Қуёшнинг минг жилвасидан нусха олиб…

              Ўз юртимнинг…

Ёт элларнинг боғи билан боғчаси,

Ўз юртимнинг янтоғича бўлолмас.

Маҳтумқули

Ўз юртимнинг…

Ўзга юртнинг гуллар ўпган кўчаси,

денгизлари

нилуфари, ғунчаси.

дарёлари,

соҳиллари, боғчаси.

Кўкни қучган мўъжизаси,

дарчаси.

Ўз юртимнинг тупроғича бўлолмас.

Ёт элларда кўнглим яшнаб кулолмас.

 

Гарчи учдим юлдузларнинг қанотида,

Насим бўлдим соғинчларнинг сиротида.

Балки алвон жилваларга мафтун бўлдим…

Руҳ бермадим руҳсизларнинг баётига.

Менга ҳеч ким ўз элимдек бўлолмас.

Ёт элларда кўнглим яшнаб кулолмас.

 

Нурлар кўрдим осмон билан бўйлашган,

Сирлар кўрдим, синоатдан сўйлашган,

Учаётган турналарни тингласам,

Ошиёнининг севгисидан куйлашган.

Ўзга юртда кўнглим яшнаб кулолмас.

Дил гардимни абру найсон юволмас.

  

Янтоқгуллар — болалигим байроғи,

Хору хаси, ўланлари, япроғи.

Жонга малҳам қушларининг сайроғи.

Тўтиёдир итларининг тирноғи,

Ўз юртимда рақиб сочим силолмас

Ёт элларда кўнглим яшнаб кулолмас.

 

Эл ҳажрини ғарибалар билади…

Юрт ишқида сарғаяди, сўлади…

Ўз элимда кўкка боқсам ўсаман

Нафас олсам оламларим тўлади!

Туғёнимни зебу зарлар ололмас,

Ёт элларда кўнглим яшнаб кулолмас.

 

                             Фарёд

 

Ой нурида кашта тиккан чевар эдим,

Бир оламни, бир онамни севар эдим,

Олисларга боқиб-боқиб шўху шодон,

Тезроқ ўтса бу кунлар деб қўяр эдим.

Сўнг бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,

Умрим бердим зиёси йўқ фалакларга!

Кўкламларим, байрамларим қолиб кетди,

Ҳайратларим, ҳайронларим қолиб кетди,

Қуёшнинг минг жилвасидан нусха олиб,

Гул солганим гиламларим қолиб кетди.

Сўнг бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,

Умрим бердим хасдан юпун ҳалакларга!

Қани менинг бутунлигим, бунёдлигим,

Қани менинг қишин- ёзин ободлигим,

Эвоҳ дунё, буғдой дондай сочдинг мени,

Қани менинг кундан ёруғ пок зотлигим!?

Оҳ, бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,

Умрим бердим қумдан сароб тилакларга!?

Бир қуш бўлиб келган эдим боғларинга,

Учиб қўнсам пасту баланд тоғларингда,

Тарқамади осмонингда туманларинг,

Қояларга урилдим гул чоғларимда.

Эвоҳ дунё бўлдинг минг бир бўлакларга,

Ошна қилдинг навоси йўқ юракларга…

 

                              * * *

Кўзинга тик қараб яшадим…

Сўнмадим, то сўнгги гавҳарим қадар…

Ҳар неки, учраса арзон ва нурсиз,

Боқмадим, бебаҳра қолсамда агар….

Эгмадим кўнглимнинг нуршохларини,

Синсам, синиқларим қиличга дўнди.

Ювмадим андуҳнинг оқ доғларини,

Зулмат қандай чўкса,

интизор кўндим…

Муқаддас ва порлоқ умидим ҳаққи,

Шунчаки фараҳга кўнмадим.

Саҳарлар ифори келаркан токи,

Токи фалакларга етаркан додим!

Кўзингга тик қараб яшадим,

Ўткинчи нигоҳлар ўйингоҳида.

Ёлғон маҳзанларни ечиб ташладим,

Масрур бораяпман, чин Паноҳига.

Қисмат!

 

                         Эврилиш

 

Дунё билан,

Ишим йўқ менинг.

Дунё менга қилмайди карам.

Сукунат ва мовийлик аро,

Яшаяпман,

Яшил

ва кўркам…

Деразамдан боқади осмон,

Ўзим қараб қўяман гоҳи.

Борлиғимни ўртайди ҳамон,

Найсонларнинг ёшли нигоҳи…

Кўксим тўла

Севги ва орзу

О, кимнидир

соғиндим беҳад…

Чексизликда

яшиндек чақнаб,

Интизорми,

Мени кутган бахт!

Тош йўллардан жимгина ўтиб,

Юрагимни қучаман

сокин.

Фақат сени,

Бир сени кутдим…

………………………..

О, тушундим,

Истиқбол яқин

 

                              * * *

 Шамсим сизга боқиб кўзим адашди,

Кўзим не, асарим сўзим адашди.

Йўллар райҳон эди,

Хушвақт кетардим,

Пойингизни қучиб тўзим адашди…

 

Бир шуъла изладим йиллар оралаб,

Тунларнинг кўксига ёғдулар қалаб,

Ногоҳ порлаганда иқболим шаъми,

Бошимни кўтардим мен сиддиқталаб.

 

Шамсим сиз дўст бўлинг,

                           дурдонам бўлинг,

Кадар фалагида бир донам бўлинг,

Менам бир кун кўриб, яшилланайин,

Кўкламим, саврим, пирхонам бўлинг!

