Отамдан қол(ма)ган далалар!
Ушбу мақола Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг эларо машҳур бўлган ва ўзига-да хос бўлган услубида ёзилди. Бу адибга бўлган бир эҳтиром белгисидир. Шу боис тўғри тушунишларингизни сўрайман.
Муаллиф
Бобомиз Тоғай Мурод бир роман ёзди.
Бобомиз Шуҳрат Аббосов ўша романни ажойиб фильм қилди.
Ўша роману фильмнинг довруғи тоғлар оша Кўхиқоф томонларга-да етди!
У ўзбек халқининг жасорат қўшиғи бўлиб, тиллардан тилларга кўчди. Изтироб оловида ёнганларга малҳам бўлди!
Улар учун китобни ўқиш, фильмни кўриш азоб берса-да, ҳақиқат сабаб қайта-қайта ўқийвердилар. Кўравердилар. Билъакс, ундаги ҳақиқат бунга мажбур қилди.
Мен уларга ҳайкал қўяман!
Тоғай Мурод деган ёзувчи чиққанди бир вақтлар. Сурхон фарзанди эди у. “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар”, “Момо ер қўшиғи”, “Юлдузлар мангу ёнади” деган қиссаларини севиб ўқидим. Бобомиз “халқдан янги ёзувчи чиқибди” деди.
Тоғай Мурод ажиб-ажиб қиссалар ёзди. Тўлиб-тошиб ёзди. Бобомизни дам йиғлатиб, дам кулдириб ёзди. Борича битди. Ёлғонни ёмон кўрди. “Ёлғонни ёзган куним — менинг ўлганим!” деди адиб. Халқини ўйлаб, унинг дардини ёзгиси келди. Йиғлаб-йиғлаб, кулиб-кулиб ёзди.
Бир даврлар бўлди. Тоғай Мурод бир роман қоралади. Отини “Отамдан қолган далалар” деб қўйди. Кўпчилик “Ай, отасидан қолган қандай даласи бор экан?” деди. Лекинда бобомиз ундай демади. Чунки китобда ўзи ва оиласини кўрди. Қизиқсиниб, минг бир ҳаяжон ила мутолаа қилди. Китоб эмас, ўзбекнинг ҳаётини ўқиди.
Асарни ўқиган инсон ўша ҳаётда яшади. “Жамолиддин кетмончи менинг бобом-ку!” деди. “Ақраб қўрбоши сенинг амакингга ўхшар экан!” деган хитоб қилди. Қайсидир одам “Деҳқонқул ахир мен!..” — дея пичирлади.
Ўзбек халқи асарда ўзини кўрди. Пахта деб жонини жабборга берган отаси, онаси, ака-опалари кўз олдига келди. Адоқсиз далалардаги пахтазорларда лахта-лахта қон қусганини хотирлади.
Роман эларо машҳур бўлди! Тоғай Мурод “Ўзбек халқига ҳайкал қўяман!”, — деб билиб-билмай ўзига ҳам ҳайкал қўйиб кетди.
Биродарлар! Шу асарни кино қилишди! Шуҳрат Аббосов деган режиссёр киномисан кино олди. “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан” деган киноларни ишлаган режиссёр бу сафар ҳам маҳоратини кўрсатди. Китобини кино қилишларини ёқтирмайдиган адиб ҳам фильмни томоша қилиб, мақтаб қўйди.
Лекин, лекин… не ажабки, бугун ўша фильмни телеканалларимиз кўрсатмайди. Нега кўрсатмасликларини балиқ билади, балиқ билмаса, Холиқ билади. Ахир бу халқ мулки-ку! Нега у намойиш этилмайди? Одамларнинг “Отамдан қолган далалар”ни экранларда кута-кута кўзи тўрт бўлди. Ўзбек халқининг аччиқ қисматини ўзига кўрсатишдан чўчидилар. Чўчишдими ёки бошқа сабабми мана йигирма йилдирки, ё ундан ҳам кўпдирки фильм берилмайди. Сабабини кимдир тушунтириб ҳам бермайди. Бобомиз мана шундан куяди. Бобомиз баъзан ёлғиз қолганида ўзига ўзи жавобсиз саволларни бераверади.
“Фильмни нима ёмон томони бор? Ёки қайсидир ашаддий жиноятчи роль ўйнаганми? Ундайин ери йўқ эди-ку! Ўша биз билган халқ артистлари роль ўйнаган. Бегонаси йўқ. Унда сабаб нима экан?”
Бобомизнинг бу саволлари мухлисларни ҳам ўйлантиради. Мафкуравий жиҳатми унда? Ёки тарихни унуттиришга сабаб борми? Ахир бу авлодларни маънавий хазинасиз қолдириш эмасми? Ўзлигини унутган миллат миллат бўлурму? Ўтмишдаги хатоларидан ибрат олмаган эл — эл бўлармиди?
