Хотира меҳригиёси
Биз тенгиларнинг мактаб йилларида, шубҳасиз, севимли шоирларимиз қаторида Ҳамид Олимжоннинг бўлгани аниқ. Жўшқин эҳтирос билан ёзилган эртаклар, уларнинг оҳанраболи сатрлари – “болалик кунларимда, уйқусиз тунларимда…” ёки ўсмир қалбининг мусаффо қўшиғидек янгровчи “Водийларни яёв кезганда… чаппар уриб гуллаган боғин… одамлардан тинглаб ҳикоя…” мисраларини ёзган муаллифни севмаслик мумкин эмасди.
Бу хотиралар чекка қишлоқ манзаралари каби нопармон бўлса-да, “Ўқитувчи ҳам нон ейдими?” — дея пўрим одамларга илоҳий назар билан қарашдан шаклланган маҳдуд туйғулар қаторида шеърга ошуфталик таассуротларнинг оламшумули эди. Сурати китоб саҳифасидан мулойим боқиб турган зотга ихлос қилиш, уни ўзига яқин олиш анча маънавий улғайиш аломати ҳисобланарди. Шундай норасида тасаввурлар билан шоирнинг шахсий ҳаётига қизиқиш, унга яқинлашиш қанчалик хаёлий гап эди?
Мабодо бу ҳол рўй берганда ҳам Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним муносабатларини бор бўй-басти билан идрок этиш қийин кечарди. Ҳатто ҳозир ҳам бу ҳол тўла амалга ошмаяпти. Замондошларнинг соҳир кўнгиллар инжа асрорини англаши, “муҳаббат саройида қолганлар” сиймосини бутун бўй-басти билан инкишоф этиши қийин кечмоқда. Ҳозир ҳам ҳақиқатдан йироқ тасаввурлар, ғийбатлар, миш-мишлар… Бу ҳол қонунийга ҳам ўхшайди. Бирор буюкликни қабул қилиш учун қалбда ўшанга яраша жой бўлиши лозим, ботиндаги теранликни англаш учун ғуборсиз назар талаб этилади. Шу маънода, шоира Муҳтарама Улуғованинг “Муҳаббат саройида қолганлар” китоби кўп масалада, айниқса, тасаввурларнинг тиниқлашишида ёрдам бериши мумкин.
…Адабиёт муҳиблари мактабда Ҳамид Олимжон ижодига бағишлаб адабий кеча тайёрлашган ва у муаллимнинг шоирга бағишланган шеъри билан бошланганди: “Бовурчи тоғларининг оромбахш шамоллари, Ушбу сўзларим олиб Тошкент сари учингиз… Жаннатаро диёрнинг узоқ бир қишлоғидан, Бир тўп аҳли илмлар дилдан салом йўллаймиз… Эл бунда “Ўзбекистон” оҳангига эш бўлиб, “Ўриклар гуллаганда” масрур кулиб юради… Назмингга сайқал берар кўплаб ёшлар овози…”. Мабодо бу “шиғир” (ваҳоланки, бундай дил изҳорлари ўшанда минглаб ёзиларди!) шоирнинг умр йўлдоши, “Саодат” журнали бош муҳаррири Зулфияга етиб келганда нима бўларди? (Нимадир бўларди, рост).
Бу ҳол рўй бермади, аммо Марғилон шаҳридан бош муҳаррирга кўплаб хатлар келарди ва унинг муаллифи Муҳтарама Улуғова Зулфия опанинг чинакам эътибори ва илтифотига сазовор бўлди (йирик жамоат арбоби ва маданият ташкилотчиси сифатида Зулфия йилт этган шуълани ҳам илғаган, унинг алангага айланиши учун кўмаклашган). Шундай қилиб, Муҳтарама опа йигирма йилга яқин атоқли шоира ва давлат арбоби Зулфия билан ҳамнафас бўлди, бу улуғ инсоннинг теран оламига назар солиш имкони, бахти насиб этди.
