Лафз

(Ҳикоя)

 

Ой булутлар орасида хира шуълаланарди. Йўл ёқалаб тарвақайлаб кетган тут дарахтлари ҳар-ҳар замонда шовуллар, эсаётган шамол асфальтдаги хазонларни шитир-шитирлаб у ёқдан-бу ёққа учирарди. Узоқдан – қишлоқ томондан итларнинг ҳуриши келади. Шундоғам юраги сиқилиб бораётган Эсоннинг тағин диққати ошар, бор аламини сигирдан олмоқчи бўлгандек, қўлига чирмаб олган арқонни силтаб тортганча сўкиниб, жониворга бақирар эди. Шу пайт кимдир орқадан келиб, сигирни кафти билан чарсиллатиб урди-да, “чуҳ жонвор, чуҳ” деди. Оёғини ерга тираб зўрға юриб келаётган сигир деярли югуриб кетди. Иккинчи бир киши ортда қолиб кетаётган бузоқни етаклаб Эсоннинг ёнига келди. Қараса, қишлоқдоши Баҳодир ака.

– Эсонмисан? Бозоргами? – деди.

– Бозорга… – Баҳодир аканинг кейинги кетма-кет саволларига Эсон қисқагина жавоб берди. – Пул зарил, ака. Йўқса, соғин сигирни кўзинг қиядими?

– Ўзингнинг сигирми?

– Ўзи биргина шу сигир эди. Шу энамди мазаси йўғроқ, ака.

– Э, шундайми? Бир қишлоқда яшаб билмабмиз. Ҳар ким ўз ташвиши билан дегандай. Ҳа-ей, шифосини берсин. Энди… ука, касалчилик одамни чарчатади. Одам сабрли бўлса, Худойимнинг яхши кунлари кўп. Мол-дунё топиладиган нарса, соғлиққа қаранг, соғлиққа. Насиб этса, тузалиб кетса, тўйларингизда ота-эна бош бўлса, ҳаммаси эсдан чиқиб кетади.

Баҳодир ака йўл-йўлакай шу кабилардан гапириб кетаркан, гоҳ деҳқоннинг маҳсулоти арзонлигидан нолир, гоҳо молбозордаги олибсотарларнинг “устамон”лигидан ку­йи­нарди. Сўнг сигирни Эсоннинг ўзи сотадими ё йўқми, бу ҳақда ҳам суриштириб, имкони бўлса ўзи сотгани маъқуллиги, бугун одамларда оқибат кўтарилиб бораётгани-ю, энг яқин қариндош ҳам алдаши мумкинлиги тўғрисида насиҳат ўқиди. Баҳодир аканинг ўғли Жамшид орқада сигирни ҳайдаб келар, отасининг гапини маъқуллаб қўярди. Бундай вақтларда Эсон ўзини янаям хокисор сезар, таскину тасаллилардан сўнг эгик қаддини бироз ростлагандек бўларди.

Сигирнинг тўхтамасдан тез-тез юришиданми, ё Баҳодир аканинг гап­лариданми, ҳарқалай, Эсонга эгнидаги чопони оғирлик қила бош­лади. У чопонни ечмоқчи бўлди-ю, бундай вақтда одам тез шамоллаши мумкинлигини ўйлаб, чопони ўнгирини қайириб, белбоғига қистирганча йўлида давом этди. Баҳодир ака тағин сигир ҳақида суриштира кетди. Гап даромадида:

– Яхши молни танишга сотган маъқул, – деди. – Гилам сотсанг… деган гап бор-ку, ўшани зап топиб айтган эскилар. Бекормас-да бу. Сизам доим шундай юрмайсиз-ку, Эсонбой. Пулли бўларсиз, мол-ҳол қиларсиз. Ана шунда шу сигирнинг бузоғидан бирортасини олиб боқсангиз, ҳам ўзингиз, ҳам қўшнингиз барака топади-да.

Баҳодир ака тағин нималарнидир тинимсиз гапирар, Эсон бунга жавобан “ҳа” ё “йўқ” деб қисқа жавоб қайтариб кетарди.

