Кангулнинг шоири

(Икром Отамурод ижодий портретига чизгилар)

 

Одатда, шеърхонларнинг шоирлар билан танишуви икки хил бўлади. Биринчи ҳолатда шеърхон шоирнинг ижодидан хабардор бўлса-да, ўзи билан юзма-юз кўришишига макон ва замон омиллари монелик қилади. Иккинчи ҳолатда улар бир замон ва маконда яшагани туфайли шеърхон шоирнинг ҳаёт ва ижод йўлидан бевосита хабардор бўлиб, ҳаттоки у билан ўзаро мулоқот қилиш имкониятидан ҳам фойдаланади.

Халқимизнинг истеъдодли шоири Икром Отамурод билан танишлигимиз ана шу иккинчи ҳолатга мос келади. Икром ака ХХ асрнинг 70-80-йилларида адабиёт майдонига қадам қўйган ижодкорлар авлодига мансубдир. Таниқли шоир бугунги кунга қадар миллий шеъриятимизда ўзига хос ижод намуналари, қолаверса, ўнлаб достонлари билан шеърият мухлислари қалбини забт этган.

 

Сўзга – содиқ, ишда – собит ижодкор

Икром Отамурод 1951 йил 5 май куни Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги Касби қишлоғида таваллуд топган. Комилон қишлоғидаги ўрта мактабда ўқиган. Сўнгра 1969-1974 йилларда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг) журналистика факультетида таҳсил олган. 1975 йилдан буён “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятида узлуксиз ишлаб келмоқда.

Икром аканинг шарофати билан журнал таҳри­риятида катта адабий муҳит шаклланган. Ўтган 46 йил давомида у юзлаб ёш шоирларга устозлик қилган, уларнинг китоблари ва шеърий туркумларини чоп этиш учун шахсий ташаббус ва амалий ёрдам кўрсатган. Ҳозирги кунда Икром Отамуроднинг шогирдлари халқ шоирлари, машҳур ижодкорлар даражаларига эришган бўлиб, улар устознинг сўзга содиқлик сабоғига собитлик билан амал қилмоқдалар.

Шу маънода, Икром Отамуроднинг миллий адабиётимиз ривожи йўлидаги ижодий ва ижтимоий фао­лияти давлатимиз томонидан муносиб тақдирланганини қайд этиш муҳим, деб ўйлаймиз. У 1999 йили “Дўстлик” ордени, 2019 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан мукофотланган.

Юртимизнинг чекка қишлоғида туғилиб-ўсган бир йигитнинг ўтган даврда шундай забардаст шоир бўлиб камол топгани бежиз эмас. Бу, бир томондан, Яратган Эгам бандасининг қалбига сўз ишқини жо этгани шарофати бўлса, иккинчи томондан, истеъдод соҳиби ўзига берилган ана шу маънавий неъматни неча ўн йиллар давомида ҳалоллик билан парваришлаб келаётгани самараси, учинчи томондан, шоирнинг киндик қони томган тупроқда хоки-пок­лари ётган азиз-авлиёлар руҳий мададкорлиги сабабли ҳамдир.

Филология фанлари номзоди Узоқ Жўрақулов шоирнинг “Жадвал” достони ҳақида ёзган мақоласида Навоий ва Огаҳий шеъриятида учрайдиган “ҳузн” феномени ҳақида тўхталар экан, шу каби ҳолатларга эътибор қаратган. Бугунги кунда тилимизда ҳузн – қайғу, ғам, ҳасрат деган тор маънони англатади. Олис ўтмишда эса бу тушунча олам ва одам ҳақида универсал мушоҳада юритиш воситаси бўлиб хизмат қилган.

“Икром Отамурод шеъриятига бу оҳанг қаёқдан келиб қолди?” деган саволни ўртага қўяди таниқли адабиётшунос олим. Сўнг ўзи жавоб қайтаради: “Фик­ри ожизимча, бунинг икки муҳим асоси бор: бири қон ёди, иккинчиси улуғ ёш фазилати. Қон ёди деганимнинг боиси шуки, Икром Отамуродни кўпдан таниганлар унинг қиёфаси, сўзлаш, шеър ўқиш мароми ва ҳатто, қадам олишида ҳам ҳузн хоссасини англайдилар. Демак, ҳузн Икром Отамурод учун ота-боболаридан келаётган, бироқ маълум муддат унутилган, устини гард босган бўлса-да, бугун қайта уйғонган мерос, табиий ўзгармас фазилатдир”.