Одатда, кўплар ўзларини буюкларга яқин оладилар, улар билан танишлигидан, ҳамкорликларидан фахрланадилар. Бу табиий ҳол, негаки, ҳар бир қалб эзгуликка ташна, яхшиликдан яйрайди, ёмонликдан изтиробга тушади. Аммо масаланинг бир нозик томони бор – кейинчалик бу “яқинлик” соф, ҳалол талқин этилса, маданият тадрижига хизмат қилади, мабодо бирор манфаат туфайли бу иш амалга оширилса, буюкликнинг ҳам қадри жўнлашиб қолади. Ўнлаб шеърий тўпламлар ва публицистик тўпламлар муаллифи Муҳтарама Улуғованинг китобидаги лавҳалар эса юксак мезонлардан туриб, ўзи ҳайратланган ва илоҳ даражасида қабул қилган инсон ҳақида ҳалол муносабат ва ёруғ ният билан қоғозга тушган.
Бугун Зулфия феномини миллий ибрат, намуна тимсоли сифатида улуғланмоқда. Мен ушбу китобни мутолла қилиб, бу ҳол қонуний ва зарур эканлигига қатъий ишондим. Ҳаёт ҳукмфармоси бандаларга ана шундай тимсолларни ато этар экан ва бу билан ўзининг буюк ижоди нималарга қодир эканини кўрсатиб қўяркан.
“Муҳаббат саройида қолганлар” китоби муаллиф Муҳтарама Улуғова, Зулфияхоним хонадонига яқин бўлган Юлдуз Бегалиева ва Сайёра Мамированинг хотираларидан тузилган. Умумий жиҳат шуки, ундаги ҳар бир сатр самимият билан қоғозга тушган, қаҳрамонга чуқур муҳаббат варақлардан силқиб турибди. Бу ҳол асло битикчиларнинг шунчаки илтифоти эмас, балки тирикликдан ҳикмат излаган ҳар қандай одам ташналик билан хотираларни ўқиса ва ҳаёт ҳадисини ўзаро таққослаб мулоҳаза юритса, шахснинг чинакам беназирлигини ҳис этади, мақтовлар, эътирофларга тан беради. Ахир далиллар ўжар бўлади-ку. “Ойни этак билан ёпиб бўлмайди” дейишади. Шунга жаҳд қилинса, этак кўтарилиб, тизза кўриниб қолар экан.
Ҳамид Олимжон ва Зулфия ўн йил бирга яшашган. Шу йиллар бир умрга татирлик бўлган. Машъум айрилиқдан кейин опага турмушга чиқиш таклифини ҳатто қайнонаси ҳам билдирган, “Ёшсиз, умрингизни хазон қилманг”, деган Комила ая. Келинга бу гап оғир ботган, эҳтимол, илк бора тақдирнинг машъум битиги ўртаб ўтган, ҳудудсиз оламда ёлғиз қолганини ҳис этган. Бироқ қалбида абадий ишқ алангаси ловуллаб турган аёлнинг тилларида шу сўзлар қотган эди: “Мени севгилимдан айирманглар, у менинг қалбимда тирик яшаяпти. Ягона юрагимнинг ягона султонини ҳеч кимга алмаштира олмайман. Мени тинч қўйинглар!” Қайта турмуш қуриш ҳақидаги таклифлар айтилмади, омонат дунё ҳою ҳаваслари ишқ ва изтироб оловида куйиб, кулга айланиб кетди, ўтнинг тафти эса шеърларга кўчди, холос. Қаранг, шу иқрорлар ҳам қай даражададир баландпарвоздек туюлади. Ҳолбуки, бу икки қалб ўртасидаги муносабат капалак қанотидан ҳам нозик, гул табассумидан ҳам маъсум бўлган. Ифодалашга “қора сўз” ожиз.
Гул умрнинг сўнгги кунларида шундай ҳолат рўй берган экан, буни Зулфия опа эслаганлар: “Ҳовлимизнинг орқасида картошка экилган ер бор эди. Ҳамид Олимжон кечки овқатдан кейин ўша жойда ишлаётган эдилар. Ой нурида сув жимирлайди. Чой олиб чиқдим.
— Ташна бўлиб турганингда чой олиб чиққан хотинингнинг садағаси кетсанг арзийди, — дедилар.
— Ташна бўлганингизни билдим-да!
Шундан кейин қаршиларига, майса устига ўтирдим.
