Воқеий ҳикоя: Сахий амаки

Қаҳратонни забт этиб, баҳор қувончини яширолмай гул-гул очилиб келган кунларнинг бирида Сахий амакининг эшик қўнғироғи устма-уст жиринглади. Айвонда телевизор кўриб ўтирган отахон ўрнидан эриниб қўзғалди. Бу орада қўнғироқ яна қайта-қайта чалинди.

– Ҳозир, ҳозир, – деди Сахий амаки елкасига   чопонини ташлаб. У эшикни очганда соқоли қиртишланган, ёши қирқ бешлар чамаси, оқ-сариқдан келган, яқинда маҳаллага раис бўлган Ахат Қўчқорович қошларини чимирганча, хушрўйгина бир жувон билан турарди.

– Ёзинг, – деди у ёнидаги аёлга. – Сахий амаки билан эрталабдан учрашиб, аҳволни яна бир бор унга тушунтирдик. Сахий амаки ҳайрон бўлди. На салом, на алик бор. Бундан Сахий амакининг жаҳли чиқди-ю, индамади. Ўзини босди. “Ёшлар-да, иши кўп буларни”, – дея хаёлидан ўтказди.

– Хўш, амаки биз айтган ишни нима қилдингиз? – деди кутилмаган меҳмон тўсатдан.

– Қайси ишни? – Ҳайрон бўлди Сахий амаки.

– Ғайрат Облоқулович айтган ишни айтяпман. У киши туманда жуда катта ободонлаштириш ишларига бош бўлмоқдалар.

– Боғни бузиш ободончиликка киришини билмабман, – деди Сахий амаки норози оҳангда. Бу гапдан раиснинг жаҳли чиқди.

– Кўрдингизми? – Раис ёнидаги аёлга кулиб заҳарханда қилди. – Ўзларини билмаганга олишади-я булар. Ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олиб боғ яратган ерингизни айтаяпман, ёдингиздан чиқдими? Ўзингиз бузасизми, ё …

Раис “боғ яратган” деган сўзни шундай киноя билан айтдики, Сахий амаки жаҳлини тийиб туролмади.

– Э… бола, – деди у. – Қўлингдан келганини қил. Боғимни бузмайман.

– Эшитдингиз-а, – деди у виқор билан. – Шунинг учун сизни олиб келдим. Бунақаларга тўғри гап ёқмайди. Давлатнинг ерини хоҳлаганча ўзлаштириб,   ўзларича эгаллаб олишаверади. Бу ҳам етмагандай қўшнисининг ерини ҳам қўшиб олиб, темир-терсак билан ўраб олишади…

Сахий амаки бу гапдан титраб кетди.

– Ука, – деди ўзини босолмай. – Биз кўчиб келганда бу уйларнинг орқа томонидаги ерлар қаровсиз ётарди. Мен ўзимга тегишли жойни боғ қилдим. Ана, қарамаган ерларимиз бўш ётибди. Одамлар ахлатини ўша ерга тўкишяпти. Нега сен уларга чора кўрмайсан? Нега биз обод қилган жой кўзингга кўканак, орқангга тиканак бўлиб ботяпти, тушунмайман.

Сахий амакидан бундай гапларни кутмаган раиснинг ранги оқарди.

– Сиз, сиз, – деди ғудраниб, – панжараларингизни   олиб ташланг. Боғингиз билан ишим йўқ. Биздаги буйруқ шу, ё сиз давлат сиёсатига қаршимисиз?!

– Менимча, сен ўзинг давлатга қаршисан! Сиёсатни биз ҳам яхши тушунамиз, – деди Сахий амаки бўш келмай.

– Э… Сизларга яхши гапирган мен аҳмоқ! Кўрдингизми бу чолни. – У оғзига келганини қайтармай ёнидаги жувонга гап уқтира кетди.

– Кимлигингни тан олганингга раҳмат!

Бу гапдан сўнг Ахат Қўчқорович ўзини тутиб туролмади-да:

– Эртага бўладиган мажлисда кўрасиз кимлигимни. – У шундай дея эшикни қарсиллатиб ёпди…

Эртаси куни мажлисда бўлди машмаша, бўлди тўполон. Тумандан келган раҳбарлар “маҳаллаком”нинг ёнини олиб, Сахий амакини роса сиқувга олишди. Ҳаттоки ўшалардан биттаси бу ҳолни “феодализм иллати”, деди. Сахий амаки ҳам бўш келмади, албатта. Боғдаги панжарани бузмаслигини, бузса ёш ниҳоллар пайҳон бўлиб кетишини айтиб, ўз сўзида туриб олди. Энг асосийси, Сахий амакини қўшни чоллар қўллаб-қувватлашди. Хуллас, бу масала яна очиқ қолди. Мажлис тугагач маҳалла раиси келгуси ҳафта бу масала узил-кесил ҳал бўлишини, буни шундай қолдирмаслигини айтиб виқор билан чиқиб кетди.

