият”, аксарият ҳолларда “бурч” ва “вазифа”нинг маънодоши сифатида ҳам қўлланилади. Ота-онанинг фарзанд ва фарзанднинг ота-она олдидаги, эр-хотиннинг бир-бири қаршисидаги, қўшничилик мажбурият(бурч)лари ва ҳоказо. Бу каби мисоллар эса “мажбурият”ни зўрлов маъносида тушунмасликни талаб этади. Ахир “мажбурият” сўзининг таг замирида виждон амрига бўйсуниш, масъулиятлилик, меҳнатсеварлик каби фазилатлар ҳам мужассам эканлигини назардан қочирмайлик.

Сир эмас, кейинги пайтда “мажбурият” сўзи айримлар наздида ҳаммаёғида шохи бор аллақандай махлуққа айланиб бўлди. Ҳаммасига эса миллатнинг маънавият илдизларига қаланган олов – “мажбурий обуна” истилоҳи сабабчи бўлгани рост. Биз мажбурий обуна дея мана газеталарни ўқимасдан туриб ҳам унинг савия(ли)сизлигини баҳолайдиган, матбуотни “олабўжи” дейдиган мутлақо саводсиз бир қавмни “тарбиялаш”га бел боғлаб киришиб кетдик. Бироқ бундай белга боғланган белбоғ хайф. Биз бугун айтмоқчи бўлган фикр эса “мажбурий обуна”га оид эмас, асло!

Тўғри, бир пайтлар одамлар мажбурий меҳнатга жалб қилинган даврларда ҳам яшадик. Каттадан кичиккача ҳамма – пахта далаларга ҳайдаларди. Айнан вояга етмаган болалар меҳнатидан фойдаланилгани учун айрим давлатлар Ўзбекис­тон пахтасини сотиб олмай қўйган пайтлар ҳам бўлди. Ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа касб эгалари ўз иши қолиб кўчалардаги ободончилик ва тозалик ишларига жалб қилинарди. Ҳатто самарқандлик ўқитувчининг ободонлаштириш ишларига жалб қилинган пайт­даги фожиали ўлими кўпчилик ҳаммиллатларимизни чуқур қайғуга солди. Ҳукуматимиз сиё­сати туфайли бу ишларга чек қўйилди.   Бироқ бу бизга меҳнат тарбиясини мажбурий меҳнат деб қилдан қийиқ ахтаришга ҳуқуқ бермайди!

Келинг, гапни узоқроқдан бошлайлик. Ҳали боламиз оёқ очиб атак-чечак қила бошлаши биланоқ биз “уни олиб бор, буни олиб кел” қабилида фарзандимизда меҳнат тарбиясини шакллантиришга уринамиз. Сал каттайиши биланоқ, биз ота-­оналар кун бўйи ишда бўламиз, уй юмушларини эса уйдаги фарзандларимизга тақсимлаб берамиз. Хўш, буниси ҳам “мажбурий меҳнат”нинг бир кўриниши эмасми аслида? Худо кўрсатмасин, қайси биримизнинг фарзандимиз ўзининг мажбурий меҳнатга йўл қў­йилганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қисқа рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилмоқда? Ахир биз фарзандимизни оилада “мажбурий меҳнат”га чорла­япмиз-ку! Бугун меҳнат дарсида   мактабдаги дарахтни оқлаган ўқувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинди десак, эртага мактаб ҳовлисига дарахт эккан (ахир дарахтининг мевасидан тотинган қушлар ҳам боғбон ҳақига “чаҳ-чаҳ”лаб дуо қилиши айтилади-ку!) ўқитувчини меҳнатга мажбурланди десак эртамиз, инсонлигимиз нима бўлади? Бугун деярли ҳамма ташкилот ва корхоналар хўжалик ҳисобидан кун кўраётган пайт­­да уларнинг ҳовли ва бино атрофидаги юмушларини ким бажаради? Ахир ҳамма ташкилотлар ҳам ишчи-хизматчи ёллаб ишлатадиган даражада эмас-ку! Биз Европада эмас, Ўзбекистонда яшаяпмиз. Бу боришда бизнинг, авлодларимизнинг ер супуриш, сув сепиш, ҳашар, беминнат ва бетаъма ёрдам нималигини билмайдиган европаликлардан нима фарқи қолади? Ахир Шарқ фақат матоҳлари билан фарқланмаган-ку!

