Сўнгги илинж

(Ҳикоя)

 

Бу қандай гап бўлди, дўстим Олтинбой?! Мен сени ўзимга яқин олиб доим ёрдам сўрасам-у, ҳар гал бир оғизгина гапингниям аяйсан-а?! Бу сафар ундай қилма! Унақада дардимни кимга айтай?.. Менга қолса бу ерларга ўлақолсамам оёқ босмасдим. Мажбурлаб, унинг устига ҳаммаёғимни шу савил чилвир ўлгур билан чирмаб судраб келишди. Ўзиям лофмас-ку, нақ девдай келадиган икки барзанги ярим кун олишиб аранг эплашди-да. Бунақанги қаттиқ қаршилик кўрсатишимни ҳеч ким кутмаган чоғи, аввалига шундоққина болаларча хўрозқанд билан алдаб, қўлимдан етаклаб кетишмоқчи бўлишди. Қарашса, анойимасман. Кучлари зўрға етди баччағарларни. Ўзимдан-ўзим фахрланиб кетдим – тарбиялаб, катта қилган раҳматли отамга ташаккур девордим ўша чоқ. Агар шу касбга қизиқишим бўлмаганда эди, аниқ дунё полвонлари орасида энг машҳури бўлардим. Фақат кулма Олтинбой! Гапим рост.

Лекин Бош муҳаррир нега менга ишонч билдириб шу ишни топшира қолди, ҳалигача тушунолмайман. Бош­қа одам қуриб кетганмиди?! Ўзи-ку майли. Фикрлаш у ёқда турсин, қоғоз қоралашдан бошқасига қурби етмайди. Лекин шунча тажрибали, ўзи тенгқур устоз ёзгичлар кўп эди-ку! Тинчгина чориғимни судраб, кунимни кўриб юрувдим-да. Олдига чақириб “Қаламинг ўткирлашиб қолди шогирд. Энди жиддий мавзуларга ҳам қўл уриш вақти келди. Қачонгача майда-чуйдаларга ўралашиб юрасан”, демаганида бу машмашалар бошимда йўқ эди, дўстим Олтинбой.

– Нима қилай? – дебман менам ҳар ишни дўндирворадигандай гердайиб. Ёшман. Унинг устига қизиққонмасманми.

– Сенга алоҳида топшириқ бор. Бугундан катта мавзу устида ишлайсан. Яъни мамлакатда бўлаётган ўзгаришларга улкан ҳисса қўшаётган, умрини ватанимиз равнақи йўлига тиккан, туғилган юрти, халқи учун жонини аямайдиган, қисқаси ана шунақа фидойи касб эгалари ҳақида бадиий образ яратасан. Қалам ҳақиям шунга яраша – филдек!.. Худо ярлақаб омадинг чопиб қолса, бутун мамлакатга номинг чиқади. Яна “каттакон” назарига тушиб қолиш эҳтимолинг ҳам йўқ эмас. Унда нақ кўксинг тўрида бирон нишонни ўзинг тасаввур қилавер!

Ҳа-а! Ё бирон орден тақасан ёки нақ зарба ейсан, дегандек бўлди ўзиям. Очиғини айтсам, бошлиқнинг ўзи ҳам такаббур, ўта айёр одам-да билсанг. Агар айтганлари рост бўлса, ўзидан ошармиди шунча обрў-эътибор, мукофот деганлари.

Алал-оқибатини ўйлаб ҳам ўтирмай барибир кўндим. Мен учун топшириқнинг охири муҳим эди. Рўзғордаги камчиликларни ёпишга чол ваъда қилган “фил”дек маблағ ўта зарур бўп турганди-да. Қолаверса, хотинимнинг “у кам-бу кам” сингари минғир-минғирларидан ҳам қулоғим анча пайт тинарди. Қолганини уддаласа бўлади. Яшириб нима қилдим, яна каттакон билан шахсан учрашиб, ҳаётдаги муаммоларим, яшаш қийинчиликларим ҳақида қулоғига шипшиб қўйиш ниятим ҳам бор эди.

Хулласикалом ё донғим, ё чангим чиқар. Бугуннинг қаҳрамоними, марҳамат! Ёрворамиз-ку ёзиб!..

Лекин бу осон иш эмаслигини жуда яхши тушунардим. Бўнакни олиб чўнтакка уришга урибман-ку, бошлиқдан қаҳрамонни мамлакатнинг қайси бурчагидан излашни сўрамабман. Ҳартугул, катталарнинг ақл доираси сиғими кенг­роқ бўларди. На илож. Қидирамиз энди. Дунё кенг. Мамлакат сарҳадлариям чексиз.

