Йўлларимни тўсди кўзларинг

Муаллиф ҳақида:

Хосият Рустамова — 1971 йили Наманган вилояти, Чуст тумани Олмос қишлоғида туғилган. Шоиранинг “Осмондаги уй”, “Нажот”, “Ридо”, “Девор”, “Август”, “Ишғол”, “40:0” каби китоблари чоп этилган. Шеърлари рус, озарбайжон, тожик, инглиз, немис, швед, голланд ва яна бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган. “Осмонга сиғмаган қуш” номли пьесаси саҳналаштирилган. 2004 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Қатор Халқаро танловлар совриндори.

 

                           * * *

Ҳозирнинг ўзида кетганим яхши,

Хаёлим ўзимда турганида жам.

Дунё чиқмасидан руҳимга қарши —

Ҳаёт менга қарши қўймасдан қадам.

Ҳозирнинг ўзида кетганим яхши.

Топсам бўлди фақат бир шиддат…

             Бир куч,

Бағримдаги юрак бўлмасдан нимта,

Сизга энди келиб қолган каби дуч –

Сизни яхши кўриб турган вақтимда –

Ҳозирнинг ўзида кетганим яхши…

                                  * * *

Айтсам ишонмайсан — борман ҳали ҳам,

Елкамга юкланган тўрт фасл, тўрт қиш.

Ўзи бўладими, қирқ йил наридан —

Энг оғир юракни кўтариб келиш.

 

Чарчадим. Оғриқлар кўксимга ботди,

Бу ҳолда дунёдан ўтаман қандай?

Юрагим тўхтади бир зум — Ҳаётнинг

Қўрқинчли жойига етиб келгандай.

                       * * *

Ё Тангрим,

Сен менга куч бер,

Бер чидам —

Худди дарахтлардай кўтарайин қад.

Ичимга қор ёғиб турганида ҳам,

Мен кулиб туришим керак ҳамма вақт.

Қушлар дарахтларни айласа ҳам тарк,

Чидар.

Аёзлардан ўтар типпа-тик.

Шунда ҳам олмалар ёзаверар барг,

Шунда ҳам гуллайди бечора ўрик.

Ўргат, тошларга ҳам гапирай майин,

Аёлман!

Худойим, келтирмайин шак.

Мен ҳам дарахтлардай гуллайверайин,

Мен ҳам дарахтлардай ёзайин куртак.

                           * * *

Қарайсан!

Келдими нимадир дегинг,

Шундоқ рўпарамда кўринар қоранг.

Ой, қанча уринма, барибир Сенинг —

Деразамга тушади соянг.

Ҳар куни шу.

Тонг отиб-отмай,

Шабодаси келмай саҳарни,

Юзи қалин қуёш тап тортмай —

Ушлаб чиқар деразаларни.

Улашади бутун оламга —

Бор меҳрини бағишлаб боғлар.

Ялтиратиб қўйган ойнамда —

Қуёшдан ҳам қолади доғлар…

                         * * *

Мендан бошқа нарса сўрама… Токим —

Мен бахтли бўлишга шимарганман енг.

Мени шунча яшаб ўтган ҳаётим —

Бугунги кунимга келолмайди тенг.

Худога илтижо қиламан тинмай,

Майли қўлларимдан кетса ҳам мадор.

Бугунги кунимдан бир қадам жилмай —

Мен бахтли бўлишга турибман тайёр.

                         * * *

Вақт орқада қолар кимдан —

Қайда, нима ўлчанар?

Ўтиб борар эшигимдан

Чанг кўтарган кўчалар.

Англаб бўлмас бирор сўзин,

Йўллар йиғлаб чекса ғам.

Дарахт қушга уриб ўзин —

Пешонасин ёрса ҳам.

Шамол мендан кетар нари

Кўринмасдан кўзимга.

Кўйлагининг этаклари —

Урилади юзимга.

                         * * *

Шамол кучли эсди… Ва, ёмғир,

Ерга ботиб кетдими танинг?

Ё кимгадир ботдими оғир —

Деразамни қўриқлаганинг?

Не кўз билан турибман кўриб,

Сенинг мурданг, уч-тўрт қарғани.

Балки менга айтмоқчи бўлиб,

Тортгандирсан роса пардани.

Оҳ, жонима менинг ўлмаган,

Чидар ер-у осмон қаҳрига.

Ўлиш шартми, бўлар-бўлмаган –

Шамолларнинг силтаганига.

                            * * *

Қара, мен ўзимни турибман тутиб,

Оёғим узаниб турибди ерга.

Ёмғирни унутиб, қорни унутиб,

Қаердан келдим мен,

Бордим қаерга?!

Бундай туришимда бор қандай маъни,

Кетсам бўлади-ку —

Не турар ушлаб?

Ҳар куни шамоллар тепкилар мани,

Ҳар кун оёқости қилади қушлар.

