Дўстим “Олтин кони”га нега меросхўр бўлмади?

Келажакда етук журналист бўлиш ниятидаман. Ҳозир шу йўналишда ўқиганим боис дунё ва маҳаллий янгиликлардан бохабар бўлишга ҳаракат қиламан. Шунингдек, жамийки ижтимоий тармоқлардан фойдаланаман. Ана шу ижтимоий тармоқлар орқали кўпгина мамлакатларда дўстларим бор. Уларга дўстлик таклифларини юбораман, қабул қиламан.

Интернет оламида қизиқ воқеалар тез-тез бўлиб туради. Бу тармоқлардан турли одамлар турли мақсадларда фойдаланади. Яқинда шахсан ўзим ва ёнимдаги курсдош дўстларим гувоҳ бўлган бир воқеани мисол келтирсам.

“Facebook” тармоғида чет эллик дўстларим талайгина. Инглиз тилида улар билан ёзишмалар орқали суҳбатлашиб анча яқинлашиб қолганман. Кунларнинг бирида “Бата Құдайға Шүкір” исмли бир аёл ёзиб қолди (кўринишидан 25-26 ёшлар ораларида эди) дўстлик таклифини қабул қилганлигим учун чуқур миннатдорлик билдирди. Айтиши бўйича, саҳифамни обдон кўриб чиқибди. Ҳалол ва ишончли одамга ўхшармишман. Хуллас, менга айтилган илиқ фикрларга раҳмат айтганимдан кейин асл мақсадга кўчди.

Бу аёл бизга қўшни бўлган Қозоғистонда туғилиб вояга етган экан. Буюк британиялик бир йигит билан танишиб, оила аъзолари рози бўлмаса-да, унга турмушга чиқиб, у билан Буюк Британияга кетибди. Йигит жуда бой экан. Тўйларидан сўнг бутун бошли заргарлик дўконини совға қилиб, унинг бошқарувини қизга берибди. Бироқ орадан озгина вақт ўтгач бу аёлни хушламай қолиб, золимликлар қила бошлабди (қандай золимлик қилганлигини сўрамадим). Шу туфайли аёл бу дўконни сотибди. Турмуш ўртоғидан яширинча ўз юрти Қозоғистонга қайтишга ҳаракат қилаётган экан. Агар у хабар топса, бойликларини олиб қўйиши мумкин экан. Шунинг учун ўзи билан олиб чиқиш муаммолироқ эмиш. Қозоғистонга юборай деса оила аъзолари билан аразлашиб қолганмиш.

Қарангки, у аёл 900 минг долларлик маблағини менга юборишини, у келгунича сақлаб берсам менга шу пуллардан 100 минг долларини беришини айтди. Паспорт маълумотларим, айни вақтда яшаётган манзилим, телефон рақамим ҳамда пластик картадаги ҳисоб-рақамимни сўради. Яширмайман эсанкираб қолдим. Шунча пулга эга бўлсам-а дейман. Бир томонда турмуш ўртоғи яқин орада хабар топиб, устимдам даъво қилса-чи, деб ўйланаман…

Бу пайтда ўша аёл эса тўхтамай юборадиган тақинчоқлари, пулларининг суратини телефонимга жўнатарди. Охири у аёлга сиз маълумотларингизни юбора қолинг, қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан, аммо бойликларингизни қабул қилолмайман, дедим. Табиики у мени кўндиришга уринарди. Курсдошларимдан маслаҳат сўрадим. Шунда Темурмалик деган ўртоғим кулиб ўзи билан ҳам шундай воқеа бўлганлигини баён қилди: “Банг­ладешлик бир аёл ҳам менга ёзганди. Ўлим тўшагида ётганмиш. Менинг исм-фамилиям ота­синикидан бир ҳарфга фарқ қилармиш. Кўринишим ҳам ўхшаб кетаркан. Бироз ёзишганимиздан кейин ўзига тегишли олтин конини менга васият қилишини айтди. Аввалига пластик картам рақамини айтсам эҳтиёжим учун озроқ пул юборадиган бўлди. Мен ҳам соддалик қилиб маълумотларни юборибман. Афсус, соддалик қурсин, шу ондаёқ картамдаги 2 миллион сўмдан ошиқроқ пулим ғойиб бўлди”.

Дўстимнинг бу гапларидан янада ҳушёр тортдим. Ўзим ҳам шубҳаланаётгандим, маълумотларни ошкор қилмай тўғри йўл тутганимга амин бўлдим. Саҳифамдан эса бу аёлни буткул ўчириб юбордим. Шундан кейин бундай воқеалар тез-тез такрорланди. Бир гал тузалмас дардга чалинган сўққабош, қари аёл болалари бўлмагани учун бойликларини турли миллат болалари учун хайрия қилаётгани, истасам давлатимиз болалари учун менинг ҳисобимга маблағ ташлашини айтиб қолди.