Бир эслаб кўринг-а, ота-бобомиз ҳеч замон пул бериб иморат қурдирганми? Йўқ. Чунки олдинлари иморатлар танти, меҳнаткаш, полвонқалб ўзбекларнинг ҳашари орқали барпо этилган. Ҳашар эса ўзбекнинг миллий қадриятларидан бири. Бу боришда кун келиб ҳашарни ҳам мажбурий меҳнат қаторига тиркаб қўйиш ҳеч гап эмас.

Маълумотларга кўра, “2020 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 28 та ҳолатда мажбурий меҳнатга жалб этиш аниқланиб, айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Рес­публикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси биринчи қисмига асосан маъмурий жарималар” қўлланилибди.

Келинг, “мажбурий меҳнат” деб “таъбирланган” баъзи бир ҳолатларни кўздан кечирамиз:

Самарқанд вилояти Нарпай туман Халқ таълими бўлими мудири 2020 йил 22 май куни тумандаги 1-, 10-, 12-, 22-умумий ўрта таълим мактабларида мактаб директорларига мактаб ҳожатхоналарини ходимларга таъмирлатишни буюрган.

Ўзбеклар мактабни мадраса деб эъзозлашган. Унга бир ғишт қўйишни орзу қилган одамларимиз. Ахир ана шу мактабларда ўқиётган болалар орасида эртанги кун ўзбегининг шаъни, ҳаёти, ғурури турибди-ку.

Энди мана бу айбловга эътибор қаратинг: “Тушунтириш ишлари олиб боришга мажбуран жалб этилган”миш… Тушунтириш ишлари олиб бориладиган жойга одамларни йиғиш қачондан буён мажбурий меҳнатга айланиб қолди?

2020 йил 21 апрель куни Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 34-умумий ўрта таълим мактаби директори томонидан мактаб ўқитувчиларини аҳоли томорқаларига экин ва кўчатлар экиши лозимлиги ҳақидаги тушунтириш ишлари олиб боришга мажбуран жалб этилган.

“Мажбурий меҳнат” тамғаси қўйилган айбловларни кузатар экансиз, ҳаммаси бир-бирига яқин, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва тозалаш ишлари… Урганчда ҳам айнан шу ҳол:

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида жойлашган Туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари 2020 йил 24-25 январь кунлари коллеж ўқувчиларини ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилган.

Баҳор келди. Маҳалла-кўйда ободончилик, ҳашар ишлари қизиб кетади. Қайсидир биримизнинг оила аъзомиз ишсиз, уйда ётсаю, уни маҳаллада ҳашарга чақиришса, буни кўрган блогерлар “мажбурий меҳнатга тортилди” деб аюҳаннос солиб турса?! Хўш, биз меҳнат тарбияси ва мажбурий меҳнатни бир-биридан фарқлашни қачон ўрганамиз?   Умумтаълим мактабларида “Меҳнат” дарслари кўнгилдагидек ўтиляптими? Бугунги ўқувчи ота-бобоси тутган кетмонни ишлатишни биладими? Биз аллақайси блогернинг нотўғри ташвиқоти билан эртага Ўзбекистон учун дангаса, ишёқмас, такасалтанг бир авлодларни тарбиялаб етказиб бермаймизми?

Ўйлаб қоласан одам, бизнинг уруш оғзини аждаҳодай очиб турган бир пайтда 45 кун ичида катта Фарғона каналини қуриб битказган, қалб амри билан уйида мактаб очиб болаларга текин зиё тарқатган, минглаб ота-онасиз болаларни ўз фар­зандлари қаторида бағрига олган, ҳашар билан мактабу масжидлар қурган танти ўзбекларимиз қаерда? Уларни фақат ўтмишдан ахтарамизми? Ҳар бир ҳатти-ҳаракатга “мажбурий” сўзини тупуклаб ёпиштиришдан кўп эмас, озгина ҳаё қилайлик. “Мажбурий меҳнат” атамаси қайсидир ташкилотлар учун зўравонлик ёрлиғига, этикетига айланмасин! Акс ҳолда эртага “мажбурий нафас олиш”, “мажбурий меҳр” каби тушунчалар ҳам тафаккуримизга печакгулдай чирмашса аҳволимиз вой бўлиши тайин… Кейин ҳолимизга маймунларнинг энг баҳайбати – горилла йиғласа ҳам аҳволимиз ўнгланиши даргумон!

Гўзал БЕГИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =