Олмалар юзидаги шабнамлар

Равшан тоға (маҳаллада ҳамма у кишини тоға дейди) уста боғбон. Ҳовлисини мевали дарахтлар билан тўлдириб ташлаган. Бу ҳам етмагандек, дарвозасининг икки тарафига ҳам бошқаларга ўхшаб гул, арча эмас, мевали дарахтлар эккан.

Равшан тоға невараларини олиб, ташқарига чиқди. Маҳалланинг болалари кўчада ўйнашаётган экан. Набиралар уларга қўшилди. Дўкондан рўзғорга керакли маҳсулотлар харид қилиб қайтаётган Собир ака тенгқурини кўриб, унинг ёнига келди. Равшан тоғанинг ишкоми тагидаги ўриндиққа ўтириб, гурунглаша бош­лашди. Шу пайт   рўпарадаги қўшнининг дарвозаси очилиб   бири баланд, бири паст бўлиб учта болакай чиқиб келди. Улар аввал болалар томон югуриб келишди. Кейин бир-бирларини қўлидан маҳкам ушлаб, четда томоша қилиб туришди.

— Камолиддиннинг набиралари келишибди-да, — деди Равшан тоға. Кейин ўрнидан турди. — Қани азаматлар, бир сўрашиб олайлик-чи, — у болаларнинг новчароғига қўлини узатди. Болалар аввалига чўчиб орқага тисланишди. Кейин нотаниш амакининг юзидаги самимийликни кўриб, жажжи қўлчаларини чўзишди.

— Сиз Жамолиддиннинг ўғлимисиз, той бола, — сўради у кенжатой болакайнинг бошини силаб. Болалар бараварига бош силкишди. — Собирвой, вақтни ўтганини қаранг, бир пасда Жамолиддиннинг болалари ҳам кўзга кўриниб қолибди. Боболари буларни кўрганда қандай суйинарди, жуда болажон, эди ўртоғим раҳматлик, — деди Равшан тоға. — Олма ейсизларми, териб берайми?

— Овора бўлма, оғайни. Булар бировнинг қўлидан нарса олмайди. Шаҳарлик бўлиб кетишган, — деди Собир ака.

— Шаҳарда яшаётган бўлса ҳам ўзимизнинг томир-ку. Ма болам, — Равшан тоға ўзига яқин шохдаги олмалардан узиб, болаларнинг каттасига узатди.

— Йўқ, керакмас қорнимиз тўқ, — деди бола қўли билан рад ишорасини қилиб. Ўртанчаси ҳам дарров қўлларини орқасига беркитди.

— Олавер болам, биз бегона эмасмиз. Отанг ҳам шу олмаларни еб катта бўлган, ишонмасанг бувингдан сўра, — дея Равшан тоға қўярда-қўймай, болаларнинг қўлига олма тутқазди. Шу чоқ Камолиддин амакининг дарвозаси қия очилиб, меҳмон келиннинг боши кўринди.

— Шерзод, Шаҳзод, Дилшод, кўчада нима қиляпсанлар? Тез уйга киринглар! Отангиз келаяпти, уйга кетамиз, — деди. Аммо қўшни амакиларга эътибор ҳам бермади. Болакайлар олмаларни бағрига босганча орқасига қарамай югуришди.

Кўп ўтмай ичкаридан келиннинг шанғиллаган овози эшитилди.

— Сенларга неча марта айтганман, бегоналар нарса берса олманглар, деб. Ҳар куни олиб келади-ку отанглар шу савилни, бор қаердан олган бўлсанг, ўша жойга ташлаб кел…

— Сенга   айтдим-ку, Равшан, биламан-да, бу келинни қандайлигини, — деди Собир ака, сўнг: “Атаганингни бизга чиқариб юбор. Дуо қилиб еяверамиз”, деб қўйди ҳовлисидаги ерини ағдариб ҳоригандек, оғирлашиб қолган Равшан тоғага қараб…

Эрталаб кўчамизни супураётиб, Равшан тоғанинг дарвозаси тагидаги ўриндиққа кўзим тушди. Унда кечаги учта олма бир-бирига тиралиб, мунғайибгина турарди. Шу пайт тунда ёқутранг олмалар юзига   қўнган шабнамлар енгил нур таратди.   Назаримда, улар шабнам эмас, топталган қад­рият бағридан силқиб чиққан кўзёшлар эди…

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + 15 =