Олам камалак ранги жилосида
Кеча пойтахтимиздаги муҳташам “Humo Arena” мажмуасида Наврўз умумхалқ айёми муносабати билан катта байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимизга ўз табригини йўллади.
Юртимизнинг таниқли санъат усталари ҳамда истеъдодли ёш ижрочилар иштирокида концерт намойиш этилди.
Наврўзда кун билан туннинг тенглашишида ҳам ҳикмат бор. Қишнинг изғирин кунлари ортда қолиб, баҳорий кўклам ниш отади, дов-дарахтлар куртак ёради. Олам камалак ранги жилосида товланади. Бободеҳқон янги ҳосил учун она заминга уруғ қадайди…
Маълумки, ЮНЕСКОнинг 2016 йил 30 ноябрда ўтказилган навбатдаги 11-сессияси Эфиопия пойтахти Аддис-Абебада бўлиб ўтганди. Унда Наврўзни Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритиш тўғрисида қарор қабул қилингани бежиз эмас. Шундан буён, гарчи хорижий тилларда Наврўз “Nawrouz”, “Novruz”, “Nooruz”, “Nowruz”, “Navruz” ва шунга ўхшаш бошқачароқ ёзилиб, талқин этилса-да, бутун жаҳонда мазмун-моҳияти ўзгармаган ҳолда кенг нишонланиб келинади.
Президентимиз халқимизга табригида: “Бутун олам, еру кўк уйғонаётган бу ажиб фаслда юртимиздаги янги Уйғониш даври — Учинчи Ренессанс орзуси қалбларимизга беқиёс куч ва ишонч олиб кирмоқда”, — деди.
Албатта, баҳорнинг уйғониш, янгиланиш фасли, деб аталиши табиий. Буни қарангки, ушбу йилда Наврўз айёми Янги Ўзбекистон пойдеворини яратиш йўлида улкан мақсад томон одимлаётган мамлакатимизнинг Уйғониш даври — Учинчи Ренессанс орзуси ушалиши сари янгиланаётган даврга тўғри келмоқда. Президентимиз табригида: “Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” — деб улуғ бобомизни тилга олди. Бу билан аждодларимиз ортда қолган йиллар мобайнида икки бор Ренессанс даврини бошлаб берганини, энди навбат бугунги авлодга етиб келганига ишонч билдирди.
Баҳор ва гўзаллик, нафосат айёми барчамизга қутлуғ бўлсин.
Юсуф ЖЎРАЕВ