Етмиш довон шукуҳи

Саъдулла Ҳаким

 

(Ушбу шеърлар матбуотда илк бор эълон қилинмоқда)

 

ЕТМИШ ДОВОН ШУКУҲИ

Бахт қушидек қўниб бу бошга етмиш,

Етмиш довон ошган йўлдошга етмиш.

 

Тош бошга етмишдир, энди дарз кетмас,

Неча бор дарз кетиб, бош тошга етмиш.

 

Бўёқчи қўлига тушиб сочу қош,

Юз ажиб ўймакор наққошга етмиш.

 

Дўсту ёр, фарзанду набиралар жам,

Сўз – шукру алқовга, қўл ошга етмиш.

 

Қувончдан етиб ёш кўз қароғига,

Қуриган булоқдек кўз ёшга етмиш.

 

Офтоб келмиш тушиб алвон уфққа,

Умр шафақ ичра қуёшга етмиш!

 

                     ҚИЗИЛ ОЛМА

Кўп эслайман, ҳали бола чоғимизда,

Қизил олма бўлар эди боғимизда.

 

Файзли қилиб ўткинчи ҳар дақиқани,

Ҳар бир олма товланарди ақиқ каби.

 

Мезон ўтиб, саватларга терар эдик,

Омборхона тўридан жой берар эдик.

 

Бир жуфт олма, бир жуфт беҳи, ипга тизиб,

Уй шифтига осиб қўймоқ эди қизиқ.

 

Қиш кунлари нақ бостириб келганда қор,

Уйда баҳор, тараларди хушбўй ифор.

 

Қорли тунлар бўлар эди узун-узун,

Қўрли сандал атрофида қилиб ҳузур,

 

Отамизу онамиз ҳам сомеъ бирдак,

Гоҳи достон тинглар эдик, гоҳи эртак.

 

Биз болалар буни авло иш деб билиб,

Навбат билан ўқир эдик қўшиқ қилиб.

 

Липилларди тилин чўзиб осма чироқ,

Бўлмас эди бундай тундан тун яхшироқ.

 

Шу аснода онамиз шод қилар эди,

Дастурхонда олма пайдо бўлар эди.

 

Сўнг оҳиста очиб букма чопқисини,

Ихлос ила юпқа қилиб арчиб уни,

 

Ҳаммамизга бир бўлагин кўриб баҳам,

Пўчоғини тотган бўлар эди отам.

 

Ҳар оқшомда олма бўлиб берган чоғи,

Биттамизга тегар эди каттароғи.

 

Кимга тегса ўша бўлак, охирида

Олма пўстин элтар отнинг охурига.

 

Тоза ҳаво, оппоқ қорни кечиб келар,

От бошидан ем халтасин ечиб келар.

 

Ўшал чоқлар кўкка боқсанг, ажиб чирой,

Кўринарди олтин олма бўлиб ул ой.

 

…Болалигим, эртаги бу, ўтиб бўлди,

Отам-онам рост дунёга кетиб бўлди.

 

Пок руҳлари самоларда кезиб юрар,

Балки ҳолим олислардан сезиб юрар.

 

Ҳар ишда бир ҳикмат отам кўрган экан,

Олма эмас, меҳрин бўлиб берган экан.

 

Атрофимда набиралар – қошу кўзим,

Олма арчиб ўтирибман энди ўзим.

15.09.2020.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + seven =