Газетадан қўймасин…

Талабалик – олтин даврим, дейишади. Бўлса бордир, аммо тўғрисини айтсам, менга сезилмаяпти. Бир вақтлар талабаликни бошқача тасаввур қилардим, ҳозир эса…

Университетда виждонан дарс ўтадиган, билимли устозлар йўқ эмас. Аммо тўрт йилдан сўнг қўлига дип­лом тутқазиш у ёқда турсин, соҳанинг яқинига йўлатишга арзимайдиган талабаларга “кун чиқиши” ғалати тую­лар экан. Очиғи, уларни кўриб, бош­ланиши шу бўлса, кейинчалик ҳам уларга сутнинг қаймоғи насиб қилармикан, деб ўйланиб қоласан.

Қизиқишим туфайли иш ўрганиш, сабоқ олиш мақсадида ЎзМТРКга бордим. Лекин у бинога кириш бирам “осон” эканки, ҳаттоки у ерда ишлайдиганлар ҳам ёрдам беролмас экан. Фақат шу кутавериб, сўрайвериб, сарғайиб кетаркансан. Шундай кунларнинг бирида қўриқчи ходимлардан бири ҳолатимга ачинди шекилли, у: “Ўқиш жо­йингиздан хат қилдирсангиз бўларкан, кейин бинога киришингиз мумкин”, деб маслаҳат берди. Бу маслаҳатдан кўнг­лим ёришди. Ҳартугул, муаммо ҳал, университетдан хат беришар, деб эрта суюнибман. Афсус­ки, университет масъулларидан бири вақти тиғизлигини айтса, бошқа бири эса ёлғиз ўзингиз учун декан ёки ректорни безовта қилманг, дея “қимматли” маслаҳатларини берди. Бундай муносабатдан ҳафсалам пир бўлди, аммо қизиқишимни сўндирмадим.

Шундан сўнг “хат”сиз кириладиган жой қидирдим ва топдим. Бу – газета таҳририяти бўлди. Устозларимдан бири “…энг аввал газетага боринглар, ўрганинглар…” деган эди. Ўшанда аҳамият бермаган эканман, ростданам, газета, газетадагилар бошқача бўлишар экан.

Хуллас, вақт топиб, дарсдан сўнг “Ишонч” газетаси таҳририятига қатнай бошладим. У ерда мени корректура “қозони”га ташлашди. Очиғи, бошида бу менга ёқмади. Аммо ке­йинчалик… бўялган-бежалган саҳифаларни кўриб, СЎЗга қай даражада эътибор берилишини тушундим. Газетада сўзга жуда катта масъулият билан қаралар эканки, бунга қойил қолмасдан, тан бермасдан илож йўқ. Аслида бўлажак журналист учун ҳақиқий маҳорат мактаби корректура экан.

Қисқаси, маълум вақтдан сўнг шу пайтгача университетнинг кенг ва шинам хоналарида ҳис қилмаган ҳузурни газета саҳифаларида ҳис қила бошладим. Назария қуруқдир дўстим, лекин яшнар ҳаёт дарахти, дея ёзган машҳур шоир ростдан ҳақ экан!

Ҳа, амалиётда ҳам гап кўп экан. Анг­лаганим шу бўлдики, маърузалардан олинмаган билим ва тажрибалар амалиётда шаклланиб борар, инсонни назария эмас, амалиёт пишитар экан. Шу кунгача газетада иккита мақолам чиқди. Уларнинг ўзим ёзган ва таҳрир қилингач, газета юзини кўрган вариантларини сақлаб қўйдим. Чунки уларни таққослаш – сўзга нисбатан сабоқдир.

Қачонки, инсон сабр ва бардош билан интилса, изланса, ўрганса, ўз “Мен”и ва маҳоратини чархлай олади. Ана ўшанда на зарга, на зўрга ҳожат қолмайди. Ҳарқалай, ҳозирча шу ақидага ишончим бор.

Мадинабону НАВРЎЗОВА,

ЎзЖОКУ талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − four =