Келгуси ҳафта мажлис яна мажлис бўлди. Аммо бу сафар келган раҳбар одамлар билан жуда бошқача гаплашди. У халқнинг дарди билан яшаш кераклигини, одамларнинг арзига қулоқ солиб, тўғри қарорлар чиқариш зарурлигини айтганда бу ерга йиғилганлар беихтиёр қарсак чалиб юборди.

Мажлис ниҳоялаб бораётганда Сахий амаки қўл кўтарди.

– Менинг ҳам бир арзим бор эди, – деди у оҳиста ўрнидан туриб.

Бу дадиллик Ахат Қўчқоровичга ёқмади.

– Сизнинг масалангиз кўриб чиқилган, – деди у ўтирган жойида шоша-пиша.

– Ҳал бўлмаган, – деди Сахий амаки қатъийлик билан.

Юқоридан келган раҳбар бир раисга, бир отахонга қаради-да:

– Қандай масала экан у, – деди қизиқиб.

– Сиздан бир илтимосим бор. Вақтингизни унча кўп олмайман. Мажлис тугагандан сўнг ҳал этсак.

– Айтдим-ку, масала ҳал бўлган деб. Нима қиласиз яна гапни кўпайтириб, – деди маҳалла раиси қўрслик билан. Раҳбар бу сафар индамади.

Сахий амаки секингина жойига ўтирди. Мажлис тугади. Сахий амаки ҳам ўрнидан турди-да, одамларга қўшилиб ташқарига чиқа бошлади. Ёнидаги одамлар қуршовида турган раҳбар уни кузатиб турган экан:

– Отахон, тўхтанг, – деди. Сахий амаки бу гапни яхши эшитмадими, ё эшитса ҳам раиснинг бояги гапидан кейин ҳафсаласи пир бўлдими, ҳар қалай яна бир-икки қадам юрди.

– Сизни чақиришяпти, шекилли, – деди ёнидаги ҳамроҳларидан бири унга қараб. У орқасига бурилгунча раҳбар ўзи томон келаётганини кўриб тўхтади.

– Бояги масала нима эди? – деди у амакини аста қўлтиқлаб.

– Озгина жойда боғ қилувдим, шуни кўриб кетсангиз дегандим.

– Боя айтдик-ку, ҳадеб битта гапни чайнайверасизми, – деди раҳбар ёнида турган туман вакили авзойи бузилиб.

Раҳбар унга қовоғи остидан қараган эди, жимиб қолди.

– Қани, отахон, йўл бошланг. Яратган боғингизни бир кўрайлик, – деди раҳбар кулиб. – Ўн чоғли одам уларга эргашди. Ташқарида яна беш-олтита қариялар уларга қўшилди. Ҳаммалари кўп қаватли уйнинг орқа томонига ўтишди.

– Мана, шу боғни айтмоқчийдим, – деди Сахий амаки чиройли панжара билан ўраб қўйилган дарахтзорни кўрсатиб. Боғ тахминан 10 сотих ерни эгаллаган эди. Боғ ўртасида икки туп бодом қийғос гуллаган, ёнида хурмо, гилос, олма дарахтларига “қубба” ва “стакан” шакли берилганди. Раҳбар буни кўриб қувонди-ю Катта Ҳалқа йўлига туташ бўш ётган ерларга қаради-да, бошини чайқаб қўйди.

– Нега қолган жойлар бўш ётибди? Нега қаралмаган? – деди у маҳалла раиси ва туман раҳбарига жиддий оҳангда. Орага сукунат чўкди.

– Мен қўшниларим билан бу ерни обод қилдим, кўриб турганингиздек панжара билан ўрадим. Дарахтлар ҳали ёш. Заха емай кўкарсин, деб шундай қилдим. Мана, кароват ўрнатдик. Чоллар ҳар-ҳар замонда чиқиб, гурунглашиб кўнгил ёзамиз.

– Бу “Субҳони”ми дейман, – деди раҳбар баланд ўсган ўрикка қараб.

– Ҳа. Топдингиз. Тепасида туршак бўлиб қолади.

– Анжирлар ҳам бор экан-да.

– Тўрт хил.

– Дарахтларга ким бундай шакл берди?

– Ўзим.

