Қадимги цивилизациялар сабоғи янги Уйғонишнинг маънавий асосидир

Инсоният тарихида шундай даврлар борки, унда буюк ишларга тайёр халқлар юксак салоҳиятли йўлбошчилари етакчилигида, тарихнинг муайян қисқа босқичларида, юзлаб йилларда қўлга киритиш мумкин бўлган улкан натижаларга эришганлар, ўз мамлакати довруғини бутун дунёга ёйганлар.

Бугунги давр ҳам худди ана шундай. ХХ аср охирида мус­тақилликка эришиб, қарийб 30 йилдан буён истиқлол йўлидан бораётган халқимизнинг Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришилган туб ўзгаришлар ва улкан янгиланишлар давридир.

Халқ ҳаётида бир неча юз йилларда бир ёки икки марта рўй берадиган бундай улкан цивилизацион кўтарилишлар даврида инсониятнинг бу борадаги илғор тажрибаларига мурожаат қилиш, қўлга киритилган натижалар ва ютуқларни ўрганиш, улардан фойдаланиш эҳтиёжи кучайиб бораверади.

Бу жиҳатдан, Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари, атоқли олимлар О.У.Салимов ва А.Х.Саидовлар раҳбарлигида тайёрланган ва яқинда “Таълим нашриёти” томонидан чоп этилган “Қадимги шарқ цивилизация­ларидан ёдгорликлар” асарини ушбу жабҳадаги кенг қамровли изланишларнинг маҳсули дейиш мумкин.

Китоб бошланишиданоқ унга Президентимизнинг “Биз кенг кўламли демократик ўзгариш­лар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик” деган сўзлари эпиграф қилиб олингани бежиз эмас. Зеро, ушбу фикр давомида Юртбошимизнинг Ренессансдек ноёб феноменал ҳодисанинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз ва бутун жамиятимиз анг­лаб олиши кераклиги алоҳида таъкид­ланган.

Юртимиз ўтмишига холисона назар ташлаган ҳар бир киши бир эмас, икки марта бундай ноёб Уйғониш жараёнини кузатиши мумкин. Ватанимиз тарихидаги “Илк ўрта асрлар” деб юритиладиган милоднинг IХ – ХI асрлари, яъни Мусулмон Ренессанси, ҳамда Амир Темур ва Темурийлар даври инсоният тарихининг буюк Уйғониш, яъни Темурийлар Ренессанси бўлгани шубҳасиз.

Айнан ана шундай даврларда бундай Ренессансларни яратган халқлар эришган юксак натижалар жаҳон цивилизацияси хазинасига улкан ҳисса бўлиб қўшилган, унга бошчилик қилган кишиларни жаҳон сиёсатининг энг баланд саҳнига олиб чиққан, улар фаолияти умумбашарий тараққиётга катта туртки берган.

Бу нуқтаи назардан, “Қадимги шарқ цивилизацияларидан ёд­горликлар” асари бундай серқирра феноменал ҳодисаларга хос инкор ва ворислик жараё­ни мазмун-моҳиятини анг­­­лашга ёрдам беради. Зеро, айнан ана шундай асарларга таянибгина буюк аллома боболаримиз қолдирган бебаҳо мерос ва миллий қадриятларга тая­надиган кенг қамровли жараёнлар, ҳозирги туб ўзгаришлар ва янгиланишларнинг аҳамиятини тўғри тушуниш мумкин.

Ҳозир Ўзбекистон деб аталувчи ҳудуд, яъни Аму ва Сирдарёлари оралиғидаги бизнинг Ватанимиз нафақат Шарқ, балки умумжаҳон цивилиза­цияси бешикларидан бири бўлганини бутун дунё тан олаётгани ҳам бежиз эмас. Бунга бир мисол сифатида ЮНЕСКО шафелигида тайёрланган 6 жилд­лик “Марказий Осиё цивилизацияси тарихи” номли асарни кўрсатиш мумкин. Шу кунгача кўрку файзини, маҳобатини йўқотмаган осори атиқаларимиз, бешафқат давр синовларидан омон қолган энг қадимги тош­ёзувлар, битиклардан тортиб, бугун кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минглаб қўлёзмалар беқиёс маънавий бойлигимиз, ифтихоримиздир.

Кўплаб фалсафий ва тарихий, диний ва дунёвий илмларнинг асослари Ватанимиз заминида дунёга келган, сайқал топ­ган. Бу қадимий ва табаррук тупроқдан улуғ аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Бахоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломалар, мутафаккирлар, олиму уламолар, машҳур сиёсатчилар ва саркардалар етишиб чиққан. Бинобарин, юксак цивилизацион қадриятларни мужассамлаштирган бу улуғ зотлар фаолияти, ижоди ва эришган ютуқлари ҳам биз учун абадул-абад маънавий камолот ва инсоний етуклик тимсоли бўлиб қолаверади.

