Пародиялар

ТОРТИНИШ

Не-не санамларга дуч келганда ҳам,

Ўтиб бормоқдаман севаман демай.

                                                  ЭРНАЗАРнинг

                        “Севаман демай” шеъридан.

 

Ановиси кўзин қисди,

Мановиси лабин бурди.

Оғзин очиб турган шоир

Тасодифан барин кўрди.

 

Битта санам қошин қоқди,

Биттаси-чи бежо боқди.

Не бўлса ҳам   бундай — ҳолат

Эр Назарга   жуда ёқди.

 

Уялдими, тортиндими,

Айтишмади   беваман деб.

Шу боис ҳам шоир акам

Айтолмади   севаман деб.

 

 

МЕНДА ВА СЕНДА

Менда ҳаловат йўқ, сенда саодат,

Менда фароғат йўқ, сенда фаросат.

Баҳром ҒОЙИБнинг

“Ғаним ғанимат” шеъридан.

 

Менда қалпоқ йўқ, сенда рўмол,

Менда соч ҳам йўқ, сенда соқол.

Менда қучоқ йўқ, сенда қўлтиқ,

Менда суяк йўқ, сенда қилтиқ.

Менда ияк йўқ, сенда тиртиқ,

Менда ямоқ йўқ, сенда йиртиқ.

Менда пичоқ йўқ, сенда милтиқ,

Менда эшик йўқ, сенда тешик.

Менда тарвуз йўқ, сенда қовун,

Менда шампунь йўқ, сенда совун.

Менда қўшиқ йўқ, сенда рубоб,

Менда булбул йўқ, сенда асбоб.

Менда йўқ ёзишга иштиёқ,

Сенда йўқ ўқишга эҳтиёж.

 

ШЕЪРНИНГ  ТУҒИЛИШИ

Куйлар бақироқ хўроз

Қу-қу.

Мусичалар жўровоз

Ку-ку.

                      Дилшод РАЖАБнинг,

    “Таниш товушлар” шеъридан.

 

Дарвозага тош отиб кўр,

Тақ этади.

Ёнғоқни ёнғоққа ур,

Шақ этади.

Йигит қиз-ла ўпишса,

Чўлп этади.

Дилшод РАЖАБ эшитса,

Шеър битади.

 

 

САБРНИ КЎРИНГ!

Йўл боқиб сарғайиб юзларим,

Кутяпман, мен сени кутяпман.

                    Комила ҲИЛОЛнинг

                 “Кутяпман” шеъридан.

 

Дўқласанг ҳам кутяпман,

Ухласанг ҳам кутяпман.

Қорангни кўрсатмайсан,

Тупигимни ютаяпман.

У ёқ, бу ёқ юраман,

Қачон сени кўраман

Ўз-ўзимга гапириб,

Жиннидайин куламан.

Хаёлимни бўламан,

Шартта юзга ураман.

Чарчамам кутавериб,

Хўп, майлига, ўламан.

Истасаям кутяпман,

Қистасаям кутяпман.

 

КЕЧИРИШ

Мен сени кечирдим, тонггача йиғлаб

Қизарган нигоҳлар ҳаққи-ҳурмати.

                              Шаҳриёр ШАВКАТнинг

                                      “Бегуноҳ” шеъридан.

 

Мен сени кечирдим, узилмади-ю,

Чўзилган қулоғим ҳаққи-ҳурмати.

Мени сени кечирдим, шу синмади-ю,

Лат еган оёғим ҳаққи-ҳурмати.

Мен сени кечирдим, бузулмади-ю,

Қизарган башарам ҳаққи-ҳурмати.

Мен сени кечирдим, яхши бойланган

Лек қон оққан ярам ҳаққи-ҳурмати.

Мен сени кечирдим, яхшиям онанг,

Мени кўрмагани ҳаққи-ҳурмати.

Мен сени кечирдим, ушлаб об отанг,

Муштлаб урмагани ҳаққи-ҳурмати.

