“Ўйновчи-тренер”лардан бири

Ҳамма касбларнинг ҳам ўзига тортадиган оҳанрабоси бор, лекин улар ичида журналистиканики бошқача.   Ёзганларинг пешма-пеш чиқиб турса, кўча-кўйда сени танишса, ҳавас билан қарашса, бунга не етсин. Мамлакатни кезиб юрасан, янгиликларни биринчи бўлиб эшитасан, машҳур кишилар суҳбатдошинг бўлади. Муаммолар ечимига доир таҳлилий мақолалар ёзганингда, таклифларинг инобатга олинганида салкам қаҳрамонга айланасан. Одамлар фидойи, ростгўй журналистларга ишонишади, ҳеч кимга айтмаган дил изҳорларини сенга баён қилишади.

Шундайликка шундайку-я, аммо ўз ихтиёримиз билан танлаган касбимизнинг машаққатли жиҳатлари бошқа касбларникидан қолишмайди. Журналист воиздек   чечан, заргардек тиниқкўз, ҳакамдек холис, табибдек зукко бўлиши, ўз ихтиёрини қоғозу қалам ҳукмига топшириши керак. Ўзинг яхши билган, ич-ичингдан ишонган мавзуларнигина қаламга олишга тўғри келади. Бугун кимнидир гумбурлатиб мақтасанг-гу, қўлбола қаҳрамонинг эртага бир ҳунар кўрсатиб, юзингни қора қилса ёки бугун ўз билганингча эмас, суд ҳукми асосида бир “муттаҳам”нинг кирдикорларини элга ошкор қилсанг-у, эртага оқланиб кетса, бундан ёмони йўқ.

Устоз журналист, публицист-адиб Аҳмаджон Мелибоев, мана, эллик йилдан ошдики, айни шу талабларга қатъий амал қилишга ҳаракат қилади. Талабалик йилларидан бошланган сермаҳсул ижоди сира тўхтамайди. Ҳар йили ўттиз-қирқта мақола, бир-иккита китоб нашр эттиради. Қайси лавозимда ишламасин, касбини унутмай юрт кезади, мавзу, қаҳрамон излайди. Ҳар йили янги ўқув йилининг биринчи кунлари журналистика факультетига қабул қилинган ёшларга: “Туғилган туманингизни, қишлоғингизни айтинг, таниқли одамлари, урф-одатлари, қизиқ-қизиқ воқеаларидан баҳслашамиз, ютқизсам, ҳозирнинг ўзида баҳойингизни қўйиб бераман”, дейди ва ҳеч қачон ютқизмайди. Мамлакатимизда Аҳмаджон ака бормаган, бирор жиҳатини қаламга олмаган, ичакузди латифа айтиб кулдирмаган жой деярли қолган эмас. “Бир жойга борган мухбир гувоҳномасини кўрсатиб, дарҳол сўроқ-истакни бош­ламаслиги керак. Бундай қилса, одамлар кўнглидаги гапни   айт­майди, яширади. Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам мулоқотни самимий суҳбатдан бошлаган маъқул”, дейди устоз ўзи ташкил этган “Маҳорат мактаби” тингловчиларига.

Аҳмаджон ака бўлажак касбдошларига мўлжаллаб кўплаб китоблар ёзди. “Бир заминда яшаймиз”, “Умидли дунё”, “Ёлғиз яшаб бўлмайди”, “Ҳуштакни ким чалади?”, “Умр учар юлдуз”, “Торнинг чўмичдан фарқи”, “Сувора соғинчи”, “Қирқ бешинчи бекат”, “Қабоҳат тўри” публицистик тўпламлари, “Журналистика: касб, ижод, маҳорат”, “Журналистика сабоқлари” ўқув-қўлланмалари, “Чингиз Айтматов: Давр. Инсон. Ҳақиқат” монографияси, юзлаб илмий, бадиий-публицистик мақолалари талабалар учун ўзига хос хазинага айланган. Бундай сермаҳсуллик самараси ўлароқ, устоз “Офарин” миллий мукофоти, халқаро “Олтин қалам” ва журналистика соҳасида Олий ўқув юртлари ўртасида ўтказилган танловларда ғолиб бўлди, “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” орденига муносиб кўрилди. Ўзбекистон Миллий университетида “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда у Аҳмаджон ака раҳбарлигида дунёга машҳур адиб ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича ўзига хос илмий марказга айланиб бормоқда. Университетимиз доцентининг Чингиз Айтматов номидаги Халқаро Академия аъзолигига сайлангани биз учун фахрлидир.

Истиқлол арафаси ва унинг дастлабки йилларида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигини мамлакатнинг машҳур нашрига айлантирган бош муҳаррир бугун “Жаҳон адабиёти” журналига бошчилик қилмоқда. Аҳмаджон акани миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик, ижодий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган адиб, куюнчак жамоат арбоби сифатида қўшни мамлакатларда ҳам яхши билишади ва ҳурмат қилишади.

Аҳмаджон ака устоз Сайди Умиров ҳақида ёзган бир мақоласида бутун умрини журналистикага бағишлаган устозни “Ўйновчи тренер” деб атаган эди. Бу иборани ўзининг қутлуғ 75 ёшини қаршилаётган касбдошимизнинг ўзига ҳам татбиқ этсак, муболаға бўлмайди. Ҳозиржавоблик, кучли мантиқий таҳлил, кенг қамров, таъсирчан бадиий ифода ва образли мушоҳада, тил бойлиги, халқона юмор руҳи Аҳмаджон ака қаламига мансуб мақолаларга хос хислатлардир. “Европага шовлаб оққан шон”, “Миллиардернинг афсуси самимий эдими?”, “Гап кўршапалакдами?”, “Сувда оқиб келаётган пўстин” каби ижтимоий-публицистик мақолаларнинг ҳар бирини, оғир пандемия шароитида ёзилган “Тождор ажал ҳамласи” китобини мукаммал журналистик асар дейиш мумкин.

Журъат ва шижоатингиз бардавом бўлсин. Биз сиздан янги-янги асарлар кутиб қоламиз, устоз!

Шавкат Миралимов,

                                                   Тўлқин Эшбек

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + eighteen =