Исёнкор уста

Пойтахт, ҳозирги Тарих музейи ёнида 16 қаватли ЎзА жойлашган бинода ўша пайтда чоп қилинган ва анча машҳур нашрлардан бири бўлган “Совет Ўзбекистони санъати” журнали ҳам жойлашган эди. Журнал таҳририяти мазкур бинонинг анча юқорисида, 10- ё 11-қаватда эди, адашмасам. Залнинг охиридаги зинапояли қоронғи йўлакдан кирилса, ўнг томондаги биринчи хона оғайнимиз Асқар Маҳкамнинг ҳужраси эди. Биз қўним топган “Ёшлик” журналининг наср бўлими ҳам 8-қаватнинг айнан қоронғи йўлак томонидаги биринчи хонани “Овози Тожик” газетасидан бепул ижарага олган бўлиб, деразасидан “Тошкент” меҳмонхонаси яқинидаги ёзги рестораннинг соябони кўриниб турарди.

Биз иш пайтида кўпинча “чёрный выход” дейдиганимиз — ана шу қоронғи йўлак зиналаридан тушиб-чиқиб боғланиб турардик. Шу томон яқин эди.

Бир куни тушдан кейин Асқарнинг қаватига кўтарилсам, ҳайҳот, у йўлакда тандирдан янги узилган нондек қизариб турган ўзи тенги, ўртабўй, миқтигина йигит билан бақир-чақир қилаётган экан:

— Ҳой бола, эсинг жойидами ўзи, комсомол мукофотини олишга уялмайсанми?! — деб жиғибийрон бўлаётган Асқар қўлини арра-арра қилиб юқори кўтаради.

— Нега уяламан, хизматимга яраша қад­римни топсам нима бўпти! — деб Асқарни уриб юборгудек ҳезланиб турганди нотаниш йигит.

— Эй сен, ўпкангни бос, бобонгнинг бир тукига ҳам арзимайдиган мукофот қадрли бўлиб қолдими, галварс!

— Тўғри айтяпсан, нафақат комсомол мукофоти, ундан каттароғи ҳам эҳтимол арзимас, аммо…

— Ҳай-ҳай, бола, ўзингни бос! — деб Асқар орқасига ўгирилиб мени кўриб қолди. Бош чайқаганча ёнимга келиб сўрашгач: эшикни очиб биров қарадими? — деб сўради паст товушда.

— Ҳа, қаради, — дедим.

— Ким?

“Абдулла Орипов қаради”, деган маънода шоирнинг шеъридаги бир сўзни айтдим.

Асқар лабини тишлаб бош чайқади ва бояги йигитга қараб, кўрсаткич бармоғини лабига босади. Нотаниш йигит ҳовуридан тушиб мен томон келади-да: “Яхшимисиз?” деб сўрашгач, яна изига қайтади. Асқар “Мен ҳозир келаман”, деб, нотаниш йигитни лифт томонга бошлаб кетади. Чорак соатдан сўнг қайтиб келиб, мени ҳужрасига бошлаб киради. Ичкарида Абдулла Орипов қандайдир қўлёзмани таҳрир қилиб ўтирган экан. Сўрашдик. Сўнг ишини якунлаб ўрнидан турди:

— Асқаржон, мен Ғафур Ғулом нашриётига бориб келаман,   — деди. — Анави дўстингиз доҳиймиз шаънига ҳар хил гапларни эҳтиёт бўлиб айтсин, ўзига қийин бўлади.

Шоирнинг қадам товушлари узоқлашгач:

— У тўғри айтяпти, бу ердаги гап-сўзларни керакли ташкилот вакиллари эшитиб ўтиришар эмиш, — деди Асқар. Кулиб юбордим:

— Нима бало, ўша ташкилотларнинг бош­­қа иши йўқмикан?

— Уларнинг асосий иши одамларнинг оғзини пойлашдан иборат экан-да! Абдулла ака бир нарсани билмаса гапирмайди.

— Э-э! — деб қўл силтадим. — Қўрқоқнинг кўзига ҳамма нарса қўшалоқ кўринади, ошна!

Асқар кулиб қўйди. Сўнг: бояги йигитни танидингизми? — деди менга чой узата туриб. Танимаганимни айтдим.

