Пойтахтдан узоқда…

Ушбу йилнинг январида “Оҳангарон ҳаёти” газетаси ташкил этилганига 89 йил тўлди. Демак, салмоқли санага бир йил қолибди. Нима қилиш керак? Бош муҳаррир вазифасини бажарувчи Дилшода Аннаева раҳбарлигидаги жамоа кўпларнинг хаёлига келмаган шаклни топди.

Юбилейга бир йил қолганда таҳририятда узоқ йиллар ишлаган фахрийларнинг уйларига бориб, ёши улуғ ҳамкасбларни табриклашди. Аллақачон кексалик гаштини сураётган Нурали Абдурасулов, Турғунали Жуманов, Озод Хушназаров, Жўра Номозбоев, Тамара Лим, Абдубоис Омонбоев кутилмаган меҳмонлар ташрифидан, албатта, хурсанд бўлишди. Йиллар давомида қилинган меҳнатнинг мукофоти-да бу. Ана шу воқеа тўғрисида ижтимоий тармоқда пост қолдиришди. Ушбу каломнинг охирги хатбошида шундай битик мавжуд: “Баъзан туман газеталари республика нашрларига намуна бўла олишини шу воқеанинг ўзи англатгандай”. Ушбу мақоланинг ёзилишига ана шу сўзлар ҳам сабаб бўлди, десак ишонаверинг.

Туман ёки шаҳар газеталарига ҳам осон эмас. Айниқса, бугунги шароитда. Агар нашрнинг муассиси матбуотни қадр­ласа, унинг ҳаётдаги ўрнини тушунса, хўп-хўп. Акси бўлса-чи?

Газетанинг 89 йиллиги арафасида Оҳангарон туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев журналистларнинг ҳурматини жойига қўйди: мафкура жангчиларини самимий табриклади. Газетанинг яна бир муассиси — Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги бу ишни қилмади. Ижтимоий тармоқдаги постда “Энди навбат — шаҳар ҳокимлигига”, деб киноя қилишди.

Умуман, “Оҳангарон ҳаёти” газетасининг бугунги мухлислари ҳар бир соннинг чиқишини байрамдек кутиб олишади. Бу гапда муболаға йўқ. Ўтган йили муттасил 3615 нусхадан чоп этилган газетанинг навбатдаги сони қўлимизда: биринчи саҳифада кўнгилга ёқиб тушадиган ранг­­ли расм, жажжи қизалоқ анорзор фонида чиройли мевани қўлида ушлаб турибди. Гўё мева қўлида мева. Сарлавҳа: “Обод юртнинг меваси тотли…” Тагсарлавҳани ўқиймиз: “…болаликнинг меваси тотли. Ёруғ келажак сари дадил қадам ташлаётган ҳар бир инсоннинг чеҳраси нурлидир. Осойишта заминда улғаяётган фарзандларнинг мақсадлари ҳам буюкдир”. Буларни ўқиган газетхон кўнглида эзгу туйғулар жўш уриши табиий.

Ҳаммамиз ҳам газетхонларни обуна бўлишга тарғиб этувчи сўзлар ёзганмиз. “Оҳангарон ҳаёти”да эса бу мавзу шундай ифода этилибди: “Эй сиз, газета варақлаётган қадр­доним, кейинги йилга обуна бошланганидан хабарингиз борми? Агар ҳалиям росмана сўз, таҳлилга бой мақола шайдоси бўлсангиз, “Оҳангарон ҳаёти”га обуна бўлиб қў­йинг. Тополмай қолсангиз, айб бизданмас, айтиб қўяйлик”, деган сўзлар қанчалик расмийликдан холи, самимий. Шу сонда ҳокимликлар шаҳар ва қишлоққа бўлинганидан кейин туман марказсиз қолгани муаммоси кўтарилган. Энг муҳими, шу муаммо газета аралашуви туфайли ечимини топадиган бўлди. “Манзилига етказилмаган дарсликлар” мақоласида халқ таълимидаги оғриқли масала ёритилган. Охирги саҳифадаги мушоирада берилган шеърлар сарлавҳасини келтириб ўтамиз: “Она тилим”, “Онам ёпган ноннинг таъми”, “Ўзбекнинг дўпписи”, “Беш ташаббус”.