 

Либос орзусида сизга талпиндим,

Фасллар алмашди, хасдек ўкиндим.

Фақат хаёлимда сизники бўлдим,

Фақат хаёлимда сиз билан тиндим.

 

Шамсим сизга боқсам кўзим адашди.

Пойингизни қучиб тўзим адашди,

Соҳилсиз денгиздек унсиз ўтиндим,

Ўзимдан саросар, “ўзим”адашди…

 

                            * * *

Ҳеч бир изоҳим йўқ кўнглимга,

Мағрибдан машриққа елавераман…

Парвона боргандек, мунис ўлимга,

Бегим нега сизга келавераман…

 

Ҳолим паришондур, ихтиёрим йўқ,

Кўксимда шамоллар

                           бир зум тинмайди…

Сиёҳ қуриганми, инмасми найсон

Наҳот бу ёзуқда гиёҳ унмайди…

 

Нега бу ишора, нечук имтиёз,

Карбало даштида бу нечук айём.

Бегим юрагимга тўлмоқда қасос,

Ўлсам, устингиздан қилурман даъво.

 

Мени улфат қилди, Ҳазрати Ҳайём

Беҳудуд жилвалар қилур ёдингиз,

Осмоним ер бўлди, бардошим тўзди.

Қуриди кўзларим оловли денгиз.

 

Оламга ўт кетса мендан ранжиманг,

Ҳеч бир изоҳим йўқ кўнглимга.

Бегим дорингизга ўрлайвераман,

Парвона боргандек мунис ўлимга…

 

                             * * *

Бўронларда соврилган вақт — Мен.

Ёки вақтга беҳуда бўрон…

Овозингни кутган бекат — Мен,

Кўксим узра,

тинмади сурон…

 

Уфқ қадар чўзилди йўллар

Зулмат ичра узун бедорлик…

Ҳавасимни умидга улаб

Ташрифинга ичикди зорлик…

 

Қара, йўллар исмингни айтиб,

Кўк тоқига кетар туташиб…

Келгин шамсим порламоқ пайти,

Шодлигимга шодлик улашиб!

 

Бўронларда соврилган вақт-Мен.

Ёки вақтга беҳуда бўрон…

Овозингни кутган бекат-Мен,

Кўксим узра,

тинмади сурон…

 

Кезиб юрдим карбало дашти,

Мендек ҳурни кўрмади Ё раб!

Мени излаб минг йил адашдинг,

Ва кетдингми ортинга қараб…

 

                               * * *      

Мен сенга аталган шундай меваман,

Юрагимни ушат, ол бир сўзимни.

Матназар Абдилҳаким

Фасллар айланди

Атрофимда жим,

Жим кетиб боради ойнинг шарпаси

Келар йўлларинга

Кўзимни тикдим.

Кўнглимни асради орзу ҳавасим.

Фурсатлар соғинди қадамларингни,

Бир менми адашган,

Бир менми шошган…

Шамолларга сочдим аламларимни,

Бир менми тунларнинг

                           баҳридан кечган…

Бир асов дарёнинг тўлқинидирман,

Қисмат қирғоғига сиғмайин тошдим,

Билмайман,

Кимман ва,

Қандайин сирман

Нега хаёлингга кўнглимни очдим?..

Тонгнинг соҳилига чиқдим сени деб,

Сени деб сочларим паришон бўлди,

Ҳанузам йўлларим интизор сенга,

Умидим шуъласи кел энди…

Қурбат водийсига келган Сарварим,

Умр соҳилидан ёғдулар тердим,

Бир сенга аталган ҳаёт гулиман,

Юрагимни ушат ва бир сўз дегин!

Фурсатлар соғинди қадамларингни…

 

Сен бир осмон

                              

Нажотийга

  (Туркумдан)

* * *

Нажот яна ўзингсан дўстим!

Мен сен билан

Ҳақ сари ўсдим!

Совуқ юракларнинг фаслидан,

Омон чиқди,

Лоларуҳ кўксим…

Сен жудаям

Маъсум ва масрур,

Субҳ азонидек шаффофсан!

Қалбинг балқиб турар кўзингда,

Қалқинаман жудаям софсан!

Йўллар…

Йўллар уларга боқма,

Ойдинликнинг осмонида бўл!

Сен шунчаки вақтларда оқма,

Чексизликнинг жилвасига тўл!

Ҳайратларинг қанотларингни,

Орзуларинг—

Дилбандларингни,

Юксак, юксакларга учиргил,

Оққушларга ёғду ичиргил.

Бевақт, бенур селлар юкидан,

Кўнглим қирғоқлари тошганда,

Бағрим яна ўзингсан дўстим,

Мен сен билан бахтиёр банда…

 

Йўллар…

Йўллар уларга боқма.

Ойдинликнинг осмонида бўл!

Сен шунчаки нурларда оқма,

Чексизликнинг жилвасига тўл!

 

 

                            Мактуб

 

Борар йўлим сенинг йўлинг эмасму?

Манзилгоҳинг зангор дилим эмасму?

Сени десам еру кўкда яшнадим,

Кўксимдаги сенинг гулинг эмасму?

 

                          Озода БЕКМУРОДОВА

 

Муаллиф ҳақида:

Озода Бекмуродова – Деҳқонобод туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги УзМУ)ни тамомлаган. “Дилрабо Оқ шомлар”, “Юрак зарблари” “Мовий фурсатлар” шеърий тўпламлари нашр этилган. Ўзбе­кистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + eleven =