Мен ҳақдаги биринчи латифа

Бир неча кунлар аввал мен икки машҳур инсон ҳақида жуда ҳайратомуз латифа ўқиб қолдим ва қўрқувга туша бошладим. Бу латифаларнинг биринчиси таниқли генерал Драгомиров ҳақида бўлиб, шундай мазмунда эди:

“Ҳаммамизга маълумки, таниқли ва жонкуяр генерал Драгомиров ўзининг топқирлиги, донолиги билан бошқа генераллардан ажралиб турарди. Бир сафар бир одам ундан:

— Агар эрта ё индин турклар чегарани кесиб ўтгани, ёғий қўшинлари Киев яқинида эканидан хабар топсангиз нима қилган бўлардингиз? — дея сўрайди.

Драгомиров бироз сукунатга чўмганидан кейин бармоғидаги катта олмоскўз узугини чиқаради ва дўс­тига узатади:

— Мана шу узукни оёғингизнинг бирор бармоғига тақинг!

— Ахир бунинг иложи йўқ-ку, ўртоқ генерал… — дейди нима қиларини билмай қолган ҳалиги одам.

— Ана, кўрдингизми, туркларнинг Россияга ҳужум қилолмаслигининг сабаби ҳам худди шундай. Ҳар кимнинг ўз ўрни бор, тўғрими? — дея жавоб қайтарди доно генерал.

Бу жавоб турклар орасида уни ёқтирмас қатламнинг, душманларининг ортишига сабаб бўлади. Унинг душманларини исмма-исм санасак, кўзингиз чаноғидан чиқиб кетса ажабмас”.

Иккинчи латифа эса бундай мазмунда:

“Марҳум шоир Минаев ўзининг ажойиб шеър ўқиш қобилияти, истеъдоди ҳамда ўзига тўқ яшаши билан бошқа шоирлардан ажралиб турарди.

— Мана унинг бизга саховат ила қилган ишларидан бири, — деди бир одам таниқли темир йўл қурувчиси М.нинг дафн маросимида, — у ночор оилаларга ҳамиша ёрдам берган, бугунги маъраканинг харажатларини ҳам шоир кўтарган”.

Яна бир сафар эса ҳазилни яхши кўрадиган ва замон билан ҳамнафас яшайдиган Достоевскийнинг дўсти актёр Б.га шундай шеър ёзган экан:

Оҳ, одамизот!

Сен нақадар шунчалар ахмоқ,

Жасадинг қаршимизда турар бугун, оҳ.

Энди, дам ол! Дўстим, токи у саҳар,

Ичингни меҳрибон қуртлар

Еб-битиргунга қадар.

Машҳур шоирнинг бу шеъри унга душманлик қилувчи мухлисларнинг ортишига сабаб бўлганди.”

 

* * *

Юқорида шу икки латифани қўрқув ичида ўқиганимни қайд этдим. Чиндан ҳам, бу латифаларнинг биронтаси ҳақиқатга яқинмаслиги, ёлғонлигини бир ўйлаб кўринг-а. Гапим тўғрими, тўғри албатта. Бундан манфаат нима: “таниқли марҳумлар” борасидаги ҳангомалар китобининг қўлма-қўл ўқилиши учунми?

Мен бу маъно-матраси йўқ латифаларни ўқирканман, ўзимнинг, ўлимимдан кейинги тақдирим ҳақида лаҳзага бўлса-да ўй сурдим. Чунки, яқиндагина чоп қилинган газеталардан бирида илк марта, мен ҳеч ёқтирмайдиган бир сўзнинг исмимга қўшиб ёзилганини кўрдим: “Машҳур Аркадий…”.

Жуда ғалати сўз ва жуда ёқимсиз ҳам. Одамнинг ғаши келади очиғини айтсам. Аммо нима қилай, нима бўлганида ҳам мен “машҳурман”, бошқа манзилим йўқ. Мен аслида табиатан жуда камтарин, камсуқум одамман, бу ҳақда эса шу пайтгача бирон марта бош қотирмагандим. Бироқ аниқ биламан, юқоридаги икки одамнинг салоҳияти ҳам, одамийлиги ҳам мендан кам эмасди. Бироқ оламдан ўтишганидан сўнг бошига қандай қисмат тушди. Ҳаммаси аён-ку сизларга, дўстларим.

Шундан кейин бу сўзнинг одам елкасига ортадиган масъулияти ҳақида англаб етдим.

Келинг, мен ҳақимда нима истасангиз ёзинг. Истаган пайтингиз нашр қилинг, қаршилигим йўқ. Йўқ, ундан аввал, яхшиси, ҳамма одамдай овқатланинг, сув ичинг, ухланг, йўлда сайр қилинг, кимнидир итариб юборинг, турли можароларга аралашинг. Сизнинг фик­рингизча, йўлда кетаётганингизда шундай можаролардан бирига дуч келиб қолсангиз, албатта ҳал қила оласиз. Сизнингча, унда қатнашмоқ ва ожиз тарафни ҳимоя қилмоқ сизнинг вазифангиз. Сўнг­­ра машҳурликка эришасиз.