Касби тарихига бир назар

Икром Отамуроднинг ижодида она қишлоғи Касбига аталган шеърлар кўп. Мана, бу ҳақдаги бир шеъридан парча:

Бораман Касби, бораман бир кун,

бораман соғиниб-соғиниб.

Бораман руҳимда барг ёзган тўкин

гулларнинг тўкилган чоғири.

Касби узоқ ўтмишда Насаф, яъни ҳозирги Қаршидан ҳам катта шаҳар саналган. Буюк ипак йўли айнан шу юртдан ўтган. Мазкур ҳудудда ўнлаб карвонсаройлар ва сардобалар бўлган. Шу сабабли бу ерда маънавият ва иқтисодиёт ўзаро уйғунликда юксала борган.

Энг муҳими, Касби азалдан йирик қасабалардан ҳисоблангани, шаҳристони, работи, куҳандизи – мус­таҳкам қалъаси бўлгани, маҳаллалари муҳофаза этилгани, карвонсаройлари тожирларга хизмат қилгани, бозори, масжидлари ишлаб тургани ушбу ҳудуднинг ўша давр руҳи билан гавжум ва жўшқин ҳаёт кечиришига йўл очган.

Бу, ўз навбатида, Касбида диний ва дунёвий илм-фаннинг ривож топиши, мазкур заминда улуғ алломалар, азиз авлиёлар етишиб чиқиши мисолида яққол кўзга ташланади. Шундай улуғ авлиёлардан бири Султон Мирҳайдар ота бўлиб, асл исмлари Хожа Шамсиддин ибн Шайх Жамолиддиндир.

Бугунги кунда Касбининг қадимги шаҳристонида жойлашган Султон Мирҳайдар ота номи билан аталадиган зиёратгоҳ Қашқадарёдаги энг йирик қадамжолардан ҳисобланади. Аслини олганда, Ҳазрат Султон Мирҳайдар ота меъморий ёдгорлик маж­муаси — нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги машҳур зиёратгоҳлардан бири.

Шу ўринда қарийб ўттиз йилдан буён касби­ликлар каминага ишонч билдириб, парламент сайловларида депутат этиб сайлаб келаётганларини ҳам фахр-ифтихор, ҳам масъулият ҳисси билан таъ­кидламоқчиман. Мен ҳар гал Касби туманига келганимда, албатта, Ҳазрат Султон Мирҳайдар ота қадамжосини зиёрат қиламан.

Манбаларда Алишер Навоий ва Султон Мирҳайдар ота ҳамда Касби билан ўзаро боғлиқ маълумотлар ҳам учрайди. Жумладан, Навоий ҳазратларининг онаси Касбидан бўлгани ва у зот волидасини Мир Ҳайдар ота қабри ёнида дафн этгани ҳақида ўқигандим.

Замондош шоиримиз Икром Отамуроднинг аждодлари ҳам шу тупроқда ётибдилар. Шоир отасидан жуда эрта айрилган. Саломат ая ёлғиз ўғлини ёлғиз ўзи вояга етказган, пойтахтда ўқитган, уйли-жойли қилган, шу тариқа эл-юртга дилбар бир шоирни етказиб берган.

Ўғил ҳам доим онасининг хизматида турган, сўнг­­ги дамларигача ёнида бўлган. Сўнг Тошкентдан Касбига олиб қайтган. Икром Отамурод ўз онаизорига бағишланган бир шеърида ўша ғамгин хотираларини шундай ифодалаган:

Касбининг бежирим, қадим туфроғи

Қон-қонига сингиб кетганди қат-қат.

Дерди: “Мен Касбининг битта урвоғи,

Кўз юмсам, Касбига қўясан фақат!”.

Султон Мирҳайдар ота ким бўлган?

Икром Отамуроднинг она қишлоғига бағишланган шеърларидан бирида шундай мисралар бор:

Касбидан қайтиш… Дўнар машаққат –

сукунат қаъридан тўкилар пайдар.