Сўнг яна бошқаси эса биз бутун дунё одамларига 2 фоизли кредит берамиз қанча олишни истайсиз, деди. 10 минг доллар десам, картангизни рақамини беринг ҳозироқ ташлаймиз деса бўладими. Йўқ, энди содда эмасман. Ёлғонга алданадиган аҳмоқ йўқ!

Яна, ростини айтсам, “Олтин конига меросхўр” дўстим Темурмаликнинг ҳолати менга катта ибрат бўлди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ,

ЎзЖОКУ талабаси

Таҳририятдан:

Мақола муаллифи — бўлажак журналист ёш дўстимизга ташаккурлар билдирган ҳолда, очиғи, ушбу мақолани нашрга тайёрлаш жараёнида беихтиёр кулишдан ўзимизни тиёлмадик. Лекин бу мавзу аслида асло кулгили эмас, ҳазил ҳам эмас, балки ачинарли ҳолат эканлигини англашимиз керак.

Чунки, халқимиз жуда самимий, содда ва беғубор. Шунинг учун ҳам ишонувчан. Бутун дунё бўйлаб интернет товламачилиги авж олган бир пайтда бундай алдовларга бугун чиппа-чин инониб, чув тушаётганлар қанча?

Энди мавриди келган экан, ўзимиздан, тўғрироғи, таҳририятимиздан ҳам бир мисол келтирсак. Биласизми, ўтган ойда, ҳеч кутилмаганда, вилоят мухбирларимиздан бири ҳам жуда катта “меросхўр”га айланиб қолди. Не қилайликки, унга келган хат, муҳим “ҳужжатлар”га кўра, бир ҳамқишлоғи бундан 5 йил аввал Филиппинда вафот этгани ва ундан қолган 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мероси бизнинг мухбирга бериладиган бўлибди. Табиики, хушхабар ва кутилмаган катта маблағдан мухбиримиз ҳам ўзини йўқотиб қўяй дебди. Бўлмаса денг, олий маълумотли журналист, ёши ҳам 50 дан ошиб қолган, яъни ҳаётнинг анча-мунча паст-баландини кўрган, набирали одам.

Хуллас, “меросхўр” яъни бўлғуси бойвачча мухбиримиз Тошкентга етиб келиб, ўз омади ҳақида тўхтовсиз гапирар, рухсат берсак, шундоқ Филиппинга ғиз этиб бориб келишини, 5 миллион долларни олиб келгач, кейинги режалари, пулнинг қанчасини қанчадан уч фарзандига тенг тақсимлаб беришию ва бошқа эзгу режалари ҳақида сўзларди.

“Бойвачча”га айланган ходимимизни зўрға гапдан тўхтатиб, қўлидаги “ҳужжатлар” билан танишсак (рости, аввал ўзимиз ҳам сал шошиб қолдик. Таҳ.), бари “шаблон” гаплар, сохта маълумотлар эди…

Қизиғи шундаки, меросга эга бўлишнинг шарти зудлик билан Филиппиндаги бир ҳожатбарорнинг ҳисобига 1700 АҚШ доллари ўтказиш керак экан. Қарангки, (беҳазил!) бунга ишонган ходимимиз шошилинч равишда чет эл паспорти олибди. Қарз кўтариб, пулни ҳам топибди!

“Э шошманг” дедик, аввал керакли идоралар билан гаплашинг, сизни улар қаердан топишибди, ким у вафот этган ҳамқишлоғингиз, нега айнан сиз меросхўр экансиз ва қолаверса, 5 миллион долларни сизга мерос сифатида расмийлаштираётган ўша адолатли ҳожатбарорга: “Жаноб, ҳозир иқтисодий имкониятим чатоқроқ пайти эди, сиз бориб-келишим учун 3-4 минг доллар менинг ҳисобимга ўтказиб туринг, меросни олсам, сизга уни икки ҳисса қилиб қайтараман”,   деган мазмунда бир ёзиб кўринг-чи”, дея маслаҳат бердик. У шундай қилди. Буни қарангки, филиппинлик “мерос тарқатувчи” шу заҳоти изсиз йўқолибди. Алқисса, бизнинг ходимимиз ҳам шу тарзда улкан “мерос”дан яқингинада маҳрум бўлди.

Хуллас-калом, буёғи ўзингизга ҳавола. Товламачилардан огоҳ бўлинг!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − 7 =