— Шеркон Қодирий. Бобоси номидаги маданият институтида дарс беради. Ҳаваскор талабалар билан бир пьесани саҳналаштирибди. Ўша спектакль республика мукофотига тавсия этилибди. Мен унга “Номзодингни олиб ташлагин, уят бўлади”, десам, жавобини эшитдингиз.

Хуллас, Шеркон билан ўшанда оёқ устида танишганман: у менда ялтироқ таассурот қолдирган. Ўша комсомол мукофотини олган-олмаганини аниқ билмайман. Менимча, Шеркон жўрттага Асқар Маҳкамнинг жиғига тегиш учун ўзини мукофотпараст этиб кўрсатган эди. Уларнинг муносабатидан бир-бирига синашта бўлиб қолган дўстлар эканини англаганман.

Ўн-ўн беш йил олдин Шеркон Қодирий “37-хонадон” номли ихчамгина бўлса-да, эсда қоладиган китобини нашр эттирганди. У ҳақда тақриз ёзиб, ўзим таниш-билишларга совға қилиб юрган эдим. Кейин яна китоби чиққанми-йўқми, билмайман. Агар тирикчилик қўлини боғлаб қўймаса, у албатта, келажакка қоладиган умр китоби ёзишга қодир эканини яхши билганман. Бироқ ўзи бошқача йўл тутди:

“Дадам вафотларидан сўнг (1989 йил — муаллиф) бироз қалам тебратишга тўғри келди. Яъни матбуотдагилар: “Бобонгиз ҳақидаги хотиралардан олиб келинг”, дейишгач, ўзим тўплаган эсдаликларни олиб бориб турардим.

Бир куни устозларимиздан Неъмат Аминов ҳузурларига чорлаб:

— Ёзаётганларингизни ўқидим. Яхши. Бироқ бир маслаҳат бор, дедилар. —Сизга жуда қийин. Йўлингизда икки катта тоғ бор. Бири бобонгиз, иккинчиси дадангиз. Агар шу икки тоққа яқинлашсангиз, ёзинг. Одамлар ўқиб: “Шундай яхши нарса ёзибди-я!” дейишсин. Бўлмаса…

Устознинг маслаҳатларини тўғри қабул қилиб, ёзишни буткул ташлаб юбордим. Чунки каминада ёзувчиликка даъво йўқ эди. Орадан деярли йигирма йилча вақт ўтди. Устоз Тоҳир Маликни тушимда кўрдим: “Ёзсангиз-чи”, деди. Уйғониб кетдим. Анча кунгача шу туш хаёли билан юрдим ва ахири қўлимга қалам олдим. Дастлабки хотирани ёзиб, Тоҳир аканинг олдига бордим. Бўлган воқеани айтиб бердим.

— Шуни бир ўқиб кўринг. Ёзувчиликка даъвоим йўқ. Маъқул бўлса, айтарсиз.

У киши ёзганимни дарров ўқиб чиқиб:

— Бўлади, — дедилар жиддийликка олиб. — Энди бу ёққа ўтиринг, — деб қаршисига ўтқазди. — Ўйлаб кўринг, сиз кимнинг авлодисиз? Ҳабибулла акадан қолган ёзувларни бир кўздан кечиринг. Неъмат ака таъкидлаганларидек, яхши ёзишга ҳаракат қилинг.

Ана шундан сўнг ижодий фаолиятимни қайта бошладим”.

Ёзадиган одамга бирорта бекорчихўжа устоз қўлидан ушлаб ўтириб яхши ёзишни ўргатиб қўярмиди? Ёзувчи ёзишни ёзиш жараёнида ўрганади. Яхши ёзишнинг бошқа йўли йўқ.

Биз устоз Шукур Холмирзаев билан Дўрмондаги ёзувчилар Ижод боғи меҳмонхонасида беш-олти йил бақамти яшадик: у киши иккинчи қаватда 21-хонада, мен эса учинчи қаватда 46-хонада. Олдиндан келишиб олгандик, биз фақат ошхонада дастурхон устида кўришамиз, бошқа пайтларда бир-биримизнинг хонамизга кириб бошимизни оғритмаймиз. Келишув биз учун қонун бўлиб қолди.

1995 йили “Шарқ юлдузи” журналида “Гулзамира” деган қиссам эълон қилинди. Шукур ака қиссани ўқиб жуда хурсанд бўлди, роса мақтади. Оқшом чоғи боғ айланиб юрганимизда:

— Нега менга қўлёзмангизни кўрсатиб олмадингиз? — деб ўпкаланди.

