Бошга лойиқ дўппи йўқми, ё…
Тикувчилик ҳунарининг барча тури инсондан қунт ва метин матонат талаб этади. Бу аёлларимизни нафақат бўш вақтларини бекор ўтказмасликка чорлайди, балки рўзғор юритишда “аравани бир томони”дан тортиб юборишда ҳам асқотади. Бош омон бўлса, дўппи топилади, дейди халқимиз.
Аммо бугун кўпчилик одамлар, айниқса, ёшлар миллий бош кийимларга бир қадар эътиборсиз муносабатдаки, гўё омон бошларимизга ҳам дўппи топилмаётгандек. Аслида, замонлар оша авлодлардан-авлодларга ўтиб, қадрият даражасига кўтарилган дўппиларнинг инсон саломатлиги ва миллий менталитетимизни намоён этишда аҳамияти беқиёс.
Хўш, дўппилар қачондан бошлаб эъзозланиб, халқимизнинг миллий кийимига айланган? Тарихий манбаларда келтирилишича, аёллар дўпписи яъни бош кийимлари бундан 6-7 асрлардан аввал яратилган Мовароуннаҳр ҳамда Самарқанд миниатюраларида учрайди. Лекин минг йиллар аввал ҳам ота-боболаримиз бош кийимларини азиз билган. Улар, одатда, кимдир босиб кетмаслиги учун уйларнинг тўрига ёки баландроқ жойга илиб қўйилган.
— Мен дўппидўзлик билан 52 йилдан буён шуғулланаман. Бугунгача дўппиларнинг нима учун эъзозланиши ҳақида кўплаб афсонаю ривоятлар эшитганман, — дейди андижонлик дўппидўз-ҳунарманд аёл,— “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Ёрқиной Тўйчиева.— Уларнинг бирида айтилишича, қадим замонларда халқ орасида ўлат тарқалибди. Одамлар ҳалок бўла бошлабди. Юрт подшоҳи шунда ким ушбу касалликка даво топса, бошидан тилла сочишга ваъда берибди. Кунлар ўтиб, бир мўйсафид ушбу мушкул вазифанинг уддасидан чиққани овоза бўлибди. Подшоҳ уни ҳузурига чорлабди ва шифо сири нимада эканини сўрабди. Мўйсафид жавоб тариқасида кафтида бир сиқим қалампирни кўрсатади, яъни барча дардни у гаримдори билан енгаётганини айтибди. Подшоҳ унинг сўзларидан ҳайратга тушиб, токи ўлимга элтувчи дардни даволаган экан, мен уни бошимда кўтараман, дея бош кийимининг тўрт ёнига қалампир чиздиришни буюрган экан. Ана шу тарзда гаримдори шакли туширилган бош кийимлар халқ орасида кенг ёйилган экан.
Бу бир ривоят. Аммо ҳар бир ривоятда ҳам ҳикмат яширин.
Ироқи дўппи, оқпар, бахмал, лайло, қалампирмунчоқ дўппи… Санасангиз йигирмадан зиёд турлари бор дўппиларнинг. Шу билан бирга, ушбу бош кийимлардаги ҳар бир шаклнинг сири туридан кўп.
— Дўппидаги ҳар бир шакл рамзий маънога эга, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли хаттот Ҳабибулло Солиҳ. — Улар баъзан одамларнинг ижтимоий ва маиший ҳолатидан, зеҳну кайфиятидан хабар беради. Шунингдек, шаклларда дурдона ҳикматлар яширин. Масалан, дўппилардаги тўртлик шаклидаги гумбазлар бирдамликни англатади. Мунчоқсимон шакллар эса инсон токи ҳаёт экан, ҳамиша ҳаракатда эканлигини англатади. Оқ-қора ранг эса ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғлигидан дарак. Бундан ташқари, авваллари мунчоқ атрофидаги юлдузчалар дўппи эгасининг нечта фарзанди борлигидан хабар берган. Шу боис бўйи етган қизлар яхши ниятлар билан дўппи тиккан. Никоҳ тўйида куёв бола бошини дўппи безаган. Инсонларнинг орзу-умидларини ўзида мужассам этгани учун ҳам бу бош кийимларни халқимиз ниҳоятда қадрлаган.
Аммо бугун кимнингдир бошида дўппи кўриб қолсак, кўнглимизга ҳар хил гаплар келади. Дафъатан, “тинчликми?” дея хавотирга тушамиз. Жамиятда дўппи кийиб юрган кишига нисбатан дин соҳаси вакили, деган фикр қарор топиб бормоқда. Аслида, бу қанчалик тўғри?
— Дарҳақиқат, бош кийимда юриш суннатдан, — дейди “Ҳазрати имом” жоме масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ Абдураззоқов. — Муқаддас ислом динида ибодат амалларини бош кийимда адо этиш жоиз ҳисобланади. Бироқ дўппиларни диний либослар сафига қўшиб қўймаслик лозим. У, аввало, халқимизнинг миллий либосидир. Шундай экан, дўппини кундалик ҳаётда ҳам ғурур билан кийиб юриш мумкин.
Мамлакатимизда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар боис бугун бозорларимизда, қадимий шаҳарларимиз кўчаларида миллий либослар расталари ташкил қилинган. Уларда қўл меҳнати маҳсули бўлган турли буюмлар, ашёлар, миллий кийимлар билан бирга, албатта, дўппилар ҳам сотилмоқда. Гавжум расталарда харидор сифатида, асосан, сайёҳларни учратасиз.
—Ўзбек миллий дўппиларини яхши кўраман ва юртингизга ҳар келганимда ўзимга, аёлимга улардан сотиб оламан, — дейди америкалик меҳмон Кристофер Форд. — Бу либос, ўйлайманки, халқингизнинг бебаҳо мулкидир. У жаҳонда ўзбек бренди сифатида қабул қилинади. Шу боис дунёнинг қайси бир давлатига бормай, кимнингдир бошида дўппи кўрсам, унинг ўзбеклигини ёки Ўзбекистонда бўлган сайёҳ эканлигини биламан.
Ҳа, дўппида хосият кўп. Улар меҳр нури қўшиб тикилади. Уларда урф-одат ва анъаналаримизнинг инъикоси бор. Энди ўйлаб кўринг, ҳар томонлама маънавий ҳаётимизга дахлдор, соғлиғимизда аҳамияти беқиёс дўппиларни бугун нега кам кийяпмиз?! Наҳот шоира aйтгандай:
“Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё
Бош қолмади дўппига лойиқ…”
Юлдуз ЎРМОНОВА,
журналист