* * *

Кеча Расул ака ўғли Эсонга қўнғироқ қилиб, пул кераклигини, бунинг учун сўнгги илинж сигирни сотиш лозимлигини ва яна пулни тезлик билан пойтахтга жўнатишни айтди. Шундан сўнг бу оила аъзоларининг ғам-ташвиши ортгандек бўлди. Тўғри-да, неча йиллардан буён сут-қатиғи билан рўзғорнинг унча-мунча кам-кўс­тини билдирмай келаётган ола говмиш қадрли бўлиб қолган. Жониворни “эна сигир” деб аташарди. Уни сотиш…

Муяссар сигирни сўнгги бора соғиб олди. У соғаяпти, Эсон емини бериш учун бир чеккада кутиб турибди. Янги соғилаётган сутнинг ҳиди димоққа урилади, бир маромдаги “шиғ-шиғ” овозга монанд Муяссарнинг елкаси учиб тушаётир. Эсон билдики, опаси йиғлаб ўтирибди. У соғиб олаётган сутдан кўра кўпроқ кўзёш тўкаётир. Говмиш эса борини ийиб бераётгандек, елинидаги сути сира тугамайди. Қоп-қора кўзларини милтиратганча, ҳатто қулоғини ҳам қимирлатмай, бошини эгиб жим турибди. Эсон бу ҳолатни кузатиб, бошқа чидаб туролмади. Қўлидаги емчелакни тапиллатиб ерга қўйди-да, уйга – момоси ёнига келиб, ёнбошлаб ётиб олди. Момоси унинг сочини бармоқлари билан тарагандек эркалаб:

– Эй, болам-а, – деди, – муштдай бошинг билан шунча дардни тишингда тишлаб, елкангда кўтариб юрибсан, бугун бўлмаса эртага кўксингга шамол тегар. Худойимнинг яхши куни кўп. Сен бундай ётма, Рус­там акангга телпон қилиб айт, эртага, инакни сотиб берсин. Момом айтди, де. Бозорнинг паст-баландини билади. Пулиниям Тошканга ўзи жўнатсин.

Эсон кеча Рустам акаси билан келишганидек, тонг ёришмасданоқ, сигирни етаклаб бозорга жўнади. Опаси катта йўлгача сигирни ҳайдашиб борди. У бозоргача Эсон билан бормоқчи эди, укаси жеркиб берди. “Бор, уйга қайт. Қиз бола нарсага молбозорда нима бор?”. Укасининг сенсираб бақирганидан ранжиган Муяссар кўзёшларини артиб уйга қайтди. Бундан Эсоннинг ўзи ҳам қаттиқ хафа бўлди. Шундай чоғда Баҳодир акадек йўлдошнинг дуч келиши уни бирқадар мамнун қилганди. Баҳодир акани ўзига яқин кишидек ҳис қила бошлади. Улар бозорга анча яқин келиб қолганди. Кун ҳам ёришди. Йигирма қадамча наридаги одамни бемалол таниса бўларди. Йўлдошлар энди она-бола сигирни ўз ихтиёрига қўйганча, шошмасдан кетиб борарди. Баҳодир ака гапни тағин бозордан, савдодан олди. Молни Рустам аканинг сотишини эшитган Баҳодир ака Эсонни тўхтатиб:

– Акангни чақир, шу ерда савдо қилайлик, – деди. Эсон акасига қўнғироқ қилиб, боғлана олмади. “Акам ҳали етиб келмаган. Бўлмаса, ўзи мени излаган бўларди” деб ўйлади. Баҳодир ака эса уни тобора қистовга оларди.

– Ўзинг ҳам кап-катта йигитсан. Нархини айт, савдо қилаверамиз. Уйдагиларинг норози бўлса, ана уйим… Ука, ҳозир бозорга киришинг билан олибсотар ушлайди-да, ўзининг айтган нархига бермагунингча қўйиб юбормайди. Кечгача бўлсаям ушлаб ўтираверади, бошқаларга савдо қилдирмайди. Мана, биз кўриб-билиб юрибмиз. Тўғри, ўзим ҳам мол олиб сотаман. Лекин бу уйга, боқиш учун. Ўзи танишлардан сотиладиган соғин сигир излаб юргандим.

