“Хорижий тил” мақомига ҳуқуқий тус бериш нега зарур?

Назаримизда тиллар масаласида мавҳум ҳолат бор. Давр уни ойдинлаштиришни тақозо этмоқда. У – хорижий (чет) тил муаммоси масаласи.

Дунё тил сиёсатининг ўзак масаласидан бири – “халқаро тил” муаммоси. Расман тан олинган халқаро тил аҳолиси шу тилда сўзлашувчи мамлакатдан ташқарида асосий хорижий тил сифатида эътироф этилади ва ўрганилиши расмий таълим билан йўлга қўйилади. Бироқ мамлакатимизда қайси тил хорижий тил сифатида эътироф этилиши қонуний қолипга солинмаган ва унинг таълимини таъминлашнинг ҳуқуқий меъёрлари ишлаб чиқилмаган.

Ҳозир “халқаро тил” тушунчаси сўзлашувчиси сони нисбатан кўп бўлган 10 га яқин тилга нисбатан қўлланади. Бу термин ўрнида “дунё тили” атамаси ҳам ишлатилади. “Халқаро тил” ва “миллатлараро алоқа тили” тушунчалари чегараси ва моҳияти аниқ эмас.

Халқаро тилларнинг қуйидаги асосий хусусияти эътироф этилади:

— кўпсонли аҳоли уни она тили деб ҳисоблаши;

— уни она тили санамайдиганларнинг кўпчилиги хорижий тил ёки иккинчи тил сифатида билиши;

— бу тил кўп мамлакат, қитъа ва ҳар хил маданий доирада қўлланиши;

— кўп мамлакат мактабларида хорижий тил сифатида ўқитилиши;

— халқаро ташкилот ва конференциялар ва йирик халқаро фирмаларда расмий тил сифатида қўлланиши.

Дунё мамлакатларининг аксарият аҳолиси табиий равишда бирор (ёки бир неч­та) халқаро тилни билади ва унда оғзаки ёки ёзма равишда мулоқот қила олади. Фақат собиқ СССР мамлакатининг кўпчилиги аҳолисининг хорижий тилни билиш рейтингида қуйи поғоналарни эгаллайди. Бу мамлакатлар (Ўзбекистон) ўрта ёшдан юқори аҳолисининг кўпчилиги хорижий тилни билмаслиги асосида у ёки бу даражада (ҳолатда) “камситилади”. Ҳатто етук олимлар ва юқори лавозимдаги шахс­лар ҳам. Бунинг сабаби собиқ иттифоқ тарқалишидан кейин бу ҳудудларда халқаро мақомдаги рус тилининг мавқеи ўзгаришсиз қолганидадир. Муаммонинг ечими эса дунё миқёсида халқаро ва хорижий тил сифатида эътироф этиладиган рус тилига собиқ иттифоқнинг РФдан бош­­қа ҳудудларида ҳам хорижий тил мақомини бериш. Бу ҳуқуқий мақом қуйидаги муаммолар ечимига олиб келади:

биринчидан, аҳоли (хусусан, илмий ва мансабдор кадрлар)нинг хорижий тилни ўзлаштирганлик даражаси юқори эканлиги кўринади;

иккинчидан, рус тилининг бошқа хорижий тиллар каби ўқитиш методикаси такомиллашади;

учинчидан, рус тилининг бошқа хорижий тиллардаги каби баҳолаш тизими ишлаб чиқилади;

тўртинчидан, рус тилининг мазкур ҳудудлардаги мавқеи ва мақоми ҳақидаги ҳар хил баҳс-мунозараларга чек қўйилади;

бешинчидан, рус тилини хорижий тил сифатида ўрганишга қизиқувчилар сони ортади (у хорижий тил сифатида тан олинмаганлиги учун ҳам кўпчилик уни ўрганмайди).