Мен сени кечирдим, учрашув менга

Жуда ёққанлиги ҳаққи-ҳурмати.

Мен сени кечирдим, уйда хотиним

Ухлаб ётганлиги ҳаққи-ҳурмати…

 

МУНЧА АРЗОН СЕВАСИЗ…

Мунча оз севасиз, ёмон севасиз,

Мунча оз севасиз, ёлғон севасиз.

                         Санобар МЕҲМОНнинг

                             “Севасиз…” шеъридан.

 

Мунча кам севасиз, омон севасиз,

Мунча кам севасиз, ҳамон севасиз.

Аллақачон мен тушиниб бўлганман,

Ҳамиша манфаат томон севасиз.

 

Мунча сал севасиз, осон севасиз,

Мунча сал севасиз, сарсон севасиз.

Ҳаммани-ку севиб бўлдингиз ростан,

Мени, айтинг, ўзи қачон севасиз?!

 

Мунча оз севасиз, чўчиб севасиз,

Мунча оз севасиз, чекиб севасиз.

Мартишка дегани дугона менга,

Айтинг, мени қачон ичиб   севасиз?

 

Мунча оз севасиз, ёмон севасиз,

Мунча оз севасиз, ёлғон севасиз.

Чет элларда кўп бўлганман ахир,

Нега мени мунча арзон севасиз?!

 

МЕНИ ДЕРМИДИНГ?!

                 Бир кун ғариб қолсам мен гулим,

Чўнтагимда қолмай бир пулим,

Юзларингни бурмай шунда ҳам

Севармидинг мени севгилим?

Хуршид КАРИМнинг

                             “Севармидинг мени?” шеъридан.

 

Пешонам иккига бўлинса,

Кўзимга ажина кўринса,

Камина бир ўлиб тирилса,

Айтгил, жоним, мени дермидинг?!

 

Бошим бўлса худди тухумдай,

Қорним бўлса гўёки хумдай,

Овқат ейиш сендан муҳимдай,

Айтгил, жоним, мени дермидинг?!

 

Оқиб турса суви бурнимдан,

Зўрға турсам мен-чи ўрнимдан,

Гаплар отсам мен чин кўнглимдан,

Айтгил, жоним, мени дермидинг?!

 

АФГОР БЎЛАЁТГАН ШЕЪР

Тақдирда шундай бир бозор бўлсайди,

Соғинч ҳиссиётин сотиб оламан.

                          Гулноза ЖЎРАЕВАнинг шеъридан.

 

Менга катта бурун бозори керак,

Атрофимда кўтарилган бурунлар.

Ҳоким бува асло солмайди қулоқ,

Яратмоқчи эдим-да иш ўринлар!

Менга катта қулоқ бозори лозим,

Ҳоким бува эшитмас ҳеч гапларим.

Камбағалга берар эдим лавозим,

Унча оғир эмас менинг шартларим.

Менга катта ишқнинг бозори даркор,

Анча ҳиссиётни сотиб оламан.

Севги дея қанча сўз қилган афгор,

Барча “шиғирлар”ни тортиб оламан!

 

                                                    Абдураззоқ Обрўй

 

Муаллиф ҳақида:

Абдураззоқ Обрўй — таниқли ҳажвчи, шоир ва журналист. У 1956 йили Пастдарғом туманида туғилган. 1985 йилда Москва давлат университетининг журналистика факультетини битирган. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, “Муштум” журнали, “Ватанпарвар” газетаси таҳририятларида хизмат қилган. Нафақадаги подполковник. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони соҳиби. Унинг “Хўплам-тўплам”, “Ҳуринг-ҳиринг”, “Тухумнинг қудрати”, “Аёлнинг қулоғи”, “Рухсат беринг шеър ўқийман”, “Сен авайла, асра Ўзбекистонни” сингари китоблари нашр этилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − eight =