Исм — инсон зийнати

Яратганнинг бизга берган энг буюк неъматларидан бири бу — фарзанд ҳисобланади. Туғилган янги меҳмонга исм қўйиш азалий бурч. Яхши исм эса боланинг ўсиб-улғайишида алоҳида аҳамиятга эга.

 

Эсимда, бизнинг уйда ҳам укам туғилганида отам, синглим ва мен “Исмлар” китобидан муносиб исм қидиргандик. Бунинг ўзига хос ҳузури борлигини ўшанда сезгандим. Узоқ мас­лаҳатлашувдан кейин укамга Аббос исмини танлаганмиз. Ҳозирда укам исми билан фахрланиб юради.

Муқаддас китоб­ларда ҳам ота-онанинг бурчларидан бири, фарзандига чиройли, маъноли исм танлаш, деб кўрсатилган. Қўйилган ҳар бир исм, бу наинки бу дунёда, балки охиратда ҳам бирга бўлиши назарда тутилган.

Муборак Ҳадисларда ҳам исмларга хос маъноли фикрлар келтирилган. Бир ҳадисда: “Пайғамбарларнинг исмларини олинглар, Аллоҳга ёқадиган исмлар “Абдуллоҳ ва Абдураҳмон”дир дейилади.

Шу қаторда яна бир улуғ маросимлардан бири бола қулоғига азон айтишдир. Бу амал ёши улуғлар томонидан амалга оширилади. Қулоғига уч маротаба “Сени исмингни шундай, деб қўйдик”, дейилади. Айтишларича, ана шундан сўнг чақалоқ ўз исмини анг­лай бошлар экан.

Ҳозирги кунда шу каби гўзал одатларимиз орқасидан ҳунук манзаралар кўзга ташланиб қолмоқда. Айниқса, исмларни қисқартириб айтиш, чет тилида айтиш, лақаб қўйиш каби ҳолатлар авж олди. Масалан: Жаҳонгир Жўхага, Озода эса Озошга айланиб улгурди. Бу ҳолдан дилингиз оғриши аниқ. Наҳотки, Аллоҳ томонидан инъом этилган табаррук фарзанд исмини ўз билганича талаффуз қилиш ёшлар орасида одатга айланаётган бўлса?

Кишининг исми унинг тақдирида, соғлиғида ҳам ўз изини қолдирар экан. Ҳатто асаб толаларига ҳам таъсир қиларкан. Мутахассисларнинг айтишича, агар исм болага мос келса нерв тизими, юрак-қон-томирида учрайдиган нохушликлардан сақлар экан.

Айни кунларда янги туғилган гўдакни исмини қўйишда замонавийлик, оммавийлик орқасидан қувиш ҳолатлари урчиди. Шу сабаб ҳозирда такрор исмлар кўпайиб бормоқда. Дейлик, Маркс (немисча), Шаҳина (форсча) сингари. Ваҳоланки, луғатда туркийча минглаб исмларнинг рўйхати келтирилган.

Кези келганда, қизиқ факт келтириб ўтсак, олимлар ўтказган тадқиқотларга кўра, ҳар қандай одамнинг тақдири, келажаги унинг исмига, айниқса, исмидаги бош ҳарфига боғлиқ экан. Бунда исмининг бош ҳарфи алифбонинг биринчи ярми билан бошланадиган инсонлар иккинчи ярмига қараганда омадлироқ бўлишади, дейилган. Шундай экан, исм қўйишда шошма-шошарлик ярашмайди. Балки обдан ўйлаб, мулоҳаза қилиб исм танлаш муҳим.

Яна бир масала, баъзи ота-оналар фарзандига чет эллик спортчи ёки машҳур қўшиқчининг номини қўйишади. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ҳам кўп ёзилади. Масалан: фарзандларига машҳур футболчиларга ҳавас қилиб Месси, Роналдо деб исм қўйган юртдошларимиз ҳам талайгина. Албатта, ҳавас бошқа, лекин… Наҳот, ўзимизда маъноли, мазмунли исмлар турганда, ўзимиз ҳам маъносини англаб етмайдиган чет элча исм танласак?

Шундай экан, аждодлардан қолган анъаналарни унутмайлик. Зеро, қўйилган ҳар бир исм кишининг келажагини белгилаши, унинг қандай инсон бўлишида муҳим эканлигини унутмайлик.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 6 =