Яна бир ибратли жиҳат. Газетанинг ҳар сонида ўтган сондаги танқидий мақолаларга масъуллар қандай муносабат билдиришгани ҳақида алоҳида чиқиш қилинган. Аҳил жамоа ижодкорлари, ростдан ҳам, республикадаги ҳамкасбларидан ўзларини кам тутишмайди.

Ўз ишидан завқ-шавқ туйиб ишлаётган жамоалардан яна бири — Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида чоп этиладиган “Халқ минбари” газетаси ижодкорларидир. Қандай қилиб газетхонлар қалбига йўл топиш мумкин? Нав­батдаги сонлардан бирида ўқиймиз: “СИЗДА ЯНА БИР ИМКОНИЯТ. Сиз ўз муаллифлик мақолангизни газетада нашр қилдиришингиз мумкин” (Мақола талабга жавоб бериши, ўқишли бўлиши керак).

Бундан ташқари, таҳририят “Энг газетхон мактаб” танловини эълон қилган. Ишқилиб, бу ташаббусдан матбуотимизга ўгай кўз билан қараётган кишилар хабар топишмасин-да. 2020 йил якунига кўра, туман халқ таълими бўлимига қарашли 65-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби “Энг газетхон мактаб”, деб эълон қилинган. “Халқ минбари” ижодкорлари ушбу ўқув юртига бориб ғолибларни тақдирлаганда ҳамманинг юз-кўзида қувонч балқиди.

Мактаб жамоасига меҳр кўрсатиш, ўқитувчи обрўини юксакликка кўтариш бобида “Олмалиқ ҳақиқати” газетаси (бош муҳаррири Дилафрўз Рўзиева) ҳам ибратли ишлар қиляпти. 2366 нусхада чоп этилган газета ўтган йили Ўқитувчи ва мураббийлар кунига махсус сон бағиш­лади. Байрам сонининг барча саҳифаларида журналистиканинг кўплаб жанрларига мурожаат қилинган.

Вилоят газеталари ичида Самарқанддаги “Зарафшон” газетаси (бош муҳаррири Фармон Тошев) ушбу йилнинг март ойида 18.650 нусхада тарқаган бўлса, мавзу қамрови ҳам ранг-баранг. Айтайлик, 25 март сонида “Таълим: ҳуқуқ ва мажбурият” саҳифаси долзарб мавзуга бағишланган. Унда “Миллий тест тизими нима, бу йилги абитуриентларни қандай янгиликлар кутмоқда” деган сараламада илғор усулнинг беш қирраси кўрсатилган. “Зарафшон”нинг биринчи саҳифадаги шиори “Фидойилик — Ватанга хизмат демак” эканлигини таъкидлаб ўтамиз.

“Фарғона ҳақиқати” нашри (бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов) 11.048 нусхада чоп этилиши мақтовга сазоворлиги билан бирга кўпгина долзарб мавзулар жозибадор шаклда берилган. Хусусан, Қирғизистон Республикаси Норин вилоятидан келган делегация ташрифи “Бир дарахтнинг икки япроғи” сарлавҳасида ёритилган. Наврўз кунлари Маҳалла тизими ходимлари куни нишонланди. Аксарият газеталар Президент табригидан бошқа материал беришолмади. “Фарғона ҳақиқати” эса “Жамиятимизнинг кўзи ва виж­дони” сарлавҳаси остида махсус мақола тақдим этди.