– Сувни ким чиқариб берди? – деди раҳбар сув қувурига ишора қилиб.

– Ўғлим ва қўшни болалар. Экинларни шундан суғорамиз. Раҳбар кароват ёнидаги ариқларга экилган атир гулларни кўриб хурсанд бўлди.   У боққа яна бир карра кўз югуртирдида,   – Нима шикоятингиз бор отахон? – деб сўради.

Сахий амаки раис ва туман раҳбарларига бир қараб олди-да, сўзини давом этди:

– Булар, “панжарани бузиб ташла, боғингни йиғиштир, тепадан шундай буйруқ бор”,   деб ҳолу жонимга қўйишмаяпти. Ҳув анави маҳалладан болалар мол ҳайдаб ўтади. Дарахтлар увол бўлмасин дейман-да. Устига-устак, қўшни чолларнинг дам олиш жойимиз. Кўзим қиймайди. Шунга… Бўш ётган жойларни эгалари йўқ. У ерни ҳам обод қилса бўлади-ку.

– Нега унда боғ қилмаяпсизлар?

– Шунисига шунча машмаша. У ёғини ҳам боққа айлантирсак…

Каттакон ёнидаги ходимларга қаради. Иккаласининг юзи қизариб кетганди.

– Отахон, – деди раҳбар. – Шу жойларни ҳам боғ қилинг деса, ҳаракат қилармидингиз.

– Албатта, – деди Сахий амаки ёш болалардек қувониб.

– Юртни обод қилиш мана шундай кичик ерлардан бошланади. Сиздек серғайрат отахонлар бор экан боғлар кўпаяди. Боғ яратиш савоб-ку. Шунинг учун сиз боғ ишларини бошлайверинг. Кўчат етқазиб бериш   биздан. – Сизлар бу ишга масъулсиз, – деди раис билан туман вакилига. – Агар, – дея гапини давом эттирди у. – Кимда-ким сизга яна қаршилик қилса, тўғри менга чиқасиз. Қани эди ҳамма сизга ўхшаб боғ яратса… Аммо афсуски, ҳозирча сиздақалар кам. Зар қадрини заргар билади, отахон. Қўрқманг, биз сиз томондамиз…

Тагдор қилиб айтилган бу гаплардан ёнидаги раҳбарлар бўшашиб, бир-бирларига бўзрайиб қарашди. Сахий амаки хурсанд эди.

– Халқ дардини эшитадиган раҳбарларнинг борига шукур. Қанийди шунақалар кўп бўлса. Отасига раҳмат, – дея ўйлади у раҳбарни кузатаётиб.

– Мен нима девдим, дўстим, – деди Юнус пичоқчи дўстининг қўлларини сиқиб. Кўрдингми… Сахий амаки хурсандчилигидан кўзларида ёш милтиради. Сабаби боғдаги ниҳоллар омон қоладиган бўлди.

Орадан уч кун ўтиб, Сахий амакининг эшик қўнғироғи чалинди. У эшикни очганда бир йигит кулимсираб турарди.

– Ассалому алайкум. Мана бу кўчатларни юқоридан сизга бериб юборишди…

– Ким? – Ҳайрон бўлди чол.

– Ўша куни келган раҳбар. Яна айтдики, бўшашмас экансиз. Қандай ёрдам керак бўлса, айтаркансиз.

* * *

Орадан ойлар ўтди. Сахий амаки пишиқчилик бошланиши билан ҳар доимгидек мева тўла челагини кўтариб набираси билан йўлга тушди. Мақсади турли хил мевали кўчат юборган раҳбар билан дилдан суҳбатлашиш, янада каттароқ боғ яратиш орзуси борлигини айтиш эди. Сахий амаки шу йўл билан катта кўчага чиқди-ю тўхтади. Раҳбар уни қабул қилармикин? Ахир иши кўп бўлса. У бирзум тўхтаб турди-да, юрт учун боғ яратиш ҳам катта иш эканлигини ўйлаб набирасини етаклаганча шаҳдам одимлар билан йўлида давом этди…

Баҳром Акбаров

 

Муаллиф ҳақида:

image description

Баҳром Акбаров — 1961 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси (1992), “Шуҳрат” медали соҳиби (2009).

Болаларга аталган 20 га яқин шеърий ва насрий тўпламлар муаллифи. “Кичкинтойлар китоби”, “Ғалати синов”, “Ҳуснихатим чиройли”, “Ўткир зеҳнлилар китоби 1-4” (ҳаммуаллифликда) номли китоблари бир неча марта нашр этилган. “Митти ботир” асари немис тилида (2018) чоп этилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 2 =