— Шунақа ҳам шоира бўларканми, — дедилар. — Тап этиб ерга ўтирдингиз, — дедилар-у, кўйлакларини ечиб, тўшаб бердилар. Мен уларнинг оёқларини ювмоқчи бўлдим. Шартта қўлимдан ушлаб:
— Бу қўллар менинг оёқларимни ювиши эмас, сочларимни силаши керак, — дедилар.
Бу — 1941 йилнинг 31 май оқшоми эди…”.
Тонг отганда зулмат кеча унутилади. Ёруғлик барча синоатларни ютиб юборади. Жумладан, лаҳзаларнинг қайтарилмас суратини ҳам. Абадий ҳижрон олдидан висолнинг сўнгги дамлари экан, афсуски, буни ҳар икки томон хаёлига ҳам келтирмаган. Муҳаббат аршида бахтиёр жуфтликнинг ўша онларини тасаввур қилинг, унинг таърифида ҳеч қандай сунъийлик аралашмаган, ҳаммаси қуйма, табиий: ошиқликнинг чин сурати шу даражада ёрқин бўладими? “Кўйлакларини… тўшаб бердилар. …сочларимни силаши керак!” Бунчалик ошуфталик, ҳурмат-муҳаббатга фалак ҳам рашк қилган бўлса керак: кўп ўтмай бахтиёр жуфтлик абадий ажралди, бири Яратганнинг ҳузурига равона бўлди, иккинчиси эса бу синоатни авлодларга то умр бўйи ҳикоя қилиб бериш учун тирик қолди. Зулфия ўша кундан бошлаб икки киши учун яшашга маҳкум қилинганди гўё. Ва шундай бўлди. Охирида шоиранинг иқрори: “Мен ўтган умримга ачинмай қўйдим… Шу-да бир яшаш!”
Зулфиянинг ҳаёти кўп қиррали синовларга тўла бўлганини замонавий ўзбек адабиёти тарихи ҳам, замондошларнинг жонли хотиралари ҳам тасдиқлайди. Бугунги энг янги таассуротлар ҳам бу синовдан шараф билан ўтилганига гувоҳдирлар. Бундай пурвиқорликка Зулфияни вояга етказган муҳит, дўстларнинг маънавий қўллаб-қувватлаши ва, асосан, шоира тийнати ва фитратидаги юксак маънавият йўл очган. Мазкур ҳолни китобда жамланган хотиралар орқали бутун бўй-басти билан тасаввур қилиш мумкин. Муаллиф суҳбатларида “Опанинг ҳар бир ҳаракатида, қилиғида ўзига хос покизалик, гўзаллик бор эди. Ҳатто қошиқни тутиш ёки шеър тинглаши, умуман, бирон ҳолати бошқаларга ўхшамас, фақат ўзига хос эди, — дейди. — Аммо бу беназирликни ўзи сезмасди”. Китобда бир лавҳа бор: бир киши ўзини яқин олиб, шоирага дала-ҳовлини қандай юритиш ҳақида узун ваъзни бошлайди. Опанинг вақти зиқлигини сезган шогирдлардан бири: “Сизни телефонга чақиришаяпти” деб суҳбатни тўхтатишга мажбур бўлади. Шу ҳолни опа бот-бот эслаб, “Ўшанда бир ёлғон ишлатган эдик-а. Ёмон бўлганди” деб қўяр экан. Давр тарбиялаганми ёки табиатида бор бўлганми, бундай фазилатли кишилар билан ҳаёт мазмунли, уларнинг “покиза умри”нинг ўзи кўплаб балоларга даф бўла оладилар. Тақдир Зулфияни шундай яратганди.
Шоира саксон ёшларида “Хотира синиқлари” номли достон ёзди. Асар ғоявийлик ва бадиийлик жиҳатдан ҳар қандай талабга жавоб беради. Айниқса, унда катта ва мазмунли ҳаётни кечирган мўътабар ёшли ижодкорнинг умр ҳикматини жўшқин руҳ билан, теран фалсафий оҳангларда акс эттира олгани бу ижоднинг чинакамига чўнг ва асил бўлганини тасдиқлайди. Бир пайтлар “Мушоира” шеъри жаҳоний эътирофга сазовор бўлган, бутун Осиёни куйлатган эди. Ҳа, Зулфия ўзи тан олганидек, икки инсон учун яшади ва ижод қилди. Баҳоси шуки, вазифани шараф билан уддалади.