Навоий вилоятида чиқадиган “Дўстлик байроғи” газетаси (бош муҳаррири Бектемир Пирнафасов) таҳририят мухбири Нигора Рўзиеванинг “Халқ билан ҳамнафас бўлиш — бугуннинг талаби” мақоласи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраевнинг “Исларингдан айланай, шувоқ” эссесида Ватан туйғуси, замин меҳри бебаҳо эканлиги мадҳ этилади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги оммавий ахборот воситаларида кенг нишонланди. Назаримизда, мазкур мавзу “Қашқадарё” вилоят газетаси (бош муҳаррири Камолиддин Каримов)дан ўтадигани бўлмади. Ушбу нашр ижодкорлари бутун сонни (8 бетлик) ҳамюрт шоир таваллудига бағиш­лашди. Унда шеъриятимиз фахри ҳақида эсдалик­лар, А.Орипов номидаги мактаб ўқувчилари ижодидан намуналар, “Эверест ва уммон” китобининг яратилиш тарихи, сенатор Абдураҳим Эркаевнинг ўйлари, мамлакатимиздаги таниқли ижодкорларнинг “Замондошлар эътирофи” каби бир-биридан мароқли мақолалар берилган.

Газетани қўлга олганингизда унинг ҳар саҳифасида нимадир ўқийдиган материал бўлса, Сурхондарё вилояти, Термиз тумани “Жануб қуёши” газетасининг 15 март сони ана шу талабга мос тайёрланган. Унда филология фанлари номзоди Шайдулло Муродовнинг “Улуғ муддао солдингиз бошима” – (“Ҳайрат-ул аброр” достонининг айрим мақолатлари хусусида), Жалолиддин Румийдан Генрих Гейнегача “Етти ҳикмат” айтимлари, туман бош имом хатиби Я.Очиловнинг “Онага яхшилик қилиш ибодат саналади” мақоласи, яна бир муаллифнинг “Нафс” ҳикояси газетхонни ўзига тортади.

Ўтган йили 3 минг нусхада тарқаган “Қумқўрғон садоси” (бош муҳаррири Райҳон Менгзияева) газетаси маҳаллий янгиликларнинг асл замини ҳақида қизиқарли мақолалар эълон қилган. Ўқувчилар илҳомига алоҳида тахлам берилганини олқишлаш керак. Фақат эндиликда қуруқ рақамларда номланадиган мактабларни 51-сон мактаби эмас, 51-мактаб шаклида ифодаласа тўғри бўларди. Ахир 51-деганининг ўзи сон.

Бухоро вилоятидаги “Маънавият сарчашмаси” МЧЖ муассис бўлган шу номдаги газета ижодкорларининг изланишлари ҳам диққатга сазовор. Саккиз саҳифадан иборат газетанинг асосий қисми рангли безатилган. Ушбу нашрнинг дизайнидан ҳар қанча ўрганса арзийди.

Бу йил ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг 580 йиллигини нишонладик. Бу мавзуда Тошкент вилоятида чиқадиган “Қибрай садоси” (бош муҳаррири Гулнора Аҳмедова) газетаси алоҳида намуна бўлган дейиш мумкин. Шу сонда газета мухбири Юсуф Мирюсуфзоданинг “Ковул — оёғимиз остидаги хазина” саҳифаси газетхонни жалб этади. Бу нашрда баъзи газеталарда учрайдиган қусур — майда ҳарфларни зичлаштириб беришга йўл қўйилмаган. Дид билан безатилган саҳифалар равон ўқилади. Худди шундай намунани “Пскент ҳаёти” газетасида ҳам кузатиш мумкин.

“Ургут садоси” (бош муҳаррири Фируз Ибрагимов) газетаси ҳам ўз саҳифаларида жозибадор мақолалар, бадиий ижод намуналарини беришга интилмоқда. Тўртинчи саҳифада “Ҳаёт манзаралари” сарлавҳасида материаллар жой олган. Жасур Мадаминов, Дилрабо Зияева, Ҳусниддин Фаёзов ва бошқа муаллифларнинг битиклари газета ранг-баранглигини таъминлаган.