* * *

Ўҳ-ҳў, чегарагача йўлда қанча балогардон қаҳрамон учрамайди дейсан, дўстгинам Олтинбой! Йўл қуюм шиғиллаб, пишиб ётибди-ку улар! Дарахтни тепсанг, бас. Ерга ёғилади.

Қисқаси ўзимча шаҳарнинг манаман деган идора ва давлат муассасаларига бориш бўйича тахминий йўл харитаси тузиб, ихчамгина режа қилволдим. Биринчи танловим ўз-ўзидан маълум – тиббий маскан эди. Бунинг устига бошим ҳам оз-моз оғриб турганди. Кечаги “қиттай-қиттай”нинг асоратида, деб ишшайма биродар. Касб касаллиги бу. Ўзинг яхши тушунасан. Нақ каллам ёрилаёзаётганди. Яшириб нима қилдим. Кичиккина мақсадим аралашмаси орасида дардимга даво топиш истаги ҳам барқ уриб, бўй кўрсатиб турарди. Шифо илинжида пойтахтнинг энг катта шифохонасига равона бўлдим. Бориб тўғри раҳбарнинг ўзига учрашдим.

Касбимни эшитган заҳоти бош шифокор аввал бироз довдираб, қовоқ-тумшуқ қилволди. (Журналистлардан бунча чўчишмаса булар!) Бунисиям ҳамма қаҳрамонларим қатори гаплашяпти-ю чеҳраси ёришмайди. Кейин мақсадим яхшилигини билгач, мақтанишдан тўхтатиб бўлмади бу Худо бехабарни. Жағи ланг очилди-қолди. Қани бироз жим турса-ю, фикрларимни жамлаб олсам. Каллам ёрилиб кетай деяпти-ю шифохона ҳудудидаги дарахтларни кестириб, саранжомлаганигача вайсади ўзиям. Аммо сотиб гумдон қилган пуллари ҳақида лом-мим демади. Буларнинг ҳаммаси шу-ку! Очиғи, жиғилдонидан бошқа ҳеч нарсани ўйламайдиган, бунақанги юз хил турланувчи нусхани ўқувчиларга қаҳрамон қилиб кўрсатишни эп билмадим. Роса сайратиб, жуфтакни урдим. Унга қулоқ соладиган бўлсам ўзидан бош­қа яхши одам йўқ эди дунёда. Менга эса оддий одамлар керак. Киши билмас даволовчи шифокор қабулига ёзила қолдим.

Шу десанг иссиқнинг кунида нав­батда туришнинг ўзи жасорат. Бу фикрга салкам икки соатлар чамаси терлаб-пишиб, ёқаларим бўйнимга чиппа ёпишгандан кейин келдим, ҳойнаҳой. Бироз эриш туюлса-да, худди шу гап ўзимгаям ёқиб қолди. Шифокорнинг муздек хонасига кириб, терларим қотгандан кейин эса фикримдан айнидим. Дим ҳаводан нохуш бўлиб, эсим оғишига сал қопти-я! Шифокор жуда мулойим, ўта меҳрибон одам экан. Тили ҳам ширин, бир сўз билан дардингни оларкан. Касалимниям аниқ топди. Сабабларини бирма-бир санаганда янаям ихлосим тушиб қолди. Бош оғриғим ҳам тарқади-қўйди. Шифокор дегани шундай бўлса-да. Ўз касбининг устаси. Тажрибали!.. Бунақасини ўзимизнинг юртдан бошқа яна қаердан топасан, дўстим Олтинбой?!

Бироқ… Ҳа-ҳа шу бироқ бўлмаганида қаҳрамоним нақ эди… Даво ёзиб беришини кутгандим, қўлимга бир манзил битилган ташриф қоғозини узатди. Ўта мулойимлик билан кечки пайт хусусий шифохонасига ўтишимни сўради. Ўзиям манзили кўрсатилган жой дунёнинг чеккасида экан-да. Амал-тақал сўраб-суриштириб, топиб бордим. Не кўз билан кўрайки мулойим шифокор қабулидаги беморларнинг бари ўша ерда – аввалгидек кетма-кет тизилишиб, тумонат ичида навбатда туришарди. Худди туш пайтидагидек яна кутдим. Аммо у жойдаги шароитлар бошқача эди. Кутувчилар учун чиройли ўриндиқлардан тортиб, салқин ичимлик сувларгача муҳайё қилинган экан. Ҳамшираларнинг ширинсуханлигини айтмайсанми?! Тилларидан бол томади. Уларнинг муомаласига анграйиб, йигирманчи бўлиб навбатга ёзилганимниям сезмабман. Буларнинг бариси учун олган бўнак пулимдан бир килограмм гўштнинг ҳақини тўладим. Ноилож нав­батга турдим. Саломатлик – туман бойлик ахир.