                        * * *  

Йўқ, йўқ! Хафамасман у қадар,

Бўлди. Дунё кўрсатди борин.

Ҳаёт, Сен ҳам бўлмасанг агар —

Менинг нима кечарди ҳолим?

Чанг кўчадан чопиб ўтар от,

Судралади шамол этаги.

Сени ютиб олишга, Ҳаёт —

Бир пиёла сув ҳам етади…

                       * * *

Бугун кунинг ўтмас бекорга,

Ўтирмайсан о, хаёл суриб.

Сен дуч келган барча деворга,

Йиғламайсан бошингни уриб.

Бугун Сенинг ҳамма йўлинг берк,

Йўқ ғам учун очмайсан аза.

Жазавага тушмайди эшик,

Очиқ қолиб кетмас дераза.

                  * * *

Не учун сал нарсага,

Жунбушга келар қонинг.

Ҳар гал сен урасан дўқ —

Ўзинг йиғлайсан яна.

Сен – севган шу   дунёнинг,

Ўчиб қолган чироғи.

Уйларида эшик йўқ,

Деразасида ойна.

                     * * *

Наҳот шунга етмас иродам,

Наҳот шунга шунча бўзладим.

Ўтиб бораётсам дунёдан,

Йўлларимни тўсди кўзларинг.

Кирган эдим ахир бир зумга,

Менга халал берди бу жоним.

Йилдан-йилга, кунлардан-кунга –

Қатъийлашиб борар виждоним.

                            * * *

Денгиз бўйлаб бораман. Қирғоқ —

Нотаниш бўй урилар майин.

Сен қалбимда турибсан уйғоқ —

Сув остига чўккан қумдайин.

Ёлғизликда оқшом маҳали,

Хаёлингга келмас нималар?

Кетай, — десам — қайтмабди ҳали,

Сувга чўкиб кетган кемалар.

                      * * *

Қаерларда эдинг, ахир, шунча йил —

Ҳаётинг қўрқинчли узун тушмиди?

Ҳеч йўқ ўтаётиб дарвозамни бир

Тақиллатиб ўтиш қийин ишмиди?

Энди бу дунёда қолиш ҳам оғир,

Кийиниб… кетишга турганимда шай.

Турибсан умримнинг қаеридадир —

Кузатгани чиққан уй эгасидай…

 

                           * * *  

Фақат чидаб туролмайди тил,

Туролмайди ўзини тутиб.

Борликдаги жамики, ҳар хил –

Овозларни бўлмайди ютиб.

Ваҳм босган далаю даштни,

Кўкси тўла — жим ухлайди тош.

Бу заминда шамолга қарши —

Дарахтлар ҳам кўтармайди бош.

                           * * *

Гўё икки қўллаб ёпишгандай дард,

Гўё топган каби фақир тенгини.

Мен лўли мисоли елкамда фақат —

Сезаман осмоннинг оғирлигини.

Шунга бўйим ҳам паст.

Қисқадир дастим,

Ёш-ку ўтиб бўлди.

Йўқолди куч, шашт.

Озгина бўлса ҳам ноқулаймасми —

Бир умр бировга суяниб яшаш?

                       * * *

Яна қуюқлашди қоронғи осмон,

Кўриб бўлмай қолди нариги бетни.

Кўз олдимда бутун дунё зимистон,

Шу баланд уйинг ҳам кўринмай кетди.

Шамол гандираклар.

Тонгга бор қанча,

Хазонлар ўзига келолмас ҳануз.

Дарахтлар ер чизар. Энди ёзгача –

Боғларда адашиб қолиб кетар куз.

Ой чиқди. Дош берармикан асабинг,

Ёп-ёруғ кунлардан бордай ном-нишон.

Қайга боришини унутган каби

Ой сенинг томингда турар паришон.

                * * *

Сўнгра кетдим.

Ўйлаб ўтирмадим узоқ,

Йўл ортимдан юраверди лойга ботиб.

Шамол бўлиб ўчиб қолган ҳамма чироқ –

Ёмғир тўхтаб қолган йўлдан ўтаётиб.

Дарахтларга суяниб тин олар ҳилол.

Қўрқувданми йўқолгандай ақлу ҳушим.

Рўпарамда дунё турар девонаҳол –

Телбаларга ўхшаб кетар кўринишим.

 

             ИШҒОЛ

О, нақадар аянчли,

Қишлоққа борганим он

Кўрдим – болалигимни

Кўмиб ташлабди хазон.

 

              ДЕНГИЗ

Кўриниши бир кун жоҳилдай —

Бир кун эса жуда ҳам ғариб.

Амаллашиб қумли соҳиллар,

Сув остидан чиқар сирғалиб.

Яшираман йиғлагим келса,

Пана қилиб қуёш, кундузни.

Раҳми келган эшкаклар эса —

Қучоғига олар денгизни.

 

                                   Хосият Рустамова

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × five =