Лайка ва унинг болалари
Ўшанда тоғам менга эрта баҳорда бир кучукча олиб келганди. Бирам чиройли эдики, кўрганларнинг ҳаваси келарди. Унга “Лайка” деб лақаб қўйдим. Аввалига ҳадиксираб турган кучукча, тезда бизга ўрганиб қолди. Ирғишлаб ўйнаб, ортимиздан чопадиган бўлди. Кўча-кўйда юрсам, ҳамроҳим эди.
Йиллар ўтди. Кучугим қаҳратон қиш фаслида болалади. Совуқ юзни чимчилар, кучукчалар эса онасининг пинжига суқилиб, дағ-дағ қалтирарди. Жовдираган кўзлари билан менга маъюс тикилган Лайкани кўрганда юрагим эзиларди. Чунки, ҳақиқатан ҳам совуқ эди-да. Уйда мендан бошқа ҳеч ким йўқ, ота-онам опамникига меҳмонга кетишганди. Мен болалигимга бориб, “Ит-ку, ҳеч нарса бўлмас”, дея бепарволик қилибман. Лайканинг илтижоли қарашларини тушунмабман. Отхонамиз олдидаги эски, кичкина, тепаси қулаб кетган томчада Лайка болаларини бағрига олиб, авайлаб, уларнинг устидаги қорларни ялаб-юлқаб тиллари билан тозаларди.
Эрта тонгда итимнинг увиллашидан чўчиб уйғониб кетдим. У гоҳ мен томонга, гоҳ отхона олдидаги томчага қараб югурар эди. Мен ҳам нима гаплигини билмасам-да, ўша ёққа қараб югурдим. Қарасам, тўрттала кучукча ҳам совуқдан қотиб қолибди…
Лайка эса ҳамон болаларининг бошида тўхтовсиз ғингширди. Совуқдан қалтираётган бўлса-да, нари кетмас, улардан нигоҳини узмасди. Унинг кўзларидан ёш шашқатор бўлиб сизар, совуқдан қотиб қолган болаларининг атрофида гир айланар, тинимсиз ғингширди. Мен эса совуқдан қалтираб эгнимга бирор нарса кийиш учун уйга чопдим. Атиги беш дақиқада оёғимдан ўтган совуққа чидолмадим, ана шунда кечагина онасининг иссиқ тафтидан ажралган кучукчалар тун бўйи қанчалар қийналганини англагандим.
Ўзимни жуда ёмон кўриб кетдим!
Тушга яқин кучукчаларни боғ четидаги холи ерга кўмиш учун отхонамиз ёнидаги томчага бордим. Ич-ичимдан уларга ачинардим. Кучукларни оламан деб энкайганимда Лайка, болаларимдан қўлингни торт дегандек, важоҳат билан ириллади, чўчиб орқага тисарилдим. Кечагина мен билан дўст бўлган, оёқ-қўлларимдан меҳр билан ялаган итнинг кўзидаги чексиз ғазабни кўриб даҳшатга тушдим. Лайка эса дарров совуқда қовушиб ётган ўлик болаларини яна бағрига олди…
Ҳа, у пайтлар анча ёш эдим. Балки, Лайкани тушуна олмагандирман. Аммо япон киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Хатико” фильмини томоша қилганимдан сўнг, ҳаттоки, итларда ҳам соғинч, меҳр-муҳаббат, садоқат каби хислатлар борлигини англаганман. Бу фильм ҳақида нимадир ёзмасликнинг, ижодкор бўла туриб қалам тебратмасликниг иложи йўқ эди.
Аслида, воқеа ҳаётий бўлиб, Хатико “акита-ину” зотига мансуб кучукчани 1923 йилда Токио университетининг профессори Хидесабуро Уенога совға сифатида беришади. Хатико хўжайинига жуда боғланиб, деярли унингсиз туролмайди. Озгина катта бўлгач, у профессорни “Сибуя” темирйўл станциясига кузатиб қўядиган, кечки пайт эса уни кутиб оладиган бўлади. Бироқ… кунлардан бирида унинг хўжайини қайтиб келмайди. 1925 йилда Хидесабуро Уено талабаларга дарс ўтаётган вақтида тўсатдан йиқилади, унинг миясига қон қуйилган эди… Шифокорлар профессорни сақлаб қололмайдилар.