Улуғ ижодкорнинг шахсияти ҳам ёрқин. Бошига турли савдолар тушди: гоҳ ҳамманинг назарида бўлди, гоҳ бутунлай унутилди, бироқ Зулфия ўзгармай қолаверди. Балки у тирикликнинг баҳосини ва унда ўз ўрнини аниқ билгандир. Китобда келтирилган мана бу лавҳага диққат қилинг: “…суҳбатлардан бирида: “Онангизга айтсангиз, эркаклар аза кунлари киядиган беқасам чопон тиктириб берсалар”, дедилар. Тушундимки, ўғиллари ёки катта набиралари келиши мутлақ бўлган айрилиқ кунида чопон кийишини назарда тутяптилар”… Бу гаплар шоира ҳали етмишга етмаган кунларда айтилаётганини ҳисобга олсак, бундай ўктамлик ва мардоналикка тан бермай илож йўқ. Охиратини унутмаган муслимада имон басаломат бўлади-да. Зулфия қисмат ёзуғидан қочмаган, унга ёруғ юз билан пешвоз чиқишга ҳар он тайёр турган. Яна ўша кунларда, “азадорларнинг чопону дўппи кийишлари сиёсатга тўғри келмайдиган” замонларда бу гаплар айтилаётганини ҳисобга тортсак, шоирада миллийлик, қадриятларга фидойилик нақадар юксак бўлганини ҳис этамиз.
Китобда Зулфиянинг оила даврасидаги мафтункор ҳаёти ҳам жонли лавҳаларда қуюқ акс эттирилган. У она, буви, қайнона сифатида ҳам ўзи каби намоён бўлади ва жонли лавҳалар ўқиганларда унинг тимсолини яна ҳам кўркамлаштиришда кўмаклашади. М.Улуғова кейинги йилларда бу мавзуда кетма-кет китоблар яратилаётгани, шубҳасиз, улар давримизнинг йирик бир сиймоси ҳақида бор ҳақиқатни англашда асқотишини таъкидлаб, Зулфияхонимнинг инсоний фазилатларини ёшларга, айниқса, ёрқин ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадга мувофиқ эканини эслатади. “Зулфия мукофотига талабгорлар биринчи навбатда шу асарларни қолдирмай ўқиши лозим”, дейди у.
Шунингдек, китобда замондошларнинг, тадқиқотчи-олимларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари мавриди билан келтириб ўтилган, бундай усул шоира ижоди ва шахсиятини яна ҳам теранроқ идрок этишни таъминлайди. Зулфияни ўз даврида катта сиёсатчилар, буюк ижодкорлар, давлат арбоблари ҳам шахс сифатида, ҳам шоира сифатида эътироф этганлар.
Умуман, “Муҳаббат саройида қолганлар” китоби ХХ асрнинг йирик шахсларидан бири, ўзбек аёлининг мукаммал намунаси, севги ва вафо тимсоли Зулфия ҳаёти лавҳалари воқеаларнинг бевосита иштирокчиси ва жонли гувоҳи бўлган сўз рассоми қалами билан чизилган тиниқ суратдир. Шубҳасиз, бу мавзуда ҳали кўплаб асарлар яратилади, мавзуга турли нуқталардан қараб баҳо бериш давом этади. Шундай пайтда шахс сийратига эҳтиёткорлик, ҳурмат билан ёндашиш лозимлиги китоб лавҳалари орқали маълум бўлиб қолмоқда. Зеро, “Гўзаллик ва хунуклик ораси — бир чизиқ” деганларидек, ардоқли шоира шахсиятига доир ҳар қандай изланиш, тадқиқот, бадиий асар асосий тамойиллардан чекинмаслиги, ёрқин тимсолга заха етмаслиги лозим, буюк ибрат доим оҳанраболигини йўқотмай, аслича сақланиши шарт. Албатта, бу қадриятни улуғлаганлар, ўзини шу сафда бўлишини истаганлар бундай китобларни ўқишлари керак.
Ҳаким САТТОРИЙ