— Нега кўрсатишим керак эди? — дедим ҳайрон бўлиб.

— Фойдали маслаҳат беришим мумкин эди-да!

Ажабо, нима учун ёзувчи кимнингдир маслаҳати бўйича асар ёзиши ёки ёзмаслиги керак экан? Бунақа нарса қачон пайдо бўлган ўзи?

Дарвоқе, назм жабҳасида от ўйнатиб юрган битта шоввоз ўткан йили дабдурстдан: “Нега сиз шу йигитнинг асарларини ўқиб маслаҳат бермаяпсиз?”, — деб мени сўроққа тутиб қолди. Шогирдим ҳам ёнимда турганди. Бир гуруҳ гувоҳлар қандай жавоб беришимни кутиб турарди. Гапни айлантириб кетдим. Қаранг, адабиёт оламида қозилик қиладиган   нусхалар ҳамиша бор-да.

Шеркон Қодирий “Тоҳир Малик” хотира китобини жонли воқеа баёнидан бошлаган экан: “Устоз Тоҳир Малик вафотларининг иккинчи куни биродаримиз Фурқат Яквалхўжаев менга:

— Шеркон ака, сизга бир юмуш бор, — деб қолди.

— Қандай юмуш? — Ҳайрон бўлиб сўрадим.

— Тоҳир ака ҳақида хотира тўплаш керак. Сиз у кишининг энг яқин укаларидан бири эдингиз, — деди у.

Тўғриси, аввалига ўйланиб, “Буни қандай уддалар эканман?” — деб, юрагим дов бермади. Чунки бу иш анча масъулият талаб этарди.

— Ўйлаб кўрай-чи, — дедим, ваъда бериб қўймасдан.

Ўша кундан эътиборан тинчим бузилди…”

Хуллас, Шеркон Қодирий “Тоҳир Малик” хотира китобини манзур тайёрлабди. Бош­дан оёқ ўқиб чиқиб, кўп ва хўп таъсирландим. Лекин… “Yangi kitob” нашриёти китоб саҳифаларини фақат енгил-елпи елимлаб, босмахонасидан чиқариб юборибди; китобни ўқиб чиққунимча варақлари тўзғиб кетди. Аммо айтганимдай, малакали қалам соҳиби томонидан ширали тилда ёзилган. Мутолаадан сўнг устоз Тоҳир Маликнинг инсоний қиё­фаси яққол кўз олдингизда гавдаланиб туради.

“Дўлвор йигит” китоби тўғрисида эса алоҳида тўхталиб ўтирмадим. Унда Абдулла Қодирий армонлари, ҳаётий меъзонлари ва умуман Қодирий хонадонига тегишли сир-асрор қалб кўзгусида ўз аксини топган. Фақат Шерконнинг битта гапи изоҳга муҳтож туюлди. Муаллиф: “Раҳматли дадамиз Ҳабибулло Қодирийни “халқ душманининг ўғли” деган туҳмат билан қамашган эди”, деб ёзади. Бу гап “туҳмат” эмас-ку! Ростдан ҳам Абдулла Қодирий 1937-38 йилларда расман “халқ душмани” деб эълон қилинган эди, Ҳабибулло Қодирий эса ростан ҳам “халқ душманининг ўғли” эди. Қаттол давлатнинг қаттол сиёсати босими остида қанча-қанча суяги қотмаган, паҳлавон фарзанд­лар “халқ душмани” деб ёмонотлиқ қилинган оталаридан баъзан матбуотда ёзма равишда, баъзан улкан издиҳомда оғзаки равишда воз кечиб юборган. Отаўғил Ҳабибулло Қодирий эса “халқ душмани” тамғаси босилган отасидан воз кечишни хаёлига ҳам келтирмайди, бошини баланд кўтариб қамалиб кетади.

Шерконнинг “Дўлвор йигит” китоби ҳам аввал чоп этилган “37-хонадон”, “Ўтганлар ёди” китоб­лари каби китобхонни ўйлашга ўргатади, мустақил фикрлашга даъват этади. Шеркон яна камида 500 саҳифали салмоқли умр китобини яратишга етарли бол тўплаб олибди.

Бу ёғи энди ўзингизга боғлиқ, Шеркон! Қўлингиз дард кўрмасин!

Набижон БОҚИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + ten =