Мухлислар бугун шу саволни бераверади. Кимдир бу ҳақида нимадир дея оладими? Ўзбек томошабини асл классикасиз қолаётганини билмайди. Аксарият ёшлари маънисиз ҳаёт томон талпинади. Ўша ҳаётни устун деб билади.
Ёшлари “tik-tok”, “instagram” деганларига меҳр беради. Алламбало трюклар қилиб, бошқаларга ўзини кўрсатгиси келади. Аксариятининг дунёқараши андишасиз, дунёқараши абгор бўлади. Онги ва тафаккури бошқалар томонидан осонгина бошқарилади. Тафаккур қилиш, фикрлаш деган тушунчаларнинг кўчасидан ҳам ўтмайди. Бу кетишда миллат таназзулга ботади.
Бобомиз буни теран тушунади. Фикр билдирай деса, “замондан орқада қолган” деган дашномни эшитади. Бобомиз уларга ачинади. Қўғирчоқлардек бошқарилаётган ёшлардан хафа ҳам бўлади. Бобомиз отасидан эшитган ривоятни набирасига айтиб беришдан чарчамайди:
Қадимда томошабинлар дорда юрган дорбозга анқайиб турганида киссавурлар уларни чўнтагини кесиб кетганидек, ёшлар миясини заҳарлаётган кимсаларни пайқамайди.
Давлат раҳбари миллий ғоя тарғиботи учун янги жамғарма ташкил этади. Ёшлар маънавиятли бўлсин дейди. Қандай яхши. Аммо баъзи амалдорлар буни юракдан бажарай демайди…
Қачонки, давлатимиз раҳбари ҳам айтибдиларку:
“Миллий ғояни тарғиб қилишда фақат тадбирлар эмас, балки тарихни, қадриятларни ўргатиш, адабиёт, китобхонликка меҳрни кучайтириш, шунингдек, кино, театр санъати имкониятларидан унумли фойдаланиш ҳам жуда муҳим”, деб!
Бобомиз мана шундай умидсиз юрган кунларнинг бирида “Ўзбеккино” деган бир ташкилот ёқимли мужда беради. Энг сара 100 та тарихий ўзбек фильмини қайта намойиш қилар экан. Бобомизни бу хабар севинтиради.
— Шу сўзларни айтган тилларингга шакар!
Бобомиз шундай деб уларни алқаб қўяди. Хеш-ақраболарга “Рўйхатда “Отамдан қолган далалар” ҳам бор эканми?” деб мурожаат қилади.
Бобомизнинг ҳафсаласи пир бўлади.
— Ай, болам, ахир рўйхатда “Отамдан қолган далалар” йўқ-ку, деб тағин хуноби ошади.
Момомиз кўзига ёш олади. Сароб каби кўринган воқеликдан умид узади.
Буларни ўқиётган одам мени айблайди. “Эзвординг-ку, оғайни, намунча шу кинога ёпишасан? Бундан бошқа яхши кинолар ҳам бор!”
Каминага шундай саволлар берилади. Бобомизга қўшилиб, мен ҳам ичимда пичирлайман:
— Бу кино эмас, тарих! Ўзбек халқининг мустамлакалик истибдодидаги ўтмиши! Сен-да, мен-да аждодларим шундай яшаган-ку! Нега ундай дейсан?
Камина шундай деб жавоб қайтаради. Ҳаёт мазмунини “tik-tok” деган гуруҳда бемаъни видеоларни кўриш ва уларда қатнашиш, ижтимоий тармоқларда ҳуда-беҳуда воқеаларга муносабат билдирадиган ёшлар каминага ажабсиниб қарайди.
Бобомиз буларни билса-да, бор алам ва изтиробини ичга ютади. Телеэкранларда маънили кўрсатувлар, фильмлар ўрнини шоу-бизнес вакилларининг сохта чеҳралари эгаллаганидан, сценарийни йўл-йўлакай ёзиб, кино, сериал ишлайдиган “режиссёрлар”, алмойи-жалмойи қўшиқ айтадиган “хонанда”ларнинг “ижод маҳсуллари” эгаллаганидан қаттиқ ўксинади.
Бобомиз уларни кўрмайди. Халқ тобора маънавий қашшоқликка ботаётганидан ташвиш чекади. Бобомизга бу оғир ботади. “Отамдан қолган далалар”ни эмас, “хўрланган”, “зўрланган” деган сифатлар билан бошланадиган фильмларни ёшлар роҳатланиб, тўлқинланиб кўраётганидан оғринади. Кечадан бери ёнмаётган чироқ йўқлигидан шам ёруғида дарс қилиб ўтирган набирасига боқади. Набирасининг пешонасини силайди.