Қатида қадим садолар қат-қат —

Қўрғон…

Сардоба…

Султон Мирҳайдар.

Икром Отамуроднинг шеърларида мўътабар номлари кўп тилга олинадиган Султон Мирҳайдар ота (тўлиқ исмлари: Амир Шамсиддин Мир Ҳайдар Али Хожа Ҳайдар Хуросоний) – Яссавия мактабининг йирик вакилларидан бири, Ҳаким ота ва Занги отанинг машҳур шогирди бўлганлар. Ул зот 1275 йилда Хуросонда, Шўрдарё бўйидаги Қойим (Қайин) шаҳрида туғилган.

“Маноқиби ал хос ал хожа Мир Ҳайдар Султон” китобидаги маълумотларга қараганда, Хожа Шамсиддин, яъни Султон Мирҳайдар отанинг дунёга келиши Ҳазрат Занги отанинг мўътабар устозларидан бири – Ҳаким ота (Сулаймон Боқирғоний) томонидан башорат қилинган. Ҳаким ота бу хушхабарни Султон Мирҳайдар ота туғилмасидан аввал ул зотнинг амакиси Ҳазрат Саййид Муҳаммад Абдуллоҳга айтган.

Оталари – Жамолиддин Шайх мадрасада дарс бериб, талабаларга илм ўргатган. У киши китоб дўконларига эга бўлган. Ўзлари ҳам китоблар битган, китобларга жилдлар тайёрлаш ва тушган варақларини ёзиб тиклаш билан шуғулланган. Барча илмдан воқиф ва ботиний илм соҳиби бўлган. Оналари – Моҳинурбиби чеварлик касби билан машғул бўлган, кийим-кечаклар тиккан.

Жамолиддин Шайх ўғли Хожа Шамсиддиннинг тарбиясини, манбаларда қайд этилишича, чақалоққа ота-оналик қилишни укаси Саййид Муҳаммад Абдуллоҳ ва келини Сокинайинурга ишониб топширган. Саййид Муҳаммад Абдуллоҳнинг ўз фарзанди бўлмаган, Хожа Шамсиддинни тарбия қилгач, ўзлари ҳам фарзандли бўлган.

Касбида, шунингдек, хом ғиштдан шаҳар девори ва саккизта мадраса барпо этилган. Бу мадрасаларда Хожа Шамсиддиннинг мингдан ортиқ шогирдлари тарбия топган. Одобда, суннатда, илмда мус­тақил шайхлар, илм аҳли камолга етган. Уларнинг барчаси жаҳрия ҳамда хуфия зикрда бўлган. Шу тариқа Хожа Шамсиддин Султон Мирҳайдар ота бу ерда ўз мактабини яратган.

Султон Мирҳайдар ота 92 ёшида, яъни 1366 йилда вафот этган ва Касбида дафн этилган. Султон Мирҳайдар отага атаб тарихда учта қабртош қўйилгани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлиб, биринчи қабртошни Амир Темур қўйган.

Ҳазрат Султон Мирҳайдар ота ўз замонасининг амири сифатида тегишли муҳр ва мақомга эга бўлган. Бу зотнинг номи нафақат Марказий Осиёда, балки Помир ва Кавказ халқлари, Ироқ, Эрон, Туркия ҳамда араб мамлакатлари, хусусан, Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада, ҳатто Европада — французлар орасида ҳам машҳурдир.

Манбаларга қараганда, Хожа Шамсиддин етук олим ва ҳалим инсон бўлган. Халқимиз тилида барҳаёт ривоятларга кўра, Султон Мирҳайдар ота дашту чўлларда пода боқиб, Занги отанинг таёғи хосиятидан макондан-маконга кўча олган соҳибкаромат инсон бўлган. Гоҳ ўтинчи, гоҳ чўпон, гоҳ деҳқон, гоҳ боғбон, гоҳ шайх, гоҳ мударрис, гоҳ имом бўлиб, барча диний ва дунёвий илмларни эгаллаган.

