Халқ зиёлилари газетаси

Ҳусан НИШОНОВ,
“Маърифат” газетаси бош муҳаррири,
“Олтин қалам” XV миллий мукофоти (матбуот) 1-ўрин соҳиби:
— “Маърифат”нинг “шапкаси”да шундай ёзув турибди: халқ зиёлилари газетаси. Халқ зиёлилари — мамлакат келажагини тарбиялайдиган ўқитувчилардир. 90 йиллик тарихга эга газетамиз “Маърифат” номи билан чиқа бош­лаганига 30 йил бўляпти. Бу даврда Aҳмаджон Долимов, Саъдулла Ҳаким, Ҳалим Саидов, Aбдусамад Раҳимов каби устоз журналистлар раҳбарлигида кўп­лаб етук ижодкорлар ишлади, тарбияланди, соҳага ихтисослашди таҳририятда.
Aйниқса, моҳир педагог, етук олим Жўра Йўлдошев Халқ таълими вазири бўлган пайтда, Ҳалим Саидов бош муҳаррирлиги даврида “Маърифат” ижодкорлар қаламини чархлайдиган ўзига хос ижодий лабораторияга айланди. Таҳририятда журналистика факультетлари билан ҳамкорликда “Маҳорат мактаби” ташкил этилди. Бу мактабда тобланган юзлаб журналистлар ҳозир мамлакатимизнинг етакчи нашрларида, ҳатто хорижий оммавий ахборот воситаларида муваффақиятли фаолият олиб боришмоқда.
Газета Ўзбекистонда таълим соҳасини ёритадиган, педагогларга методик, илмий кўмак берадиган етакчи нашрга, шунинг баробарида таълим, тарбия, маънавият, маърифат соҳаларини ёритишга ихтисос­лашган журналистлар тайёрлайдиган ижодий мактабга айланди.
Бугун бизга берилган мукофотни “Маърифат”нинг неча йиллардан буён бажариб келаётган шарафли миссиясининг эътирофи деб биламиз. Устозларимизнинг улкан меҳнатлари самараси, машаққатлари меваси деб ўйлайман.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 9 =