Бугунги кунда халқаро миқёсда рус тилининг мавқеини ошириш мақсадида баёнот бераётган сиёсатчилар уни ўрганиш методикасини такомиллаштириш, ўргатиш учун ички қурилиши даражаларини ишлаб чиқиш – таълимининг жозибадорлигини таъминлашни кўпроқ тарғиб қилиш­лари лозим. Чунки ҳозир ҳам, аввал ҳам рус тилини таълим асосида ўргатишнинг иложи бўлмаган. У тинимсиз мулоқотдан бош­­қа йўл билан эгаллаб бўлмайдиган тил ҳолатида. Ҳали инглиз, немис, корейс, турк тиллари каби рус тилини репетиторлардан ёки ўқув марказларига қатнаб тузук-қуруқ ўрганган ёшларни кўрмадим. Сабаби – ўқитиш методикасининг қолоқлиги. Умумтаълим тизимидаги “Русс­кий язык” дарсликлари рус тилшунослигининг “кичрайтирилган” кўриниши бўлиб келган. Миллий тиллар (масалан, она (ўзбек) тили)нинг таълими ҳам рус тили таълими андозасида шаклланган – рус тилшунослиги асосидаги ўзбек “она тили тилшунослиги” мазмун-моҳиятига эга бўлиб қолган. Анъаналашган бу таълимдан, мана, 30 йилдирки, чиқиб кета олмаяпмиз.

Интеграллашган ва даражаланган таълим методикаси ишлаб чиқилмаганлиги баробарида рус тилининг ахборот ташувчанлик даражаси ҳам ниҳоятда паст бўлиб қолган. Масалан, терминологик аниқлиги баланд бўлишига қарамасдан, рус тилидаги бутун-бутун хатбоши мазмунини ўзбек тилида бир жумла билан бериш мумкинлиги – бунинг далили. Рус илмий услуби ҳали туркий тилларнинг 15 асрдаги – Алишер Навоий давридаги – жимжимадорлик ва мураккаблик ҳолатида турибди.Зотан, тилларнинг тараққиёти уларнинг соддалашуви ва бунинг натижаси ўлароқ, қулайлик даражасининг ортиб боришидир.

Қўшимча сифатида айтиб ўтиш лозимки, аслида ривожланган тилларнинг тараққиётига бу тил соҳиби бўлмаган хорижликларнинг таъсири катта бўлади. Хорижликлар учун қулайлаштирилган методика шакллантирилади, тилнинг ҳар бири ўз ичида яна бўлиниб кетадиган бош­ланғич, ўрта, юқори даражаларига хос лексик, морфологик, синтактик минимум ва максимумлар ишлаб чиқилади – даражали меъёрлар шаклланади. Натижада адабий меъёрлар тил эгаси бўлмаганлар орасида тезроқ ва кўпроқ оммалашади. Адабий меъёрлар билан қуролланган тил эгаси бўлмаганларнинг лисоний таъсири тил эгаларининг нутқлари такомиллашувига туртки беради. Тарихда ажамларнинг араб тили тараққиётига, инглиз бўлмаганларнинг инглизлар нутқига таъсири – бунга мисол.

Айтиш жоизки, Ўзбекистонда рус тилининг хорижий тил сифатидаги ҳуқуқий мақомини таъминлаш ва уни ўрганиш, ўргатишнинг қулай методикасини шакллантириш фойдадан холи эмас. У давлат сиёсатидаги нозик масала — тил сиёсатини такомиллаштиради, бу борадаги чалкаш, мантиқсиз ва асоссиз даъволарга чек қўяди, қолаверса, рус тилининг табиий оммалашувига ҳам туртки беради.

Лекин шу нарсани ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, юртимизда давлат тили ўзбек тилидир. Бу қонун билан тасдиқланган. Шундай экан, ҳеч бир тил “иккинчи тил” мақомида бўлиши, қанақадир бошқа тиллардан устун ёки “имтиёз”ли мавқега эга бўлишига йўл қўйилмаслиги табиийдир. Демак, айтайлик, инглиз тили сингари рус тили ҳам бир хорижий забон сифатида ўз ўрнига эга бўлиши адолатли ечим ҳисоб­ланади.

Юқорида айтилганидек, бу эса баъзида қулоққа чалиниб қоладиган ҳар хил “ даъво”ларга ўз-ўзидан ҳеч бир ҳуқуқий асос йўқлигини билдиради.

Бахтиёр Менглиев,

филология фанлари доктори, профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 13 =