Орзулар, ниятлар тилга кирганда…

Атоқли адабиётшунос олим Ғайбуллоҳ ас-Саломдан талабалари “Қайси фаслни яхши кўрасиз, устоз?” деб сўрашса, “Қишни” деб жавоб берган экан. Сабаби билан қизиқишса, юзларида табассум иниб, “Ахир қишдан кейин баҳор, Наврўз келади-да!” — деган эканлар.

Ҳа, баҳор бизнинг қалбларимизга ана шундай соғинч, интиқлик билан кириб келади. Ҳар фаслнинг гаштини, сурурини ҳис қилиб яшасак-да, навбаҳорнинг чиро­йига мафтун бўламиз, унинг сеҳру жозибасини томоша қилиб тўймаймиз. Қиши билан мулоқотни, дийдорни, сайру сайлларни соғинган инсонлар баҳор келиши, кунлар исиши билан яна кенгликларга ошиқишади. Чавандозларимизни кўпкари ўйинларида, полвонларимизни беллашувларда кўриб, олқишлаймиз. Дошқозонлар яна сумалак­ларга тўлади. Атрофида кексалар дуо­да, ёшлар хизматда, ҳамма шоду хуррам бир-бирини Наврўз айёми билан қутлайди.

Менинг бўлса, Наврўз яқинлашаверса, болалик хотираларим уйғонади. Эсимда, ўн-ўн икки ёшларда эдим. Наврўз ҳозиргидек катта байрам қилиб нишонланмаса-да, маҳалла-кўйда йилнинг бошланиши, деб ҳамма бошқача бир кайфиятда кенг адирликларга йиғилишарди. “Йил боши” маросими ўтказиларди. Янги мавсум олдидан ўша ҳудуддаги чорвага кўпнинг иштирокида чўпон тайинланарди.

Ҳали-ҳамон ўша сайиллардаги одамларнинг шодон кайфияти эсимда. Узун-узун қилиб дастурхонлар солинарди. Ҳамма уйларидан ҳар хил таомлар олиб келишарди. Кимдир иссиқ нон ёпиб чиқса, яна кимлардир кўк сомсаю кўк чучварага эрирди. Ҳатто ширгуручлар ҳам тайёрлаб келишарди. Таом­лар шунчалик турфа хил бўлардики, болалик нигоҳларим билан ҳайратга тушардим. Биз болаларга ҳам сочқилар беришиб, йилимиз баракали келсин, деб дуо қилишарди. Ҳамма ўртадаги турли таомлардан тановул қилиб, турли миллий ўйинларимиз ўйналарди.

Маҳалламизда катта тут дарахти бор эди. Шунинг бир неча жойига арғимчоқ боғлаб, ёшлар қийқириб учишарди. Тут дарахти жуда баланд ва катта эди. Арғимчоқ ҳам шунга яраша жуда улкан бўларди. У ёқдан бу ёққа бир бориб келишига қийқириб, сочларимиз шамолда учиб, мазза қилардик. Ҳатто, ёши улуғларимиз “Ҳалинчак учинглар, ғуборларинг кетади”, деб қўйишарди. Кейин ҳаммага барака берсин, деб ҳаммага гўжа таоми тарқатиларди. Ҳар йили баҳорни шунақа интизор кутар эдик.

Яна ҳамиша эслайманки, баҳор келиши билан, Наврўз айёмлари арафасида мактабдан қайтганимиздан кейин ўртоқларим билан ялпиз, исмалоқ теришга чиқардик. Ариқ четидаги ялпизларнинг митти қулоқларидан чимчилаб-чимчилаб, катта бўлгани қўймасдик. Оналаримиз ялпиз қанча кичик бўлса, фойдаси шунча кўп бўлади, дармонга тўласизлар, деб уқтиришарди. Бир-биримиз билан гурунглашиб, ялпиз териб, уйдан анча йироқлашиб кетганимизни ҳам билмай қолардик. Онажонларимиз терган ялпизларимиздан кўк сомсалар ёпишарди.