— Болам, сен ўқишинг керак!
Бобомиз бошқа сўз айтмайди. Набираси уй совуқлигидан қунишганча бош ирғайди. Бобонинг бир кўнгли чироқ ёнишини кутади. Хона тўридаги гиламга осилган суратга боқади. Суратдаги отасини хотирлайди.
— Эҳ, отам! Дийдори қиёматга қолган отам! “Отамдан қолган далалар”ни бермаяпти, отам. Деҳқонқул сиз-ку, отам! Меҳнат қила-қила совуқ ўлкаларга сурган қилинган отам. “Пахта иши” деб сизни биздан айирдилар.
Бобомизни аччиқ ўтмиши бор. Отасини “пора бергансан” деб ўн йил қамашади. Отасини совуқ ўлкаларга сургун қилишади. Ўша ерда сурункали хасталикдан вафот этади. Бобомизга отасини кўмиш насиб этмайди. Отаси Деҳқонқулнинг орзуларидек далаларига қайтиб кела олмади. Фарзандлари бағрида жони узилмади. Бепоён ўрмон ичидаги қабристон унинг сўнгги манзили бўлди.
Бобомиз шундан куяди. Отасини ўз қўли билан тупроққа топширмаганидан ичи оғринади. Армони шу бўлади. Бу армон унга йиллар давомида симиллаб азоб бераверади.
Аммо бобомиз “Отамдан қолган далалар”ни ўқиб, фильмни кўриб, унда отаси тирилиб келгандек бўлади. Деҳқонқулда отасини кўради. Деҳқонқул билан йиғлаб, қувонади. Азоб беришганида юз чандон оғирроқ ўзи ҳам азоб чекади. Деҳқонқулда отасини тақдири такрорланмаслигини, ҳалол меҳнат қилган далаларига қайтиб келишини истайди. Шу истак унга китобни қайта-қайта мутолаага, фильмни томоша қилишига сабаб бўлаверади.
“Отамдан қолган далалар” шундай ажойиб фильм бўлади. Буни бугунги аксарият ёшлар билмайди. Фильм тугул романдан ҳам бебаҳра бўлиб ўсади. Момомиз “Қўлингдаги матоҳ(телефон)ингдан ортиб, китобни ўқи, кинони кўр” деб ёзғиради.
Шуҳрат Аббосов айтганди:
“Бухорода ўтказилган кино кунларида ҳаво 20 даража совуқ эди. Залда тумонат одам. Мен қалин кийиниб олган бўлсам-да, музлаб қолганимдан совуқда ўн дақиқа ҳам ўтиролмадим. Ҳаттоки, кичкина болаларгача тўрт соатлик кинони охиригача кўрди, ҳеч ким залдан чиқиб кетмади. Бунга сабаб нима эди? Томошабинни қандай жозиба тўрт соатлик кинони кўришга мажбур этди? Ахир “Отамдан қолган далалар” фильми Америка киноларига ўхшаб детектив бўлмаса, ёки Мексика сериалларига ўхшаб бир илмоқ билан томошабинни алдаб ўтирмаса… Йўқ! Томошабинни фильм охиригача ўтиришга мажбур этган сабаб — экранда аёвсиз, ҳаққоний ҳаёт кечмоқда эди”.
Бобомиз қадоқ босган қўллари билан токчада турган китобни олади. Шам ёруғида китобни аста варақлайди. Киносини беришмаганига яраша китобини ўқийман дейди. Кўзда ёш билан ўқилаверганидан сарғайиб, титилиб кетган китоб унинг дардларига шерик бўлади. Чироқ ёнгач, телевизорда “Отамдан қолган далалар”ни берармикин деб кутади. Кута-кута кунни адо қилади. Эртаси ҳам шу ҳолат такрорланаверади. Аммо бобомиз умид қилаверади.
Умид охирида ўлади. Бобомиз оиласи ва отасини кўриш учун умид қилаверади. Бу ҳодисалар бобомизни юрагига наштар каби ботса-да, барибир кўргиси келаверади. Чунки унда ҳақиқат бор! Аччиқ бўлса-да ҳақиқат!
Тунов куни бобомиз аниқ бир умидли гапни айтиб қолди. Кўзда ёш, севиниб-севиниб гапирди. Юртбоши элга эркинлик берди, 4 йилдирки халқ эмин-эркин бўлди. Мана, 20 йил қўйилмаган “Шайтанат” деган кино қўйилди-ку. Энди “Отамдан қолган далалар” ҳам чиқади. Кўрасан, албатта қўйилади. Мен бунга ишонаман, болам деди.
Мана шундай гаплар-да, дўстим!
Шерзод МАҲМУДОВ,
журналист