Энди-чи? Энди эса “таниқли” бир одам сифатида тепадаги ишларни бир бажариб кўрингчи. Овқатланаётганингизда ҳамма оғзингизга қарайди, катта тиш­лаб егингиз келади-ю лекин тишлолмайсиз, кичик бир тишлам сизнинг насибангиз, чунки катта тиш­лаб есангиз хунук кўринади. Ҳаттоки суякларни буткул ютишга ҳам мажбур бўласиз ҳафталаб овқатланмаган кўча дайдиси каби, бўғилиб-бўғилиб бўлса-да бу ишни уддалайсиз, ҳар доимгидек тарелка четига суяк қолдиқларини тупуриб юборолмайсиз. Чунки ёнингизда сизни мароқ билан кузатаётганлар дарров гап-сўз қилади: “Анави таниқли палончиев палончи (маданиятсиз) экан, (очкўз) экан”.

Эндиликда кўчадаги бирор урушга аралашолмайсиз. Аралашдингизми, тамом. Номингиз одамлар хотирига муҳрланади: жанжалкаш, урушвоз… (Эҳтимол, машҳур палончиев палончи ўша пайт маст бўлгандир… Мана сизга маданиятли одамнинг иши… Ахир таниқлиларнинг бирортаси урушмаган, Добролюбов, Белинский ва Писаревлар жанжаллашишмаган”).

Шунинг учун ҳам эҳтимол ҳозир аслида “кал­такланиши” керак бўлган одамлар бежазо қолмоқда, ҳаёт қонунлари бузилиб, орамизда ярамас одамлар сафи урчиб бормоқда.

Қисматимнинг энг катта фожиаси, бу — асфаласофинга жўнаганимдан кейинги ақл-идроким, топқирлигим ҳақидаги газеталар ёритадиган латифалардан бири, мана. Тасаввур қилинг, у тахминан шундай бўлади:

“Таниқли (бошқаларда қўлланилган экан, демак мен ҳам қўшсам бўлади) ёзувчи Аркадий Аверченко ўзининг донолиги ва иқтидори билан бошқа ёзувчилардан ажралиб турарди. Бир сафар бир таниши ундан:

— Сизнингча, ким баланд — Шекспирми ёки Гёте? — дея сўрайди.

— Менинг шахсий тикувчим Кубакин, — деб жавоб қайтаради зийрак ёзувчи.

— Ия, нима учун? — сўрайди ҳалиги одам.

— Чунки, — жилмаяди ёзувчи, — унинг бўйи уч метрдан ошиқ.

Бу жавоби билан ёзувчи кўплаб адабиёт буюклари орасида ўзига душман топди.”

* * *

Табиийки, ҳеч биримиз бундай “латифа”лардан ҳоли эмасмиз, аммо уларни иложи борича камайтиришга уриндим ва мен ҳақимда келажакда ёзилиши керак бўлган барча латифаларни ўзим ёзишга қарор қилдим.

Биринчи навбатда, шундан бошласам. Бу воқеа тахминимча бир ойлар олдин содир бўлганди.

Марҳум ёзувчи Аркадий Аверченконинг хотира дафтаридан:

“Марҳум ёзувчи Аверченко, кўпчилигимизга маълумки, бегона одамлар билан ҳазиллашишга мойил бўлган. Бу одат уни кўпчилик ёқтирмаслигига олиб келган. Биз қуйида айтмоқчи бўлган воқеанинг рост эканини адибнинг кўплаб дўстлари тасдиқлашлари мумкин.

Кунларнинг бирида, қор кўчкилари поезднинг олдини тўсиб қўйганлиги сабабли кўплаб одамлар ва ёзувчи Аркадий кетаётган поезд ярим йўлда қолади. Ёзувчи тезроқ бу муаммони ҳал қилиш кераклигини, агар тезроқ бу ердан кетиш тараддудини кўришмаса яна бир кундан кейин оч қолишлари ҳақида шикоят қилади. Шу пайт айни хонада ўтирган одамлардан бири Аверченкони масхара қилади:

— Келинглар яхшиси, эртага ҳаммамиз қуръа ташлаймиз, ким ютқазса, ўша одамни еймиз… Сиз шу фикрга нима дейсиз Аркадий Тимофеевич, мабодо сиз ютқазсангизу, биз сизни еб қўйсак нима қиласиз?

— Нимаям қилардим, майли дейман. Қолганларнику билмадим, лекин сизнинг менинг гўштимга тишингиз ўтмаса керагов… — жавоб қайтаради марҳум ёзувчи.”

Айтмоқчи бўлганим шуки, бу вазиятда бошқача жавобимдан мен аҳмоққа ўхшаб кўриниб қолишим эҳтимоли катта эди. Балки, ўша пайтда бу жавобнинг остидаги гапни ҳеч ким тушунмагандир, аммо мана йиллар ўтиб, уни шарҳловчилар топилди.

Азиз ўқувчим! Бу айни пайтгача бўлган мен ҳақимдаги ягона латифадир. Сизга ҳазил ёқадими ёки йўқ, билмайман. Бироқ бу латифа юз фоиз ҳақиқатлигига кафолат бераман. Ахир таниқли генерал Дагомиров ва машҳур шоир Минаев сингари донишманд одамларга қараганда сал эҳтиёткорроқ бўлмоқ фойдали деб ўйлайман.

Рус тилидан

Раҳмат Бобожон таржимаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − eight =