Мактабдан келаётсам узоқ-узоқдан қўшниларимизнинг, онамнинг тандирга кўк сомса ёпганини сезардим. Чунки хушбўй ифорлари бутун маҳалламизни тутиб кетарди. Уйга келсам онам тандирда кўк сомса, кўк пичак ёпиб, уларга сариёғ суриб, тиндириб қўйган бўларди. Сариёғнинг таъми билан ялпиз сомсанинг ҳиди бирлашиб, ажиб ифор ҳосил қилардики, уни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Ҳозир ҳам эслашим билан ўша тандирдан чиққан кўк сомсаларнинг ҳиди димоғимга урилгандек бўлди. Моможонларимиз бўлса, Наврўз кунлари кўк юпқалар қилишарди. У юпқаларни кўпчилик гурунг қилиб, супра олдида айлана қилиб ўтиришиб ёйишарди. Яна илик узилди даври, деб хонадонларда ўрик ивитиларди. Биз болалар тонг саҳардан кўп­лашиб ўша хонадонга борардик. Бизларга ҳам алоҳида эътибор беришиб, бир-бир коса ҳали совиб улгурмаган ўрик шарбати беришарди. Тандирдан узилган иссиқ нон билан шунақа ширин татирдики… Қувват бағишловчи ўрик шарбатини ичиб, данакларини ҳам чақиб ердик. Шарбатнинг шираси данакларнинг ичига ҳам ўтиб кетарди.

Ҳар йили Наврўз айёми яқинлашаверса, ўша манзаралар кўз олдимдан кетмайди. Қўни қўшниларимиз орасида бири-биридан дили оғриб қолгани бўлса, Наврўз кунлари бир-бириникига чиқиб, гаплашиб, хафагарчиликларни унутиб кетишарди. Маҳалламизда бир-биридан гина сақлаб юрган инсон бўлмасди. Наврўзга инсонларнинг ихлоси ўзгача бўларди. Бу байрамни ҳар йили ўзгача хурсандчиликлар билан нишонлаймиз.

Наврўз айёми арафасида бутун олам яна яшара бошлайди. Кунларнинг уза­йиши, қуёшнинг она заминимизга кўпроқ нур сочиши бутун борлиқни яшнатиб юборади. Табиатнинг бу гўзал манзараси сизу бизга ажиб завқ беради. Ҳатто баҳор ёмғирларида ҳам қандайдир оҳангдорлик бор. Бир маромдаги томчиларнинг товуши киши руҳиятини аллалагандек бўлади. Баҳор ёмғирлари чор-атрофни барча ғуборлардан тозалаб, ювиб қўяди. Ғуборлардан халос бўлган борлиққа яна қуёш заррин нурларини сочиб, яшнатади.

Уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Наврўзи олам – шарқона янги йил ўзининг янгиланиши, баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, онгу тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонга шоду хуррамлик олиб кириши билан биз учун энг қадр­­ли, азиз ва суюкли миллий байрамимиздир. Наврўз миллий маънавиятимиз ривожидаги энг муҳим шодиёнадир.

Наврўз билан боғлиқ халқ қўшиқларимиз, маросимларимиз тикланяпти. Масалан, халқимизда қадимдан ковуш рақси бўлган. Шу рақс қайсидир бир қишлоқларимизда сақланиб қолган экан ва бугунги кунда Наврўз байрами дастурига киритилди. Бу каби қайта тикланган қўшиқлар, рақслар, лапарлар жуда кўп. Ҳозирда нафақат ҳар бир вилоятда, балки ҳар бир туманда, қишлоқларимизда ҳам миллий халқ фольклор-этнографик ансамбллари мавжуд. Уларнинг репертуарларида, асосан, Наврўз билан боғлиқ урф-одатлар, қўшиқ ва лапарлар ўзининг саҳнавий талқинини топмоқда.

Ҳеч эътибор берганмисиз, баҳорда гиёҳларнинг тебранишида орзулар, ниятлар тилга киргандай бўлади. Баҳор, аввало, йил бошида далага катта иштиёқ билан қараб турган бободеҳқон ҳузурига боради. Баҳор еллари деқон бобомга таъзим қилади, уларга баракали хирмон ваъда қилади.

Шу сабаблар боис, Наврўз миллий қад­риятимиз тимсоли сифатида Миллатимиз билан бирга яшайди, ардоқланади.

Зулфия Файзуллаева,

Республика маънавият-маърифат маркази

қошидаги “Маърифат тарғиботчилари жамияти”

аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + seven =