Аллома боболаримизнинг бизга қолдирган бебаҳо маънавий-маърифий, илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон маданияти хазинасидан муносиб ўрин олиб, инсониятни эзгулик сари етаклаб, ҳар томонлама баркамол инсонларни тарбиялаб вояга етказишга хизмат қилиб келмоқда. Бу қадар катта маънавий меросга эга бўлган халқ дунёда кам топилади ва айнан ана шу улкан манба Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда куч-қувват манбаи бўлиши шубҳасиз.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекис­тон Республикасини янада ривож­лантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси жамиятимиз ҳаёти, халқимиз қалби ва онгидан чуқур жой олди, бутун мамлакатимиз, барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи қуд­ратли кучга, таъбир жоиз бўлса, уларнинг ғоявий ўзаги ва маънавий таянчига айланди.

Бу жиҳатдан, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош ассамблея­си 72-сессиясидаги нутқида алоҳида таъкидланган “Бугунги кунда Ўзбекистон жадал ривож­ланмоқда. Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз. Жамиятимизда сиёсий фаоллик ортиб бормоқда, барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улардан кўзланган мақсад – “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган оддий ва аниқ-равшан тамойилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат” деган фикр ҳам Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичининг дастлабки йиллариданоқ учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга ҳозирлик, бу борадаги ғоявий ва маънавий тайёргарлик кўрила бошлаганидан далолат беради.

Қолаверса, “Янги Ўзбекис­тон”, “Янги Уйғониш даври”, “Учинчи Ренессанс” тушунчалари бир кунда ва осонгина шаклланадиган оддий ҳодисалар, жўнгина дунёга келадиган ва ўткинчи бир ижтимоий воқеликни ифодаламайди, албатта.

Шу маънода, “Қадимги шарқ цивилизацияларидан ёдгорликлар” каби асарлар мазкур феноменал янгиланиш ва туб ўзгариш­ларнинг тарихий илдизларини яхши билиш, бу борадаги ижтимоий қонуниятларни чуқур англаш, ушбу йўналишдаги фаолиятни тўғри ташкил қилиш, мақбул усулларни топиш ва самарали йўлларни аниқлашга хизмат қилади.

Дунё нафақат глобаллашиб ёки ахборотлашиб, балки технократлашиб ҳам бормоқда. Мутахасислар фикрича, бунинг натижасида шаклланаётган технократ инсон роботга ўхшайди, у кўпроқ вертуал дунёда яшайди, аста-секин бошқалардан узоқлашиб, жамиятдан ажрала бош­лайди. Унга тарих нидолари, боболар ёди, халқи ва юртининг ўтмиши ҳамда келажаги олдидаги қарздорлик ҳисси бегона, қалбида миллий қадриятларга, уят ва андиша каби бокира туйғуларга, давлат ва жамият манфаатлари каби тушунчаларга ўрин йўқ. У халқ достонларини ўқимайди, бахшиларнинг хониш­ларини тушунмайди, миллий қўшиқларимизни ҳиргойи қилолмайди, мумтоз мусиқаларимизни тинг­лаб, “сел бўлиб оқмайди”. У қаерда яхши яшаса, ўша ер унинг ватани, унга ҳеч ким тегмаса, ўз компьютерлари дунёсига “кўмилиб” ўтириш учун шароит бўлса, бас.

Президентимиз илгари сураётган Янги Ўзбекистон ғояси, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш тамойиллари ва унга мос янги дунё­қарашни шакллантириш талаблари бундай “замонавийлик” билан келиша олмайди. Бинобарин ушбу тақризимизда қисқа таҳлил қилинган “Қадимги шарқ цивилизацияларидан ёдгорликлар” каби китоблар бу борада халқимизнинг Янги Дунёқарашини шакл­лантириш учун асос бўладиган мезонларни аниқлаш ва уларга таяниб, юксак иқтидорли ва маънавий баркамол ёш авлодни тарбиялашда муҳим қўлланма сифатида ёрдамга келади.

Бу эса ўз навбатида, тобора глобаллашиб ва турли хавф-хатарлар таъсири ортиб бораётган бугунги дунёда Янги Ўзбекистон – Янги Уйғониш пойдеворини яратишдек шарафли ва сермашаққат фоалиятни амалга оширишда ҳар биримизнинг зиммамизга улкан масъулият юкланганидан далолат беради.

Қиём Назаров,

фалсафа фанлари доктори,

профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − twelve =