Занги ота, Чўпон ота, Исҳоқ ота, Мирҳайдар ота — бу зотларнинг ҳаммаси ҳам шу каби хислатга эга бўлганлар. Улар учун ер супрадек бўлган, уларнинг ботиний кўзлари очиқ бўлган.

Демакки, Аҳмад Яссавий ҳикматларини ўқиган, Ҳаким ота ва Занги ота таълимотларидан хабардор бўлган ҳар қандай инсон Султон Мирҳайдар отанинг шахси ва фаолиятини анг­лаб етади. Чўлу биёбонларни кезиб ошиқ бўлиш, нодонлардан йироқ юриш, Аллоҳнинг ҳол зикрини айтиб кеча-кундуз бедор бўлиш, сир оламидан сабоқ олиш, шариатдан маърифатга етиш, тариқатни эгаллаш – буларнинг барчаси Султон Мирҳайдар ота сулукида ўз аксини топ­ган.

Бу ҳақда батафсилроқ тўхталганимизнинг боиси Икром Отамурод Аҳмад Яссавий ҳикматлари ҳамда Ҳаким ота, Занги ота ва Султон Мирҳайдар отанинг таълимотларидан яхши хабардор ижодкор эканига эътибор қаратишдир. Унинг шеър ва достонларидан ана шу улуғ зотларга хос илоҳий руҳ ва сўфиёна маърифат бўй кўрсатиб турганига ушбу мисралар ҳам яққол мисол бўла олади:

 

Сиз билан сен либосин фарқин англолмоғонлар,

Ҳикмати маъноларин мағзин чақолмоғонлар,

Кўксига бино қурган нафсни йиқолмоғонлар,

Яссавийга хеш эмас, ҳазратга элдош эмас.

 

Кангул жилвалари акс этган шеърлар

Икром Отамурод ўз тенгдошлари орасида фалсафий мушоҳадаси кенглиги, минбар шоирларига хос нотиқлиги билан ажралиб туради. Шоир ижодига бағишланган адабий давралар ва илмий тадқиқотларда “Унинг ижодидан устоз Мақсуд Шайхзода нафаси уфуриб туради” деган фикрларга ҳам дуч келиш мумкин. Бу баҳони эътироф сифатида қайд этган ҳолда, Икром аканинг шеърияти бетакрор ва ўзига хос эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

Таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев таъбири билан айтганда, “Икром Отамурод нозик руҳий ҳолатлар, латиф ҳиссиётлар, инжа туйғуларни замзамали тасвир этишга моҳир, ҳаёт ҳодисаларини эмас, унинг кўнгилдаги жилваларини ифодалашга мойил шоир. У инсон кўнгли мавжларининг гулдан-да нозик, шудрингдан-да омонат, булутдан-да беқарорлигини билади ва ҳар шеърида руҳиятнинг ана шу бетакрор товланишларини муҳрлашга интилади”.

Авваламбор, Икром ака шеърларида “кўнгил” сўзини “кангул” шаклида ёзиши ва нутқида ҳам худди шундай талаффуз этиши шеърият мухлисларига жуда таниш ҳолат эканини эслатиш жоиздир. Бунга биргина мисол:

Сўзласанг,

сўзингда кўриниб турмаса канглунг,

ёлғон дўнар,

ёлғон дўнар бундайин сўзинг.

Икром Отамурод кангул сўзини жону дилидан севади, мудом кангулга сайр этади ва кангулда яшайди. Ҳаёту ижодида кангулга садоқат кўрсатиб келаётгани учун у ҳатто “Канглум” деган самимий куня (лақаб) ҳам орттириб олган. Бу ҳам шоирнинг “канглу” дард неъматига бой, ўзи эса хокисор “аҳли дард”лардан бири эканининг ажиб бир тасдиғидир. Зеро, шоир ёзганидек:

Канглум, мендан бўлак киминг бор сенинг,

канглум, сендан бошқа менинг кимим бор!

Не десанг дегувчи — ёлғизим менинг,

не айтсам айтгувчи — ўзинг хокисор.

Икром Отамуроднинг дастлабки шеърий тўплами — “Вақт ранглари” 1982 йилда нашрдан чиққан. Шундан кейин “Жануб қушлари” (1984), “Тўрғайли манзиллар” (1985), “Уфқлар орти бепоён” (1987), “Узоқлашаётган оғриқ” (1990) шеърий китобларини чоп эттирган.

Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб шоир шеъриятида лирик-фалсафий йўналиш устуворлик касб этганини кузатиш мумкин. Хусусан, “Сопол синиқлари” (1994), “Руҳимнинг қайғуси” (1996), “Ичкари ва ташқари” (1997), “Сен” (1999) каби шеърий тўпламлари ва достонлари қалбга янада яқинлиги, тоза ва самимий туйғуларга тўйинганлиги билан китобхонга манзур бўлган.

Айни пайтда “Канглум ўзинг” (2002), “Тавр” (2005), “Тағаззул” (2008), “Харитага тушмаган жой” (2011), “Муқаддар” (2012), “Ёбондаги ёлғиз дарахт”, “Қуш” сингари шеърий китоблари ва достонларида инсоний ҳақиқатни ахтарган шоирнинг бетакрор бадиий усули ва ижодий маҳорати эътиборни тортади. Яқинда шоирнинг “Ҳувийят” шеърий тўплами китобхонга тақдим этилди.

Шаклан сиқиқ ва рамзларга бой достонлар

Мустақиллик йиллари поэманавислигида Икром Отамурод шеърий достонларининг сони ва маънавий салмоғи бўйича етакчи ўринларда туради. Янги давр достонлари ҳақида сўз борганда, бир қатор адабиётшунослар Икром аканинг достонларига хос сиқиқлик ва рамзларга бойлик фазилатларини алоҳида эътироф этганлари диққатни тортади.

Аввало, Икром аканинг фаластинлик шоир Муин Бсисуга бағишлаб 1986 йили битган “Ярадор умид отлари” достони 80-йиллар ўзбек шеъриятида сезиларли воқеа бўлгани бу фикримизни тасдиқлайди. Дос­тонда хорижлик ижодкор образи орқали инсон қалбининг тўлқинлари, мустақиллик ҳақидаги орзулари, она юрт образи кучли ҳис-ҳаяжон билан ифодаланган.

Шундан сўнг шоир фалсафий мушоҳада билан йўғрилган услубига содиқ қолиб, 1990 йили “Узоқлашаётган оғриқ” достонини яратди. Бу асарда одамларни тобора тарк этиб бораётган эътиқод, бурч, инсонийлик тушунчалари қалб туғёни, виждон азоби, юрак қони билан бадиий тадқиқ этилган.

Сўнгра “Сопол синиқлари”, “Изтирор”, “Тағаззул”, “Ёбондаги ёлғиз дарахт”, “Ичкари… Ташқари”, “Истарим”, “Харитага тушмаган жой”, “Қуш” сингари шеърий достонлар дунё юзини кўрди.

Икром Отамурод оммабоп шоир эмаслиги, унинг шеърларидан росмана завқланиш, айниқса, достонларидаги маърифат ёғдуларидан теран баҳра олиш учун мумтоз адабиётимиз ва тил бойлигимиздан озми-кўпми хабардорлик талаб этилишини ҳам очиқ айтиш керак. Биз Икром ака ижодида қўллайдиган “ажабтовур” сўзларни назарда тутаяпмиз.

Шоирнинг ўзи суҳбатларидан бирида бу ҳақда шундай деган: “Мен қўллаган барча сўзлар, жумладан, сиз нотаниш, ғалатироқ деяётганларингиз тилимизда, гаплашув йўсинимизда бор. Шеваларимиздаги ҳар бир сўз – халқимизнинг бойлиги. Уларни адабий тилимизга олиб киришимиз, ундан барчани баҳраманд этишимиз лозим”.

Икром Отамурод таниқли таржимон ҳамдир. У жаҳон адабиётидан Уолт Уитмен, Пабло Неруда, Евгений Евтушенко, Ўлжас Сулаймон каби ўз руҳиятига яқин шоирларнинг шеър ва достонларини юксак бадиий маҳорат билан она тилимизга таржима қилган.

Шоирнинг асарлари турк, араб, булғор, рус, молдован, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, тожик, грузин тилларига ўгирилган ва чоп этилган.

Акмал Саидов,

Академик, Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × one =