Ўша маъшум кунда профессорнинг қайтмаганига қарамасдан Хатико ҳар куни станцияга келишни канда қилмас, нигоҳлари билан таниш чеҳрасини қидирар эди. Вафодор ит хўжайини келишини 9 йил кутиб яшайди. Шунча йил мобайнида кутишдан чарчамаган, унинг қайтишидан умидвор бўлган садоқатли итга кўчадаги шафқатсиз ҳаёт шароити ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Буни қарангки, у ўлган кун бутун Японияда мотам куни деб эълон қилинади. “Сибуя” станциясида садоқат тимсоли ҳисобланган Хатикога атаб ҳайкал ўрнатилади. Аммо 1943 йил Иккинчи жаҳон уруши учун қурол-аслаҳаларга металл керак бўлгани боис Хатиконинг шарафига ўрнатилган ҳайкални бузишга тўғри келади. Лекин ҳақиқий дўстнинг содиқлигини унутмаган япон халқи Иккинчи жаҳон уруши ниҳоялаши билан ҳайкални қайта тиклашади. 1987 йилда эса Хатиконинг шарафига ишланган фильм премьераси бўлиб ўтади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, фильмнинг америкалик киноижодкорлар томонидан ишлаган версияси ҳам катта экранларга чиқади ва миллионлаб инсонларнинг қалбини забт этади…
Ҳа, Хатико ўзининг чексиз садоқати, меҳр-муҳаббати билан ҳамон япон халқининг ёдида яшамоқда. Балки, менинг Лайкам билан рўй берган воқеа Хатиконинг саргузаштларидан кескин фарқ қилар, аммо…
Эртаси куни кучукчаларни дала шийпонимизнинг бир четига кўмиб келдим. Лайка эса танҳоликда яшашга “маҳкум” бўлди. У овқатдан узилган, кун бўйи уйчасидан чиқмай ётарди. Орадан бир ҳафталар ўтгач у ғойиб бўлди. Излаб бормаган жойим, сўрамаган одам қолмади.
Кейинчалик Лайка итимизни болалари кўмилган даладан топдик. Тупроққа беланиб ётар, оёқлари тирналган, гўёки жигарбандларини ернинг остидан чиқариб олишга уринган-у, бунинг уддасидан чиқа олмай ўлиб қолган эди…
Ўтган йили ёзги таътилда қишлоққа борганимда қизиқ ҳолат юз берди. Товуғимиз янги жўжалар очган экан. Бир жўжа кўзимга чиройли кўриниб кетди. Уни қўлимга олиб, эркалаб бироз ўйнадим. Жўжа эса тинмай чийиллар, типирчиларди. Шу онда қаердандир пайдо бўлиб қолган она товуқ мени чунонам чўқиб ташладики, зўрға қочиб қутулдим. У хурпайганича “қур-қур”лаб болаларини қанотлари остига яшириб олди. Ўша маҳалдаги ҳолатимни кўрсангиз эди, ўз-ўзимдан қотиб кулардим, бир-да эса болаларига меҳрибон она товуққа меҳрим ортарди.
Жигарбандининг чийиллаган овозини эшитиб, қанот қоқмай учиб келган, боласини менинг “чангалимдан” тортиб олиб, ҳимоясига олган бу жонзотни “онгсиз” деёолмай қолдим. Шу ўринда, ижтимоий тармоқлар ёки телевизор орқали ўз боласини ташлаб кетаётган, арзимас пулга сотиб юбораётган айрим “она”ларни кузата туриб, Лайка ёки товуқ билан бўлиб ўтган воқеалар хаёлимдан ўтаверади.
Наҳотки, шу “онгсиз жонзот”ларнинг ақли етган туйғуларга онгли ақлимиз ноқислик қилиб қолган бўлса?
Қизиқ, ҳатто жонзотлар садоқатдан, одамийликнинг баъзан англаб, баъзан англаб бўлмас сифатларидан сабоқ бериб тургандек туюлади.
Ислом АСИЛБЕКОВ