* * *

Одам дегани бир жойда икки-уч соат ўтирса оёқлари тарашадек тортишиб, увишиб қоларкан, дўстим Олтинбой! Кута-кута чарчадим. Энди бош оғриғига оёқникиям қўшилиб, икковлашиб жигарни эзғилаша бошлашганди, бир пайт тили ширингина ҳамшира қиз нав­батим келганини эълон қилиб қолди. Бу шифокор деганлари бемор деганни обдон касал қилволиб, кейин даволашаркан-да. Оёғимни судраб аранг кириб бордим. Кўришишга мажол йўқ эди. Шифокор аҳволимга қараб сув тутди. Ичиб олганимдан сўнг, бироз ўзимга келгандай бўлдим. Кейин ўша мулойимлик билан қаерим безовта қилаётганини сўради. Имо билан бошимни кўрсатдим. У бир нималарни ёза бошлади. Кузатиб турдим. Бир лаҳзага бошини кўтармади. Анчадан кейин қўлимга бир уюм қоғоз тутқизди. Бири дорихонага, бири бош­­қа шифокорлар қабулига. Яна бири тиббий таҳлиллар учун. Хуллас, эртасигаям куним шу ерда ўтадиган бўлди. Каллайи саҳардан пешоб, нажас, қон таҳлилларини топширдим. Ҳаммасига яна бир-икки кило гўштнинг пули кетди. Кейин айтилганидек асаб касалликлари шифокорига учрашдим. У ҳам бошларимга қанақадир матоҳларини илиб текширган бўлди-да, хулосаларини ёзиб берди. Буларнинг барига яна бир кило гўштнинг пулини тўладим. Тиббий техник ускуналар кўригидан ўтишим зарур экан. Улар кўкрагим суратидан тортиб, ички аъзоларимни ҳаммасининг расмини чиқариб беришди. Текингамас, албатта. Буларни барчасига уч-тўрт кило гўштнинг пули кетаркан, холос. Мана сенга замонавий тиббиёт, дўс­тим Олтинбой. Муллажиринг бўлса, бас. Истаган нарсанг­ни маҳайё қилишаркан. Бунақа ривожланишда эртага шифокорларнинг ҳам кераги бўлмай қолади-ёв. Темир одамларнинг ўзи даволайди касалниям. Ниҳоят, бари таҳлил натижаларини олиб, тушдан кейин қайта тўлов қилиб, мулойим шифокор олдига кирдим. У жами натижаларни кўриб, ҳаммаси жойидалигини айтди.

– Хавотирланишга ўрин йўқ. Бари асабдан. Жиддий хаста эмассиз. Бу ёғига доим назоратимизда бўласиз. Ҳозир дори ёзиб бераман, – деди хотиржамгина.

– Керакмас, – деб бақирворибман у мулойим дўхтирга қараб. Ахир ўзинг ўйлаб кўр! Қаҳрамон учун олган бўнагимнинг ярмини унинг мана шу бир оғизгина гапини эшитиш учун сарфлаб бўлгандим. Шу вазиятда яна нима дея олишим мумкин эди.

Ё Тангрим! Ўзинг сабр-у қаноат бер. Жаҳлимни тий, жиловла ва уни ёмонлик­лардан қайтар. Сендан ўтиниб сўрайман, шууримни шу ноинсоф шўртумшуқнинг хотираларидан тозалаб ташла. Бошқа бу мулойим супургига дучор қилмагин, деб илтижо қилганимни биламан, ўзимни идорада кўриб турибман-у. Ҳа-а, дўстим Олтинбой. Ҳаммаси англаганингдай юз берди. Жаҳл келса ақл қочаркан-да, биродар. Қачон ва қандай у ерга олиб келишганини эслолмайман ҳам. Айтганларимни бари тушдек, бир зумда содир бўлди-қўйди. Терговчиларга ҳарчанд тушунтиришга ҳаракат қилмай, эшитишни ҳам исташмади. Қилган ишимни безорилик деб малакалашибди. Баҳонада уларни ҳам қаҳрамонлик режамдан ўчириб ташладим. Бирдан-бир қўлимдан келадигани, ваколатим доирасидаги иш мана шу эди, холос. Шу имкониятимдан фойдаланмаслик ҳам кўрнамакликнинг ўзи эди асли. Бу ходимлар бунчалар галварс ва уқувсиз бўлмаса. Маҳкамада у янаям мулойим­лашганини кўрсанг. Жабрдийдага айланди-қолди. Ҳаётда яшаш учун одам дегани ҳар кўйга тушаркан-да. Биронта фикрим инобатга олинмади. Ҳатто қулоқ солишмадиям. Суддаги тутуруқсиз саволларини эшитиб кўр!

