Бугунги матбуот “Тўртинчи ҳокимият”ми?

Бир пайтлар матбуот чиндан ҳамТўртинчи ҳокимиятэди. Газета ва журналларнинг адади ҳам анчайин юқори эди. Айниқса, газета ё журналда танқид бўлган соҳа ёки раҳбар бўлсин, албатта, кўтарилган мавзу чуқур ўрганилиб, тегишли тартибда аниқ ва кескин чоралар кўрилиши тайин эди.

Анча йиллар аввал “Қишлоқ боласига яйлов керак” сарлавҳали мақолам “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Yoshlar ovozi”) газетасида чоп этилганди. “Yosh kuch” журналида эса илк ҳажвий шеърим чиққан (Худойберди Тўхтабоев бош муҳаррир, Хуршид Дўстмуҳаммад эса ўринбосар бўлиб ишларди А.Т.). Шу-шу журналист бўлишга аҳд қилдим. Ростини айтсам, у даврларда газеталар сони бармоқ билан санарли бўлса-да, адади тош босарди.

Маълумотларга қараганда, бугунга келиб юртимизда 1800 га яқин даврий нашрлар мавжуд. Ҳукумат нашрларидан ташқари, партиялар, ҳуқуқий органлар, турли МЧЖ ва хусусий нашрлар, эҳ-ҳей, санайверсанг бармоғинг етмайди. Аммо афсусланарлиси, кўпгина газеталарнинг “бор ё йўқ”лигини билмайсиз бугун. Чунки газета-журналларнинг сони кўпайгани билан, салмоғи камайиб, жамиятдаги ўрни ҳаминқадар бўлиб қолди.

Эсимда, бир-икки йил бурун иш юзасидан Каттақўрғон шаҳрига боргандим. Шаҳардаги нуфузли бир заводда хизмат сафарида юрсам, бир “мухбир” қўлида овоз ёзиш матоҳи, отаси тенги завод директорини дўқлаяпти. Суриштирсам, блогер экан. Секин ёнига бориб: “Бунақа муомала қилманг-да, касб этикаси бор, десам: “Ўзим биламан, менга ўргатманг”, деб менга ҳам ўдағайлади.

Тақдир тақозоси билан ўша завод директорини Тошкентда учратиб қолдим: “Эсингиздами, ҳов ана у “мухбир” бола бор эди-ку, менга дўқ қилган. Ўша товламачилик қилиб қўлга тушиб, қамалиб кетибди”, деб қолди. Эҳ, аттанг, не кунларга қолдик…

Хусрав Деҳлавийнинг:

Таъма илинжида сўзласа бахши,

Оғзига тупроқ тўлгани яхши, —

деган пурмаъно сатрлари ёдимга тушди. Матбуот таъмагирлик қиладиган даргоҳ эмас-да, бу даргоҳда ҳалол-пок юрган киши ютади.

Аввало “Тўртинчи ҳокимият” ошкоралик, ҳақиқат минбари бўлмоғи лозим, у халқ дардини айта олсин ва халқ корига ярасин.

Келинг, яна бир воқеани айтай. Анча йиллар аввал “Муштум” журналида Рес­публика Халқ таълими вазири ўринбосари фаолияти танқид қилинди. Ўша пайтлари “Муштум” (афсуски, бугунги кунда ушбу журналнинг ҳам бор-йўқлиги ноаниқ! А.Т.) икки минг нусхада чоп этилар эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, анча катта ададда чиқадиган марказий газеталардан бири ўша ўринбосарнинг иш фаолиятини мақтаб, сурати билан чоп этди. Ана холос…

Юқоридагини ёзишдан мақсад “Тўртинчи ҳокимият” номига лойиқ бўлиши ҳам керак экан-да. Ўзингиз айтинг, муштарий энди қай бирига ишонсин? Журналгами ё газетагами? Аслида бу аҳолида матбуотга ишончсизлик туйғусини уйғотади.

Энг ачинарлиси, кейинги пайтларда айрим нашрлар маънавият тарқатувчиси эмас, балки мўмай даромад келтирувчи соҳага айланиб қолди. Кимнидир мақтаб, кўкларга кўтариб китоб ёзаётганлар ҳам журналистлар. Эсимда, менга ҳам келишганди, собиқ раиснинг фарзандлари отаси ҳақида китоб чиқармоқчи бўлишиб, “Сизни рози қиламиз”, дейишди. Устоз Ашурали Жўраевдан маслаҳат сўрадим, у киши: “бу вақтинчалик нарсалар”, деб эътироз билдирди. Ва мен ёзмадим. Аммо устоз-журналистлардан бири собиқ раис тўғрисида китоб ёзиб, чоп эттирди. Ҳатто, кўча-кўйда “китобим чиқди”, деб мақтаниб ҳам юрди.

Ростини айтсам, мақтанишга йўймангу, матбуотга ошно бўлиб кам бўлмадим, оқ ва қорани ажратадган, жамиятда адолат устувор эканлигини англаган журналистга айландим. Ҳозир ҳам уйимда қатор газета-журналларнинг тахламлари бор. Фарзандларим ҳам ўқиб туришади, бундан мамнунман.

Матбуот — муқаддас даргоҳ. Унда фақат яхши ниятли, халқ ғамида-дардида юрган инсонларгина ҳурмат-эътибор топади. Ана шундагина матбуотимиз ҳам “Тўртинчи ҳокимият” деган муқаддас номни оқлайди.

Акбар ТОВМУРОДОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + ten =