Ота-бола Эсонни кўз очиргани қўймасди. Бири қўйиб иккинчиси гапирар, гоҳ сигирни мақтаса, гоҳ Эсонга насиҳат қиларди. Эсон гарангсиб қолди. Аксига олиб, акаси билан ҳам сира боғланиб бўлмади. Рустам аканинг уйи бозордан анча йироқ, кечикиб келиши табиий. Шу боис Эсон нима бўлганда ҳам акасини кутишни мўлжаллаб, айни гапни айтди:

– Нарх-навони билмайман-да мен.

Баҳодир ака жиддий муаммога дуч келган кишидек сергак тортди. Оғир ўйга чўмиб, тек қотди.

– Сен билан савдолашиб бўлмас­кан, – деди салмоқланиб. – Энди Рустамбойнинг ҳам келмаганини… ҳозир ҳаммамиз бозорга кечикяпмиз. Эрталабки савдо яхши-да, ука. Менга ишонсанг экан, ўзим нархлаб олсам. Бир қишлоқнинг одамлари бўлсак. Вазиятингни ҳам айтиб турибсан. Шундай молни бегона қўлга арзимаган пулга бериб юборма, дейман-да.

Эсон ишонди. Баҳодир ака унга икки миллион сўм санаб берди. Рус­там эса анча вақтдан сўнг келди. Ака-ука кўришиши билан Рустам “Сигир қани?” деб сўради. Эсон қўлидаги пулга ишора қилиб:

– Сотдим, – деди.

Рустам нархни эшитиши билан бақира кетди:

– Эсинг жойидами сенинг… нимага менсиз сотасан? Бор, бориб қара, ишонганингнинг аҳволини кўр.

Эсон билдики, акаси уни учратгунча бозорни оралаб, унинг молни сотганидан бохабар бўлиб ва бундан норози алфозда келаётир. Шунда Эсон акасига: “Нима бўпти, сизсиз сотган бўлсам. Мана пулини олдим. Текинга бериб юборганим йўқ-ку”, – демоқчи бўлди-ю, индамай қўя қолди.

У акасининг қистови билан одамлар гавжум тортган жойга бориб, бўлаётган савдони орқароқдан кузатди. Жамшид сигирни ипидан ушлаб чеккада индамай турар, Баҳодир ака эса аллаким билан савдо қиларди:

– Бой бова, ишонмасангиз ўзингиз биласиз. Уйимда ўз қўлларим билан боққан молим. Барака топмасангиз, кейин келиб айтинг… лекин сиз сўраётган иккияримлик сигир эмас-да. Тоза уч миллион бўлса олинг.

Рустам ака Эсонни елкасидан ушлаб, чеккага тортди:

– Кўрдингми? – деди имкони борича босиқлик билан. – Бор, кўпнинг ичида пулини бетига от.

– Ака?! – деди Эсон кўзлари жовдираб. – Нима қилган бўлса ўзига. Лекин мен рози бўлиб, қўл ташлашиб, лафз қилдим.

– Лафз қилдим? Сен тирранчанинг ўзинг киму, лафзинг нима бўларди?! Ҳе, лодон!

Эсон акасидан ёш тўла кўзларини олиб қочди. Рустам ака алам билан ерга қаттиқ туфлади-да, пулни олиб бозордан чиқиб кетди. Эсон эса одамлар орасидан уриниб-туртиниб чиқиб олди. Бу дафъа бозорга оломон оқиб келар, у эса уйи­­га кетиб борарди.

Бобо РАВШАН

 

Муаллиф ҳақида:

Бобо Равшан (Ғозиддинов) — 1985 йил Қумқўрғон туманида туғилган. 2004 йили шу тумандаги 37-умумтаълим мактабини тамомлаган. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида “Сув” номли китоби чоп этилган. “Маҳалла” газетасида меҳнат қилади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three − two =