Эй ёмғир, ёғавер, минг йилдан сўнг ҳам

Осмонларни ёпиндим

 

Эй, сўзлари шаклга бўй бермаган қўшиғим,

Оҳларингдан тўкилган осмонларни ёпиндим.

 

Эй, оҳанги оламга бўй бермаган қўшиғим,

Изларингдан тўкилган замонларни ёпиндим.

 

Эй, излари заминга бўй бермаган қўшиғим,

Самоларда адашган сўзларингни ёпиндим.

 

Эй, қадами хаёлга бўй бермаган қўшиғим,

Кўнгил тубига чўккан армонингни ёпиндим.

 

Эй, йўллари шамолга никоҳ этилган қўшиқ,

Юрак уйида отган тонгларингни ёпиндим.

 

                                * * *

Руҳ уйида атиргул-у, қор қоришиқ,

Созим ўзинг, қалбимдаги қорларни чал.

 

Чал, созандам, ёниб битсин борим менинг,

Аммо жондан парвозларни нишонга ол.

 

Ёмғир куйлаб ер бағрига сингиб борар,

Холо, менинг кўнглим само куйларида.

 

Осмонни чанг ила чалган юлдузларим,

Кўзларингда куйлар, қаро кўзларингда.

 

Ой нурига сингиб кетди қанотларим,

Бу оламда рост ила ёлғон қоришиқ.

 

Қалдирғочим, куйла дилим, кўнма дилим.

 

Шавкат Раҳмон хотирасига

 

Шавкат Раҳмон деган асов шоирга,

Ҳақиқат аталган олов дарахтнинг,

Қайси япроғидан жой бердинг, Роббим?

Ё қўшиқ умрининг қуёшида у,

Энг ёрқин бир тола бўлиб титрайдир?

Ё синган кўнгилнинг синиқларини,

Юлдузлар қони-ла улаётирми?

Ёки ҳур кунларнинг ҳур нигоҳида,

Порлаб қуёш бўлиб куйлаётир у?

Ва ё малоиклар шоир қалбида,

Ёққан оловига ўзи ҳайратда.

Ёхуд кундузларнинг ишқида бедор,

Ёруғ андуҳини тарашлаётир?

Ё, дунё, ёлғончи йўлларинг аро,

Олов фарёд бўлиб йўлинг тўсган у?

Хиёнатга ботган тор дунёлардан,

Ўзиб кетган руҳи аршида ҳозир.

Шоирлар ўлмайди икки оламда,

Зулфиқор руҳ, жўмард тариқатида.

Разолат ва ҳақнинг қоқ ўртасида,

Илоҳий юрагин ёндираётир.

Дудуқ сукунатни бузар бир нола,

Дарёдил само-да, илкис ситилар.

“Менга нондай зарур, қиличдай кескир,

Заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир”.

 

 

Рауф Парфи суратига чизгилар

 

*

Ўтдим ҳайратларнинг қабристонидан,

Сўзнинг ҳур нигоҳи ўлдирсин мени.

 

                         *

Эй, ёмғир! Ёғавер, минг йилдан сўнг ҳам,

Мен сенинг кўнглингда айтаман қўшиқ.

Эй қуёш! Булутлар азобини ич,

Эй, шамол, кўзингдан сизган қонлардан,

                 ҳайратимнинг иси келгайдир!

Эй, Осмон! Эй она, эй буюк алла,

Сен куюк бағримдан бошингни олгил!

Эй, Тупроқ! Сен қонсан, буюк ҳикматсан,

Сенга сиғинаман, буюк устозим!

 

Эй, оҳанг! Эй оҳанг, мен осилган дор,

Қаршингда турибман, якто, танҳо, лол.

Сенга қурбонликка сўзларни эмас,

Аввало ўзимни атадим.

 

Эй, умри нурларга туташ шеърият,

Қуёш топмадинг-а, кўзёшдан ортиқ?

Эй, ҳаёт, борсан-ку, борсан-ку сендан,

Таралиб тургайдир овозим!

 

             Тоза сўз

 Она сути янглиғ топ-тоза сўзни,

Қуйгим келди юрагим билан

Ҳаётнинг илонлар уйган кўзига.

Суздим япроқларнинг томирларида,

Тингладим рангларнинг нафасларини.

Эндим булутларнинг оҳорларига,

Тинидим ёмғирнинг муножотида.

Сукунат бағрида

                         ечдим хаёлни.

Аммо тупроқ зўр куй,

Энг мунаввар куй.

Дунё! Онагинам,

                       мен сени ташлаб,

Қайга ҳам борардим, ўзинг айт?

 

                     Мусфира Мунаввар

 

Мусфира Мунаввар — Кармана туманида туғилган. Ўзбекис­тон Миллий университетининг   журналистика факультетида таҳсил олган. Айни вақтда Навоий давлат педагогика институти доценти. Фалсафа фанлари номзоди. “Нур қибласи”, “Ота уйи” шеърий китоблари ва “Маънавий илдизлар” илмий рисолалари чоп этилган. Туркия, Ҳин­дистон давлатларида ўтказилган адабиёт фестиваллари иштирокчиси. Яқинда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатлари ижодкорлари қатнашган “Олтин сўз” шеърият мушоирасида ҳам иштирок этиб, махсус сертификат билан тақдирланган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + eleven =