Илгари “Жиззах овози” газетаси Жиззах шаҳри ва тумани нашри эди. Иқтисодий танглик сабаб бу нашр 2020 йилда тўхтаб қолди. 2021 йилдан бошлаб Жиззах шаҳар ҳокимлиги муассис бўлгач “Жиззах овози” яна чиқа бош­лади. Унга Саид Донишев раҳбарлик қилаяпти. Йилнинг илк чорагида “Жиззах овози” сонлари билан танишсак, жамоада изланиш ва интилиш борлиги кўринмоқда. Фақат даврий нашрсиз қолган Шароф Рашидов туманининг ҳоли не кечаркин, билмадик.

Моддий инқироз туфайли тўхтаб қолган “Тошкент оқшоми” “Вечерный Ташкент”нинг ҳоли барчага маълум. Айни пайтда пойтахтнинг бир тумани — Бектемир 2020 йилда ўз нашрига эга бўлганини ҳамма ҳам билмаса керак. Бу газета бир ойда икки марта чоп этилмоқда. Қўлимиздаги охирги сонда “Чашма”ликларга қувонч бағишлаган ободлик”, “Бектемирдаги кутубхона бойиди”, “Аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш — бирламчи вазифамиз” сарлавҳали мақолалар маҳаллабай ишлаш мавзуига қаратилган.

Айрим нашрлар газетани бир амаллаб тўлдирсак бўлди-да, деган ниятда қўл учида ишлашаётгани ҳам сир эмас. Лекин ўз вазифасига жиддий муносабатда бўлаётган фидойи ҳамкасбларимиз имкон қадар газетхон эътиборини ўзига жалб этиш учун интилишмоқда. Масалан, “Ko’zgu-press” МЧЖ муассис бўлган “Адолат кўзгуси” (бош муҳаррири Фарҳод Норматов) ҳафталик газета ҳисоб­ланади. Унинг бир сони 36 саҳифани ташкил этади. Бу ҳажм кундалик нашрлардан ҳам кўп эмасми? Таҳририятдан сўраганимизда “Биз ижодий рақобатда ортда қолмаслик учун шундай қиляпмиз”, деб изоҳ беришди. Энг муҳими, ушбу газета теша тегмаган, газетхон эътиборини ўзига тортувчи материаллар бериш йўлидан боряпти.

Анча-мунча нашрларни номлашда “Тонг” деган сўзни учратдик. “Фарғона тонги”, “Бешариқ тонги”, “Тошлоқ тонги”, “Қаровулбозор тонги” каби.   Биргина “Шер­обод оқшоми” деган атамада нега “оқшом” танланган экан, ажаб­ландик. Ахир оқшом деганда кечки нашрларга нисбат берилар эди-ку? Сурхондарёнинг Олтинсой туманида чиқадиган “Халқ ва ҳаёт” газетаси ижодкорлари ҳам қолип­ларни бузишга ҳаракат қиляпти. Лекин 4 февраль сонида 1-4-бетларда газета бош муҳаррирининг суратлари берилганини жуда “камтарона”лик дегимиз келди.

Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида адлия вазири Русланбек Давлетов 2016-2019 йиллар оралиғида китоб ва брошюралар бирлиги 600 тага, уларнинг тиражи 7 миллион нусхага камайганлигини айтди. Газета-журналлар йиллик тиражи шу муддатда қарийб икки бараварга қисқарган. Жуда ачинарли ҳолат.

Вазир босма ва электрон газета-журналлар ҳам зарур эҳтиёж моллари қатори истеъмол саватчаси таркибига киритиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этганди. Бу огоҳлик қўнғироғига кимдир эътибор қилармикан? Лекин ҳозирча ҳеч кимдан дарак йўқ…

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 1 =