– Нимага шифохонага бостириб кирдингиз?

– Нима?!

– Шифокорнинг хонасига нима учун бостириб кирдингиз, деб сўраяпман?

– Қанақасига бостириб. Унинг олдига икки қайта тўлов тўлаб кирдим. Ташриф қоғозини бериб, шифохонасига ўтишимни ўзи илтимос қилди.

– Жабрланувчи билан аввалдан танишмисизлар?

– Қаёқдан билай уни. Тушунмадингизми дейман. Мен “қаҳрамон” излаб давлат шифохонасига боргандим. Тасодифан шу муттаҳамга дуч келдим. У мени ўзининг хусусий корхонасига юборди. Ана ўша ерда ишхонадан олган бўнак пулимнинг ярмини шилволишди.

– У ер корхонамас, шифохона! – қўшилди ўша мулойим нусха.

– Шифохонада одамларни даволайди. Сиз бўлса у ерга ҳаммани обориб ё касал қиласиз, ё жинни! – бўш келмадим менам.

– Бу ҳақорат. Мижозим фаолиятини махсус рухсатнома билан юритади. Таж­рибали шифокор, – қўшилди ҳимоя­­чи.

– Тажрибали фирибгар.

Бу гапимни ҳеч кимга эшиттирмай, пичирлаб гапирдим, Олтинбой! Нимага десанг ҳамма далиллар ўзимга қарши ишларкан. Қонун фақатгина у тарафда эди. Ҳафа бўлиб тургандим, маҳкама раисининг овози жаранглади. Қулоқларим остида худди онамнинг меҳрибон алласи айтилгандай қувониб кетдим. Адолатни қараки, барибир сўнгсўзни менга беришаркан. Кўп гапларни гапириб ташламоқчийдим, ўйлаб қолдим. Кимга керак булар? “Ҳой инсоф бергурлар олдиндан қанақадир бўлар-бўлмас режалар, дастурлар тузиб, ўзи шундай ҳам оғир ҳаётимизни қийинлаштирманглар”, деганимда, нима ўзгарарди? Ўзимга жабр қилганим қолади-ку! Индамай туриб, чуқур уф тортдим-у, қайтиб жойимга ўтирдим. Ҳаммагаям шу маъқул келди. Яшаш қанчалар оғир бўп кетипти-я, дўстим Олтинбой! Хуллас, айбсиз айбдорга айландим-қолдим. Бўнак пуллари эса, давлатимиз қонун-қоидаларига кўра ҳавога учди-кетди. Тўғрироғи, қолганини жаримага тўладим. Яна қолган ярим ёртисига бозордан пича кортошка билан у-бу кўкатлар сотиб олдим, холос. Алам қилгани бир шапалоқ этга арзимади. Буни кўриб хотинимнинг яна дийдиёси бош­ланди.

Ўйлаб-ўйлаб шуларнинг орасида ҳокисор бўлиб яшаётган ўзимдан бош­қа ҳеч кимни қаҳрамонликка номзод, деб билмадим. Бошлиққа шу ёзганларим маъқул келмаган чоғи мажбуран касалхонага – руҳий кўрикка жўнатворди. Уни ҳам тушунаман. Ўз хоҳишига қараб қилмаган бу ишни. Кимларнингдир таз­йиқларидан хавотир олган бўлиши ҳам мумкин. Мана энди тиббий хулосаларимни кутиб ўтирибман. Қалам ҳақиям расво бўлди. Шу ишни, деб қарзгаям ботдим. Аммо ҳар тугул бироз юпанчим бор. Агар таҳлилларим ижобий чиқиб, бу ерда олиб қолишсаям, шов-шув бўлиб, каттаконлар қулоғига етади, деган умиддаман. Ана шунда бир бечора фуқаросига раҳми келиб, бу ердан қутулишимга ёрдами тегар ҳеч қурса. Шу хаёлда ҳар куни шифтга термулиб, нажот кутиб ётибман, қадрдон дўстгинам. Ахир биз феодал жамиятда яшамаяпмиз-ку, тўғрими?

Бахтиёр Нуриддин

 

Муаллиф ҳақида:

Бахтиёр Нуриддин — 1972 йил Жалақудуқ туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

Анча йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. 2016 йилда “Шарқ” нашриётида “Шудринг гуллари” номли илк ҳикоялар тўп­лами нашр қилинган. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чиқарилган “Онажон Каъбам ўзинг” (2016 йил ), “Муҳаб­батнинг мангу эртаги” (2017 йил) каби ҳикоялар тўпламларида ижодидан намуналар киритилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three − one =