Коррупцияга қандай курашамиз?

Айтиш мумкинки, бугун коррупцияга қарши кураш дунё миқёсида энг долзарб масалага айланиб улгурди. Бу иллат наинки Ўзбекистонда тобора авж олиб бормоқда, балки ер юзининг барча минтақаларини кенг қамраб олаяпти. Албатта, порахўрлик, юлғичлик, бировнинг ҳақидан ор қилмаслик сингари иллатларга қарши курашишда мамлакатимизда бир- мунча ибратли ишлар амалга оширилаяпти.

Жумладан, коррупцияга қарши кураш доирасида Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан ҳам бир қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, бу борада яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Харитада белгиланган топшириқлар юзасидан Қўмитанинг 139 та меъёрий-ҳуқуқий, меъёрий-техник ҳужжатлари хатловдан ўтказилди, 13 та идоравий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шунингдек, Қўмитанинг штат жадвалига ўзгартириш киритилиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассис лавозими жорий этилди.

Бу иллатга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари, кон-техника инспекциялари ва ташкилотлари раҳбарларига таркибий тузилмаларда қатъиятлик билан ишни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди. Мазкур фаолият доирасида коррупцияга қарши курашиш бў­йича бош мутахассис билан ҳамкорликда иш олиб борилиши белгиланди.

Яна бир долзарб муҳим масала, тизимни мувофиқлаштиришда масъул бўлган кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муаммоси борлигида. Бугун мазкур масала ечимини тезроқ ҳал қилиш ўта муҳим аҳамият касб этаяпти. Аслида давр ҳам биздан шуни талаб қилаяпти. Маълумки, тизим фао­лиятини тўлақонли амалиётга жорий этишга масъул бўлган кадрлар юридик ёки педагогик билимга ёки камида 3 йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлиши лозим. Уларни тайёрлашда коррупцияга қарши курашиш ва касбий одоб-ахлоқ қоидаларини қамраб олган махсус ўқув-методик қўлланмалар ҳам етарли эмас.

Мазкур ишларни такомиллаштиришда ижтимоий тадбирлар, фикр алмашув, семинар-кенгашлар, форумлар ўтказиш яхши натижа беради, албатта. Шу­нингдек, таълим муассасалари ўқув дастурларига коррупцияга қарши курашиш курсларини киритиш унинг зарарли оқибатларини ўсмир-ёшларга англатиб бориш муҳимдир.

Ҳозирги кунда амалий ишни йўлга қўйишда ўқув қўлланмаларига зарурат мавжуд. Жамиятда коррупциянинг мавжуд бўлган хавф-хатарлари ва уларнинг олдини олиш чоралари асосида материалларни тайёрлаш учун ягона методологик талабларни ишлаб чиқиш бугуннинг бажарилиши лозим бўлган масалаларидан биридир.

Бундан ташқари, олий ва ўрта ҳамда умумтаълим муассасалари иштирокида тобора илдиз отаётган иллатнинг туб моҳиятини аниқлаш борасида фикр алмашиш ҳам кун тартибида турибди. Сабаби, улар ҳамкорлигида коррупцияга қарши курашиш соҳасида таълим беришга масъул шахсларнинг малакасини ошириш ва касбий тайёргарлигини такомиллаштиришда махсус дастурлар, қўлланмалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.

Албатта, белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда халқаро экспертлар иштирокида семинарлар, давра суҳбатлари ва илмий-амалий конферен­циялар ўтказиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Айниқса, бу соҳага халқаро мезонлар ва илғор чет эл тажрибаларини жорий этишда хорижда малака оширишни ташкил этиш янада муҳим.

Ташкилотнинг тўғри фаолият кўрсатиши, ходимларнинг ҳалол меҳнат фаолияти муаммони аниқлашда етарлича тасаввурни пайдо қилади. Бирор муассаса номидан ҳаракат қилаётган ходимга қараб ўша идора ёки ташкилот фаолиятига баҳо берилади, деб бежиз айтилмайди. Шу сабабли, ҳар бир ташкилотда ишнинг қандай амалга оширилаётганлиги коррупцион омиллар мавжуд ёки мавжуд эмаслигига қараб баҳоланади.

Афсуски, мамлакатимизда етук ва қобилиятли кадрлар масаласи оқсоқ ҳолатда. Айниқса, Қўмитани малакали кадрлар билан таъминлаш, малакасини ошириб бориш, бундан ташқари, самарали ходимлар захирасини шакллантириш масаласи бажарилиш лозим бўлган биринчи галдаги вазифалардан ҳисоб­ланади. Шундай экан, тизимни жорий этишда   масъулларнинг малакаси ва салоҳияти муҳим аҳамият касб этади.

Ҳилола МИРЖАВҲАРОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг

коррупцияга қарши курашиш бўйича

бош мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =